Кучли ижтимоий сиёсатнинг Ўзбекистонга хос тажрибаси

08:00 16.04.2018 280

24 – 26 апрель кунлари пойтахтимиз Тошкентда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳамкор ташкилотлар кўмагида “Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида халқаро конференция ўтказилади. Бу ҳақда xs.uz хабар тарқатди.

Ўзбекистонда кечаётган бугунги ўзгаришлар мамлакат янги тарихини бошлаб берди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Зотан, юртимизда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳаларда юз бераётган улкан янгиланишлар давлатимизнинг дунё ҳамжамияти билан том маънода интеграциялашувини таъминламоқда. Қисқача айтганда, бугун юртимиз дунёни ўзига чорлаяпти, ёпиқликдан очиқ прагматик сиёсат сари юзланмоқда.

Бундай тутум, шубҳасиз, бугунгача мавжуд бўлган тартиб-қоидаларни ислоҳ қилиш ва уларни дунё андазаларига уйғунлаштиришни тақозо этади. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзуидаги халқаро конференцияни ўтказиш ташаббуси моҳиятида ҳам айнан шу муддао мужассамдир.

Биз нималарни мақсад қилдик? Энг аввало, Ҳаракатлар стратегияси доирасида юртимизда ҳаётга татбиқ этилаётган мутлақо янгича ижтимоий сиёсатнинг мазмун ва моҳиятини дунё жамоатчилигига етказиш, қолаверса, давлат органлари, касаба уюшмалари, Савдо-саноат палатаси ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ўзаро ҳамжиҳатлиги ва шериклиги истиқболларини белгилаб олишни режалаштиряпмиз.

Мазкур анжуман ижтимоий-меҳнат масалаларини ҳал этишда бевосита қатнашаётган иштирокчилар таклиф ва мулоҳазалари ҳамда тажрибаларини конструктив муҳокама қилиш, ўзаро фикр алмашиш учун халқаро платформа вазифасини ўтайди. Бу формат шак-шубҳасиз, Ўзбекистоннинг очиқлигини, фаол, амалий ҳамкорликка, халқаро ва чет эл тажрибасини ўрганиш асосида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича вазифаларни ҳал этишга тайёрлигини ҳам намойиш қилади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!