Ихтилоф ва ечим

09:30 01.08.2018 822

Яқин ўтмишимизда бўлган воқеа. Ислом оламида катта нуфузга эга олимлардан бири бир мамлакатга ташриф буюрди. Ташрифдан мурод мамлакат аҳолиси ўртасини сулҳ қилиш эди. Улар икки-уч тоифага бўлиниб олиб, қайсидир масалаларда тортишаётган эди. Олим улар билан гаплашса, ҳеч бири иккинчисига ён берадиган эмас. Аммо кўтарилган мавзу оддий масалалардан бўлиб, бирламчи муаммолардан ҳам эмас экан. Кўпни кўрган аллома уларга мурожаат қилибди: «Сизлар ҳамма масалаларда шунақа тафриқадамисизлар ёки ҳамфикр бўлган мавзуларинг ҳам борми?» Улар: «Йўқ, шу бир-иккита масалада келиша олмаяпмиз, 90 фоиз ҳамфикрмиз, ахир ҳаммамиз ҳам мусулмонмиз, динимиз, ватанимиз манфаати учун яшаяпмиз-ку», дейишибди. Олим саволда давом этибди: «Ҳаммаларингиз ҳам масжид-мадрасалар, мактаб-институтлар, завод-фабрикалар барпо этилишини истайсизларми?» Улар: «Ҳа, албатта», дейишибди. «Болаларга ёшликдан ҳар тарафлама пухта таълим беришга нима дейсизлар?», дебди олим. Улар: «Энг биринчи мақсадимиз шу ўзи», дейишибди. «Мамлакатни ички ва ташқи душманлардан асраш учун керакли чоралар кўришни зарур деб биласизларми?», деган саволига ҳам ҳаммалари ҳеч иккиланмай «Ҳа, бўлмасам-чи!» деган жавобни беришибди. «Шу юртда тинчлик-осудалик, тараққиёт бўлишини қай бирингиз истамайсиз?», деган саволни эшитганда барчалари ларзага келиб, «Ким ҳам уйи нотинч бўлишини истайди, тақсир?!» дейишибди. Олим шу зайлда халқ ва жамият учун долзарб бўлиб турган қатор муаммоларни санаб кетибди. Одамлар уларни ҳал қилиш зарурлигини бир овоздан қўллашда давом этибди. Шунда донишманд олим шундай дебди: «Биргаликда, ҳамфикрликда қиладиган шунча ишларинг бор экан, нега энди шу ихтилофли тўртта масалани ҳозир ўртага ташлаб олдиларинг? Нима, уларни айни пайтда ҳал қилмасаларинг, осмон узилиб ерга тушадими? Уларни ўз ҳолича қўйиб, бир овоздан маъқулланган мана бу зарур ишларингизни олдин қилиб олмайсизларми? Қасам ичиб айтаманки, агар шундай қилсаларингиз, анави ихтилофли масалалар ҳам ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетади. Ўшанда бир-бирингизни яхши тушунасиз, ўзаро англашувингиз ҳам осон бўлади».

Одамлар олимнинг гапини эшитиб, кўзлари мошдек очилиб, ўзларига келишибди. Дарров ярашиб, ўзаро ҳамфикр бўлган масалаларни ҳал қилишга киришишибди ва башорати берилганидек, ўртадаги муаммолар ҳам кўп ўтмай ўз-ўзидан баратарф бўлибди. Шундай қилиб, улар бир халқ бўлиб, тотувликка эришишибди ва мамлакат тараққиёт сари илдам юксалишга тушибди.

Бугун биз ҳам худди шу услубни қўллашга жуда муҳтожмиз десак, хато бўлмаса керак. Биз аввало аҳли илмлар, диндорлар ўртасида, қолаверса, бутун халқимиз миқёсида шу йўлни тутишимиз керак. Юрт учун бу жуда ҳам керак. Ҳозир бўлар-бўлмасга тортишиб, бор куч-қувват, ақлу идрокимизни ўзимизга қарши ишлатаверсак, ўзимизни ўзимиз емираверамиз. Мамлакат, дин, жамият ривожи учун бугун энг долзарб масалалар қайсилар – ишни ана шундан бошлаб, уларни биргаликда ҳал қилишни ўрганишимиз керак.

Қизларнинг мактаб формасини муҳокамага қўйишдан кўра уларнинг таълим-тарбиясини тўғрилаш ҳақида бош қотириш зарур эмасмиди? («Кийим муҳим эмас, тарбия муҳим», деяётганларнинг ўзлари бу борада намуна бўлсалар эди...) Дарсликларда нималар бериляпти, фанлар қандай ўргатилмоқда, таълим тизими, сифати бугунги кунга қанчалар жавоб беради, уни яхшилаш учун нималар қилиш даркор – шуларни ўйлаш керак эмасми? Ҳадеб ўқитувчиларни пул олганликда ёки яхши ўқитмасликда айблайвермай, уларнинг маоши етарлими, ахлоқи намуналими – мана шу тарафларни ҳал қилиш керак-ку!

Дин номидан сўз қотувчи айрим кишилар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек у ер-бу ердан чиққан битта-иккита сафсатабознинг тутуриқсиз гапини айлантириб, муҳокама қилиш ўрнига фарзандларимизнинг диний ва замонавий билимларда етук бўлиши учун, замонасининг пешқадам кишилари бўлиши учун нималар қилиш зарурлиги, бу борадаги камчиликлар ҳақида бош қотирса бўлмайдими?

Нима учун муҳаддис уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Ўзига фойдасиз нарсаларни тарк этиш киши Исломининг гўзаллигидандир», деган ҳадисларини Исломнинг мадори бўлган тўрт ҳадиснинг бири дея эътироф этишган? Шуни бир ўйлаб кўрайлик! Айниқса, бугунгидек юзлаб долзарб ишлар турганда ҳеч нимани ҳал қилмайдиган, умуман фойдасиз тортишувларга шўнғиш мусулмончиликка асло тўғри келмайди.

Айни кунларда баъзи кишиларимизнинг ижтимоий тармоқлардаги мунозара ва жанжаллари жуда ҳам аянчли. Айрим кишилар бир халқ, бир дин вакиллари бўла туриб, бир-иккита масалада ҳамфикр бўлмай, тортишиб қолса, оламга ўт қўйгудек бўлиб жанжаллашади, бир-бирини сўкиб, ҳақоратлаб, элга шарманда бўлади, ҳатто бир-бирига зулм қилади. Бир тарафда кимлардир ўзларига қарши фикр айтганларни болохонали қилиб сўкишга, қарғашгача борса, бошқа тарафда баъзи бир кимсалар рақибларини бепошна сўзлар билан ҳақоратлаб, уларга қамоқ ва қийноқлар билан, ҳатто ўлим билан таҳдид қилмоқда. Бир-бирини осонгина ватан хоинига чиқариш, тоифаларга ажратиш, куфрга нисбат бериш каби ҳолатлар ҳам керагича топилади. Биримизнинг бошига тушган балодан эса бошқаларимиз хурсанд. Шу бўлдими бизнинг етиб келган жойимиз? Шуми диндошлик, миллатдошлик? Бу билан биз нимага эришмоқчимиз? Ўз-ўзимизни ғажиб ётиб яна қандай тараққиётни орзу қиляпмиз? Наҳотки бир юрт фарзандлари бўла туриб келиша олмасак?

Энг ёмон ихтилофлардан бири оиладаги зиддиятдир. Фараз қилинг, ота билан бола бир-бири билан чиқишмайди, ҳали у, ҳали бу масала баҳонасида жанжаллашаверади, бир-бирига ишонмайди, бир-бирини қўлламайди. Ёки ака-укалар ҳамиша жиққамушт, ҳеч келиша олмайди. Шу ҳолатда оилада тинчлик ёки тараққиёт бўлиши мумкинми? Йўқ, асло мумкин эмас. Жамият ҳам шу, унинг вакиллари ҳам гўё бир оила аъзоларидир. Ўрталарида хилоф, зиддият бўлиши тинчликнинг, тараққиётнинг энг ашаддий кушандаси ҳисобланади. Шу боис, улар ҳамиша ўзаро ислоҳ йўлига интилишлари, ўрталаридаги алоқалар ишонч асосида бўлиши лозим.

Айниқса, ҳоким ва маҳкум ‒ фуқаро ўртасидаги хилоф жуда ҳам хатарли. Бу бош билан тана келишмагандек гап. Бундай ҳолатда тараққиёт ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Энг ёмони, бундай шароитда халқ билан давлат ўртасидаги самимият, ишонч барбод бўлади. Ана энди томошани кўраверинг. Давлат халқни қувган, халқ давлатни алдаган, хуллас, ҳар балони кутса бўлади. Шунинг учун ривожланган давлатларда халқ ишончини қозониш ҳукуматнинг энг олий мақсадларидан саналади. Бу риштага путур етказиш эса жуда оғир жиноят ҳисобланади. Зотан, энг кучли давлат – халқига таянган давлатдир. Акс ҳолда мамлакатда ҳеч қачон чин маънодаги тараққиёт, осудалик ва саодат бўлмайди.

Айрим давлатларда ҳукмрон табақа ўз ҳукмини ўтказишга берилиб кетиб, халқ билан ҳисоблашмай қарор чиқаради-да, кейин ҳуда-беҳуда куч сарфлаб, ўзини ҳам, халқни ҳам чарчатади. Натижада қарор ҳам тўлиқ амалга ошмайди, халқ эса иродасиз ҳайкалга айланиб бораверади. Бундай ҳолатда бир гуруҳ кишилар давлат манфаати учун нималардир қилиши мумкин, аммо шунда ҳам уларда садоқат бўлмайди, фақат қандайдир манфаатлар юзасидан иш кўришади. Халқ оммаси эса давлат манфаати учун курашмайдиган бўлиб қолади. Буни яхши билган ташқи душманлар давлат билан халқ ўртасига шундай усталик билан зиддият солиб қўйишадики, натижада мамлакат аҳолиси бир-бирини эзиб, ўзини ўзи еб ётаверади. Буни «ўз ёғига ўзини қовуриш» дейилади. Нотинч бўлаётган кўп жойларда ҳамма ишга соя солаётган дард ҳам аслида мана шу бўлиб, бошқа муаммолар шундан келиб чиқади. Шу боис, халқ билан давлат ўртасидаги бирдамликни таъминлаш, ихтилофларга барҳам бериш ривожланишнинг энг асосий омилларидан саналади. Юртимизда сўнги йилларда амалга оширилаётган халқ билан мулоқот, қарорлар қабул қилишда аҳолининг фикрини ўрганиш, очиқлик сиёсати мазкур ютуқларга эгалиги билан ҳам қадрлидир.

Тўғри, айрим баҳс-мунозаралар ҳақиқатнинг рўёбга чиқишига, тараққиётга хизмат қилади. Аммо бунинг учун ихтилоф ўзаро эҳтиром ва илмий асосда бўлиши лозимдир.

Хуллас, айтилса гап кўп. Муҳими, имкон қадар ихтилофдан қочиш ва мақсад сари бирга ҳаракат қилиш керак. Бу ҳақда бизга Қуръони Карим таълим беради.

«Айт: «Эй аҳли китоблар! Биз билан сизнинг ўртамизда баробар сўзга келинг: Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб, бир-биримизни Робб қилиб олмайлик». Агар улар юз ўгиришса, «Гувоҳ бўлинглар, биз мусулмонлармиз», денглар» ("Оли Имрон" сураси, 64-оят).

Аллоҳ таоло бу ояти каримада мусулмонларни аҳли китоблар билан ўрталарида муштарак бўлган масалаларда бирдам бўлишга ундамоқда. Демак, жамият аъзолари ихтилофли мавзуни ўртага ташлашга ошиқмаслиги керак, балки ўзаро ҳамфикр бўлган масалаларда гаплашишга ўтиш лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилганларида биринчи бўлиб қилган ишларидан бири ‒ турли дин ва эътиқодда бўлган маҳаллий аҳоли билан битим тузиш бўлган. Ўшанда у зот яҳудий қабилалари билан аҳдлашганлар. Улардан бирини намуна сифатида эслаб ўтсак.

Битимнинг асосий бандлари қуйидагилар:

1. Бану Авф яҳудийлари мўминлар билан бир умматдир. Яҳудийларга ўз динлари, мўминларга ўз динлари... Бану Авфдан бошқа яҳудийларга ҳам шу гап.

2. Яҳудийларга ўз харажатлари, мусулмонларга ўз харажатлари юкланади.

3. Икки томон бу ҳудуд аҳлига уруш қилганга қарши бир-бирларига ёрдам берадилар.

4. Ўзаро хайрихоҳ ва самимий, ёмонлик эмас, фақат эзгуликда бўладилар.

5. Киши иттифоқдоши учун жиноятчи бўлмайди.

6. Мазлумга ёрдам берилади...

Қолган бандлар ҳам шу руҳда давом этган.

Қаранг, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам соғлом жамият барпо этишда биринчи бўлиб жамият аъзоларини қайси динда бўлишидан қатъи назар, бир уммат деб эълон қилмоқдалар ва улар билан эл-юрт учун зарур бўлган масалаларда келишиб олмоқдалар. Эътибор берилса, улар билан тенг ҳуқуқлилик асосида битим тузганлар ва бу битимга садоқат билан вафо қилганлар, бунга тарих гувоҳ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга бошқа дин, бошқа халқ вакиллари билан адолат асосида тинч-тотув яшаш, бир-бирини қўллаш, душманга қарши бирга туриш, ўзаро самимиятда бўлишни ўргатмоқдалар. Биз эса бир дин, бир халқ вакили бўлиб, бир мамлакатда яшаб туриб, бир-биримиз билан келиша олмасак, буни қандай тушуниш мумкин? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам орамизда бўлсалар, бизнинг ҳозирги аҳволимиздан хурсанд бўлармидилар? У зот алайҳиссалом бизнинг вазиятимизда қандай йўл тутган бўлардилар? Набавий ҳикмат бизга қандай йўл кўрсатади, бир ўйлаб кўрайлик! Ҳар қалай бугунги ихтилофу жанжалларга тўла тутумимизни ёқламаса керак?!

Биз фақат намоз, рўза ёки ҳажда эмас, балки барча ҳолатларда Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олишимиз лозим. У зот кўрсатганларидек, бугун ҳаммамиз бир уммат бўлиб, аҳллик билан, бир ёқадан бош чиқариб, дин-диёнат йўлида, уммат хизматида, эл-юрт манфаати учун, келажак учун ҳаракат қилиш диний бурчимиздир. Сийратни чуқур ўрганиш, атрофлича таҳлил қилиш ва унга ҳикмат билан изчил амал қилиш келажагимиз гаровидир.

Аллоҳ таоло айтади:

«Дарҳақиқат, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар ҳамда Аллоҳни кўп зикр қиладиганлар учун Аллоҳнинг Расулида гўзал ўрнак бордир» ("Аҳзоб" сураси, 21-оят).

Ҳасанхон ЯҲЁ АБДУЛМАЖИД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!