Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Икки муқаддас шаҳар шукуҳи

2729

Бир воқеани ибрат сифатида ёшларга айтгим келади. Каъба зиёратидан қайтаётиб, ҳарам ташқарисидаги  ўриндиқда  ўтиргандим. Ёнимга  ёши каттароқ  араб аёли икки нафар ҳамроҳи билан келиб қолди. Ҳоригани шундоққина сезилиб тургани учун дарров ўрнимдан туриб “ўтиринг” ишорасини қилдим.

Ҳалиги аёл кутилмаганда мени бағрига босиб, юзларимни силади ва “шукран, шукран” дея дуо қилиб ўриндиққа ўтирди. Унинг юзидаги  қувончни кўриб ўн марта жой беришга тайёр бўлдим. Меҳрни қаранг, эътиборни кўринг. Баъзида  жамоат жойларида, транспортида ёшларни силкилаймиз” тарбиясиз булар, биздай бўлгунича  қанча ўтиради, жой берса берибди-да” деб. Биз кимлардан қанча вақт тарбия олганимизни эсладим. Биргина  каттага жой бўшатиш орқали  исломий маданиятнинг жуда оддий кўринишини кўрдим бу ҳолатда. Бу ерда ҳамма нарсада шундай, кимгадир  елкангизни нари тутиб ўтсангиз ҳам, озор бермай деб сурилсангиз ҳам табассум билан минннатдорчилик билдиришади. Дўконларда кўнглингизга, дидингизга  қараб мулойим муомилада бўлишади.

 Яна бир қизиқ воқеа. Мадинада Масжиди набавий зиёратида бизга ўзбекчалаб мурожаат қилган араб аёлига ажабсиндик.

– Асли наманганликмиз, – деди  у сал талаффузда қийналиб  – Исмим Феруза. Ота-онам шу ерда яшаб ўтиб кетишган. Бизлар  шу ерда туғилганмиз, шу юрт фуқаросимиз. Сизларни ўзбеклигингизни  кўриб югуриб келдим. Барибир қоним тортади-да опажонларим.
– Мениям Феруза исмли қизим бор, – деди  опам ҳаяжонланиб. – Шу ерда юриб тилингни унутмаганингизга қойил-ей.
–  Уйда дадам ҳам онам ҳам ўзимизнинг тилда гаплашинглар дерди-да. Бугун жума кунида наманганча патир пишириб  келганман, эҳсон қилиб юрибман. Сизникидай катта бўлмасаям  уй нони, татиб кўрсаларинг бахтиёрман.

Ферузанинг  пиёладек нончаларини ҳавас билан қўлга олдик.”Жуда ажойиб, нонпар ҳам урилганми?” деб кулишдик. Ростдан нонпар урилган, ширмойи кулча нонлар. Биз унга Имом Бухорий юртидан борган  ёнғоқ мағизларимиздан, бодомлардан тутқаздик. Роса севинди, ўзбек барибир ўзбеклигига боради-да, уйига таклиф қилди. Мусулмончиликда  мана шундай гўзал қадриятлар борлиги, олис  элдаям ўзлигини унутмаган  юртдошимиз борлиги дилни  нурлантиради.

Мусулмон бўлиб туғилганимиз саодатга йўғрилганимиздан далолатдир. Икки олам сарвари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам умматларини шафоат этишни  Яратгандан сўраганини яхши биламиз. Тириклик – биз учун синовли дунё. Мадинада Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг масжидида намозда ўтирган  африкалик аёл билан мулоқотда бўлдик. Қарангки динимиз битта бўлгани боис  тилимизни, гапу сўзимизни таржимонсиз ҳам тушуниб мириқиб гаплашдик. Гарчанд қора танли бўлса-да юз-кўзидан меҳр нури ёғилиб турган аёлнинг қизалоғининг исми Асила экан. Қизалоқнинг жингалак сочларини силаб, менинг набирамнинг исми ҳам Асила эканини айтсам,  қувончдан кўзлари порлаб  кўкка ишора қилди. Яратган бизни шундай  бир биримизга яқин ва меҳрибон, диндош  қилиб яратган шекилли.  

Маккада, Мадинада юрганимизда кишиларнинг одоб билан бир-бирига мурожаат қилганига ҳавасландик. Масжидул Ҳарамдаги кутубхонада ёш боласини  ёнига  ухлатиб “Қуръони карим”ни ўқиётган аёлларни кўриб кўз қувнаб, қалб илҳомга тўлди. Ўз навбатида бошқа жойлардаги очиқ-сочиқ,  ажнабий либосларда  ресторану бар,  гапу гаштакларда ўзини кўз-кўзлаб юрадиган, бола тарбиясидан кўра ўзини  ҳаловатини ўйлайдиган баъзи  аёллар кўз олдимдан ўтиб, дилим ғашланди. Ислом қанчалар гўзал экан, миллий кийимларимиз, ибо-ҳаёли  таълим тарбиямиз қанчалар мукаммал-а. Биз етмиш йилдан ортиқ ёт маданиятга кўр-кўрона ёки мажбурият юзасидан эргашдик. Оқибатда миллий қадриятларимиздан, ўзлигимиздан сал четлашдик. Аллоҳга шукрки, бугун фарзандларимизни имонга, дину диёнатга, ҳалолу покликка чорлаб турибмиз.

Норинисо Қосимова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Макка қандай экан?

1120 17:30 16.02.2021

Макка суди Bin Laden компаниясини оқлади

1582 08:47 12.12.2020

Макка ва Мадинада истисқо намози ўқилди (фото)

1113 13:05 21.11.2020

Xорижликлар учун умра зиёрати бошланди

991 16:30 01.11.2020

Маккадаги йўқолган жойлар: Дорул Арқам қаерда қолди?

1723 20:30 20.08.2020

Макканинг тарихий жой номлари

1914 08:56 18.08.2020
« Орқага