Икки дўстнинг йиғиси

22:00 16.05.2019 664

Умарул Форуқ ўз халифалиги даврида таниқли саҳобалардан Абу Дардо розияллоҳу анҳуни Шомдаги бир амалга тайинламоқчи бўлди. У аввалига тайсаллаб, кўнмай турди. Аммо халифа сўзида қатъий туриб олганидан сўнг рози бўлиб, ўз шартларини қўйди: "Уларга Роббларининг Китобини, Пайғамбарнинг суннатини ўргатишимга, жамоат намозини ўқиб беришимга рози бўлсанг, майли, вазифани қабул қиламан".

Ҳазрати Умар рози бўлгач, янги волий Дамашққа жўнаб кетди. У ерда одамларнинг роҳат-фароғатга берилиб, дунё тўплашга киришиб кетишганини кўрди ва тезда халқни масжидга тўплаб, шундай хутба қилди: "Сизларга не бўлдики, олимларингиз кетиб бормоқда, жоҳилларингиз улардан ҳеч нарса олиб қолмаяпти?! Сизларга не бўлдики, Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олган нарсага юзланиб, сизнинг зиммангизга юклаган нарсани тарк этяпсиз?! Сизларга не бўлдики, емайдиган нарсангизни тўплаяпсиз, етиша олмайдиган орзуларингизга интиляпсиз?!"

Кейинроқ мўминлар амири Умар ибн Хаттоб Ислом ҳукми остидаги вилоятларни текшириш асносида Шомга ҳам келди. Ярим тунда дўсти Абу Дардони зиёрат қилгани борди. Чироқ йўқ хонада икки дўст суҳбатлашиб ўтиришди. Ҳазрати Умар қоронғида пайпаслаб, дўсти қум-тош устида яшаётганини, эгнидаги кийими ҳам юпунгиналигини пайқади. Амир яна пайпаслаб билдики, Абу Дардонинг кўрпа-ёстиғи ҳам йўқ экан. Бундан хижолат бўлиб кетган халифа ундан ўзи юбораётган маошларни қаерга сарфлаётгани ҳақида сўради. Шунда Абу Дардо: "Эсингдами, эй Умар, Расулуллоҳ алайҳиссалом: "Сизларнинг дунёдан оладиган насибангиз мусофирнинг хуржунидаги озуқаси каби бўлсин!" деган эдилар!" Ўша куни икки дўст йиғлаб тонг оттиришди.

 

"Кўҳна дунё ва ривоятлари" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!