Ихлоснинг маъноси ва Аллоҳга йўналганларга унинг зарурлиги (Ният ва ихлос)

21:50 06.07.2019 426

Ихлоснинг маъноси ва Аллоҳга йўналганларга унинг зарурлиги

Ихлос қалб амалларидан бири саналади. Балки у қалб амалларнинг бошида туради, чунки амалларнинг қабул бўлиши фақат у биландир.

Ихлос сўзидан кўзланган мақсад Аллоҳнинг розилигини амал ила ирода қилиш, ўша амални шахсий ва дунёвий мақсадлардан поклашдир. Амалга фақатгина Улуғ Аллоҳ ва охират учун киришишдир. Амални – хоҳ очиқ, хоҳ махфий бўлсин – нафсга яқин рағбатлар билан қўшиб юбормаслик зарур. Бу рағбатлар бойлик хоҳиши, шаҳват, мансаб, мол, шуҳрат, одамлар қалбидан жой олиш, уларнинг мақтови ёки мазаммат қилишларидан қочиш, омманинг розилиги, хосларнинг кўнглини топиш, яширин ҳиқд (гина)нинг олдини олиш, махфий ҳасадга ёки бўйсунилган кибрга жавобан, булардан бошқа иллатлар, ҳаволар ва ғаразлардан иборатдир. Ихлосга зид бўлган нарсаларнинг жамланмаси қуйидаги гапда айтилган: “Ким бўлмасин, нима бўлмасин, амал ила Улуғ Аллоҳдан бошқани ирода қилиш”.

Амалдаги ихлоснинг асоси – унда ниятни Улуғ Аллоҳга хос қилиш ҳисобланади.

Ният сўзидан мурод инсон иродасининг ўзи учун керакли бўлган мақсадга йўналишидир.

Ундовчи мақсад – бу инсоний иродани амалга киришишга ундовчи, ҳаракатлантирувчи нарса. Ундовчи мақсадлар кўп ва турли хилдир. Улардан моддий ва маънавийлари, шахсий ва ижтимоийлари, дунёвий ва ухровийлари, арзимас, ҳақийр ва катта хатарлилари бор. Шунингдек, улардан қорин ва жинс шаҳватига боғлиқлари, ақл ва руҳ лаззатига боғлиқлари, ман қилинганлари, мубоҳлари, мустаҳаблари ва вожиблари бор.

Ушбу ундовчилар инсоннинг ақийдаси, иймон келтирган қадриятлари, билганлари, фикрлари ва фаҳмлари доирасига киради. Бу нарсалар ўрганиш ёки тажриба орттириш ёки “очиқ-ойдин нарса”нинг таъсири остида (очиқ-ойдин нарса деб Аллоҳдан келган дин назарда тутилмоқда. Таржимон) ёки бошқаларга тақлид қилиш орқали пайдо бўлиб шаклланади.

 Ҳақиқий мўмин қалбида динга ундовчи мақсад ҳавога ундовчи мақсад устидан ғолиб келган, охиратга ундовчи нарсалар дунёга ундовчиларидан устун келган, Аллоҳ ҳузуридаги нарсани одамлар ҳузуридаги нарсалардан олий қўйган, нияти, сўзи, амалини Аллоҳ учун қилган, намози, ибодатлари, ҳаёти ва мамоти оламларнинг Роббиси Аллоҳ учун бўлган инсондир. Мана шу ихлосдир.


Шайх Юсуф Қарзовийнинг "Ният ва ихлос" китоби

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!