Ислом

Ижара масаласида томонларнинг ўзаро муносабатлари

646

Бирор нимани ижарага олмоқчи бўлган мижознинг ўзи молия муассасаси (лизинг компанияси) томонидан буюртма берилаётган нарсани (жиҳоз, ускуна…) олишга вакил қилиб тайинланиши мумкин. Шундай ҳолатда улар ўзаро икки турдаги кетма кет келувчи (яъни икки босқичда) алоҳида муносабатларга киришадилар.

Биринчи босқичда молия муассасаси (лизинг компанияси) ва мижоз-вакил ўртасида муносабатлар ишга тушади.

Иккинчи босқич муносабатлари мижоз буюртма берилган молни қабул қилиб олгандан кейин бошланади, яъни мана шу босқичда ижара берувчи ва ижара олувчи муносабатлари бошланади.

Ушбу кўрсатиб ўтилган муносабатларни аралаштирмаслик / чалкаштирмаслик керак. Биринчи босқичда мижознинг ижара олувчи сифатидаги мажбуриятлари / жавобгарлиги бўлмайди. Бу босқичда у молия муассасаси (лизинг компанияси) вакили вазифасини бажаради холос. Иккинчи босқичда эса у (яъни мижоз) ижара олувчи сифатидаги мажбуриятларини бажаришга киришади.

Шунга ўхшаш ҳолат муробаҳа шартномасида ҳам бор, аммо бу икки шартнома ўртасидаги муносабатларда фарқ бор. Муробаҳада молия муассасаси вакили бўлган мижоз, буюртма қилинган нарсани (жиҳоз, ускуна…) қабул қилиб олгандан кейингина олди-сотди амалга оширилиши мумкин, яъни мижоз билан молия муассасаси ўртасида тузилган вакиллик битимининг ўзи олди-сотди амалга ошиши учун етарли асос бўлолмайди. Шу сабабли, буюртма қилинган нарса мижознинг қўлига келиб тушгандан кейин у бу ҳақда молия муассасига хабар бериши ва шу нарсани сотиб олиш таклифини бериши керак бўлади. Молия муассасаси бунга ўз розилигини бергандан кейингина, улар (яъни молия муассасаси ва мижоз) ўртасида олди-сотди амалга оширилади.

Ижарада эса бу жараён бироз бошқачароқ ва қисқароқ. Бунда молия муассасаси мижозни ўз вакили қилиб тайинлаш орқали буюртма берилган нарсани ижарага беришга рози бўлса, шу нарса мижоз-вакилнинг қўлига келиб тушиши биланоқ ижара бошланган ҳисобланади (яъни бунда қўшимча ҳеч қандай хатти-ҳаракат бўлмайди).

Муробаҳа ва ижара ўртасидаги бундай фарқ мавжудлигининг икки сабаби бор.

Биринчидан, савдо битими дарҳол (жойида) амалга оширилиши лозим (муробаҳа эса савдо битимидир). Келажакда бўлиши кўзда тутиладиган олди-сотди шариатда жоиз эмас. Ижарада эса бу мумкин, чунки мижоз молия муассасасига бирор нимани келажакда ижарага олиш мақсадида буюртма бериши ва бунга молия муассасасининг рози бўлиши бунинг учун асос бўла олади. Демак, муробаҳада вакиллик битимининг ўзи олди-сотди амалга ошиши учун етарли асос эмас, ижарада эса етарли.

Иккинчидан, шариатнинг асосий қоидасига асосан, бирор мулк учун хатарни бўйнига олмаган ҳеч бир кимса шу мулк устидан фойда (даромад) ёки ҳақ олишга даъвогар бўлолмайди (яъни таваккал қилиб хатарни бўйнига олгангина фойда (даромад) олишга ҳақли). Муробаҳа шартномасида ҳам худди шу қоида ишлайди: сотувчи бирор бир муддат бўлса ҳам олди-сотди бўлаётган мулк устидан хатарни бўйнига олмасдан туриб фойдага даъвогарлик қилолмайди. Шу сабабли буюртма берилган нарса (мулк) аввал молия муассасаси эгалигига ўтиши керак (чунки шунда сотиб олинаётган мулк бўйича хатар сотувчининг бўйнига тушади), шундан кейингина молия муассасаси у нарсани харидорга сота олади.

Аммо ижара шартномасида ҳолат бошқача, бунда ижарага берилаётган мулк эгалиги ва шу мулк бўйича масъулият / хатар ижара муддати давомида ижара берувчининг бўйнида бўлганлиги сабабли юқорида айтиб ўтилган хатарга оид шариат қоидаси ҳам бузилмайди, ижара битими ҳам келаси давр учун тузилаверади.

Мисол: ижара битими учун 

Мижоз ислом молияси тамойиллари асосида ишлайдиган лизинг компаниясига муайян ишлаб чиқариш ускунасини сотиб олиб ижарага беришларини сўраб мурожаат қилди. Лизинг компанияси ушбу мижозни ускуна сотиб олишда ўзининг вакили этиб тайинлади ва томонлар ижара битимини имзоладилар. Мижоз ускунани ижара корхонаси номидан сотиб олди (ускуна билан боғлиқ барча хатарлар ижара корхонаси зиммасида). Мижоз ускунани қабул қилиб олган кундан бошлаб ижара ҳақи ҳисоблаш бошланди.

Мисол: муробаҳа битими учун 

Мижоз ислом молияси муассасасига муддатли тўлов шарти билан (яъни насияга) ускуна сотиб олиб беришни сўраб мурожаат қилди. Молия муассасаси ушбу мижозни ускуна сотиб олишда ўзининг вакили этиб тайинлади. Мижоз вакил сифатида ишлаб чиқарувчидан ускунани молия муассасаси номига сотиб олди (бу босқичда ускуна билан боғлиқ барча хатарлар молия муассасаси зиммасида). Шундан сўнг, мижоз ускунани сотиб олиш бўйича таклифини молия муассасасига берди. Томонлар муробаҳа кўринишидаги олди-сотди шартномасини туздилар ва сотиб олинган ускуна бўйича барча хатарлар мижоз зиммасига ўтди.

Ислом молияси сайтидан олинди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Уйини ижарага бериб кун кечирадиган президент 

2779 21:00 19.05.2020

Карантин вақтида ижара тўловлари

1964 08:30 20.04.2020

Узоқ муддатли шартнома давомида ўзгарувчан ижара ҳақи

414 19:30 11.03.2020

Мактаб дарсликлари учун ижара тўлови миқдори белгиланди

1458 11:30 27.08.2019
« Орқага