Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Иккинчи фасл: Мужтаҳидлик шартлари

1086

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар”

(ўн еттинчи қисм)

(Давоми, боши мана бу ерда)

Иккинчи фасл: Мужтаҳидлик шартлари

Ижтиҳод даражаси диний ва дунёвий меёрларда ҳам энг олий даража ҳисобланади. Чунки ижтиҳод мақомидаги одам Аллоҳ таолони бандалар устидаги ҳукмини етказувчидир. Дарҳақиқат саҳобалар ва тобеинлар шаръий далилларни яхши тушунар, араб матнларидаги мақсад ва моҳиятни чуқур идрок этар эдилар. Улар шаръий манба, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бевосита шогирдлари бўлиб улар учун ояти карималарни тушуниш ва истинбот (ҳукм олиш) қилишда ҳеч қандай қоида ва талабларнинг эҳтиёжи йўқ эди. Аммо вақтлар ўтиши билан араб тили матнларини бузиш ҳолатлари кузатилиб, одамлар шаръий мақсадлардан узоқлаша бошладилар. Бу ҳолат истинбот ва ижтиҳод учун маълум бир қоидалар ташкил этишни тақозо қилди. Чунки ижтиҳод қилиш масаласини тартибга солиш ва унга нолойиқ бўлган одамларни мужтаҳидлар орасига суқилиб кириб қолмаслигини таъминлаш керак эди. Шундан келиб чиқиб айрим алломаларимиз мужтаҳидлар учун жуда қаттиқ талаблар қўйдилар. Айримлари эса анча енгилроқ талаблар жорий қилдилар. Муътадиллик тарафида турганлар ҳам бор эди. Мазкур талаб ва шартларда улар ўзаро ихтилофли қарашда бўлдилар. Уламоларимизнинг ижтиҳод масаласидаги талаб ва шартлари уларнинг  ўзаро зиддиятлари учун эмас. Балки бу мусаффо динимизни жоҳилона фикрлардан, илмсиз фатволардан ҳимоя қилиш учун эди. Шунингдек улар ижтиҳод масаласида ўртага ташлаган шарт ва талабларининг айримларига ҳамма якдил фикр билдирган айримлари устида эса ўзаро ихтилофлар бўлган. Қуйида уларни ҳам бир-бир кўриб чиқамиз. Жумладан:

Барча уламолар якдил фикрда бўлган шартлар.

1.)  Ижтиҳод даъвосида бўлган одам Аллоҳнинг Китобида  олим бўлиши зарур. Хоҳ якка тартиб хоҳ гаплар таркибида бўлсин оятларнинг луғавий маъноларидан тўлиқ хабардор бўлиши керак. Ҳукм чиқаришга хулоса бўладиган иллатларни (ҳукмнинг сабаблари) мазмун-моҳиятини англаш керак. Шунингдек Қуръонда қўлланиладиган услубларни ва назарда тутилган маънога далолат қилиш қоидаларини яхши билиши талаб этилади. Бундан ташқари Қуръони каримнинг ибораларига  боғлиқ бўлган умумий, хос, мужмал, мубайян, муҳкам, муташобиҳ, хафий, зоҳир, мушкил, насс, муштарак, муаввал каби ўта муҳим лафзлар ҳам мавжуд. 

Энди буларга қўшимча тарзда оятларнинг нозил бўлиш сабабларини ҳам яхши билиш талаб қилинади. Чунки мана шу омиллар оятларни чуқур тушуниб етишни таминлайди. Аммо Қуръони каримни тўлиқ ёдлаб олиш мужтаҳидликни шартига кирмайди. Фақатгина зарурат туғилган пайтида осон топиб олиш учун ҳукм оятларини жойлашган ўрни ва қайсилари эканини аниқ билиб олишлари талаб этилади.                  

2.)  Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларини ва ҳадислар тўплами бўлган китобларда ҳам олим булиши керак. Мусталаҳул ҳадис ва илмур рижал (ҳадис ровийлари ҳақидаги илм) ҳамда ҳадиси шарифларнинг қувватлилик ва заифлик даражасини билишда зарур бўлган маърифатул иълал (ҳадис устидаги камчиликларни тадқиқ қилиш) илмларини мукаммал даражада билиши керак.

Айни пайтда мужтаҳид учун имоми Бухорий ва имоми Муслимлар каби муҳаддисларимиз саҳиҳ деб кўрсатган маълумотларига таянишлари мумкиндир. Фақат бунда мазкур ровийларнинг мазҳабини билишлари зарур бўлади.

Аммо заиф ҳадислардан холи бўлмайдиган ҳадис тўпламлари бўлса мужтаҳид олим учун ҳадис санадларини  ва бошқа томонларини ҳам чуқур ўрганиб чиқиб, кейин хулоса қилиш лозимдир. Албатта, ҳадис тўпламларидаги барча ҳадисларни билиши шарт демаймиз. Балки ўрганаётган бирор ҳукмга тааллуқли бўлган ҳадиси шарифларни билиб олиши кифоядир. Шунингдек ҳукм олинадиган ҳадиси шарифларни барчасини ёдлаб олиши ҳам шарт эмас. Балки зарурат бўлган пайтда мазкур ҳадиси шарифларнинг матнларини келтира оладиган бўлса кифоядир. 

3.) Китоб ва суннатдаги носиҳ (бирор ҳукмни бекор қилувчи янги кўрсатма) ва мансухни(ҳукми тўхтатилган оят ёки ҳадис) билиши керак. Токи ҳукми тўхтатилган далилга асосланиб ижтиҳодда ботилга кетмасин. Шунингдек, бу масалада ҳам мансух бўлган ҳар бир оят ёки ҳадисни билиб олиши шарт эмас. Аммо ижтиҳодида суянаётган ушбу оят ёки ҳадиснинг мансух бўлган ёки бўлмаганини билиб олиши етарлидир.

4.) Уламолар ўртасидаги ижмони ҳам билиши керак. Чунки уламолар ижмо қилган бирор масала устида яна ижтиҳод қилиш мантиқсизликдир. Бу масалада ҳам барча ижмо масалаларини ёдлаб олиш шарт эмас. Аммо ўрганаётган масаласи уламолар ижмосига хилоф эмаслигини билиб олса, етарлидир. Аниқроғи мазкур масала тан олинган мазҳаблардан бирига мувофиқ келишидир.

5.)  Араб тилида ҳам етук олим бўлиши зарур. Чунки китоб ва суннатдаги барча далиллар араб тилидадир. Маълумки Қуръони карим, Расуллуллоҳнинг қавли суннатлари ҳам, саҳобалардан ривоят қилинган амалий суннатлар ҳам барчаси очиқ-равшан араб тилида келгандир.

Биз, мужтаҳид одам араб тилида етук олим бўлсин, деганимиздан мақсад тафсирларда учраб турадиган ғариб (тўқилган ёлғон маълумотлар) хабарларни, шунингдек  Қуръони карим ва суннати набавиянинг далолатини англаб етишидир. Токи тўғри хулосалар чиқариш имкониятини беручи баён, бадийъ, маъоний, наҳв ва сарф каби илмларда ҳам моҳир ва малакали бўлсин.

Тўғри мужтаҳид одам Халил ва Мубаррад (араб адабиётининг етук намоёндалари) даражасида бўлсин демаймиз. Лекин араб калималаридаги ом ва хослик даражаларини, ҳақиқат ва мажоз моҳиятини, муҳкам ва муташобиҳ томонларини фарқлай оладиган бўлсин. Шунингдек араб хитоби ва арабларнинг муомала маданиятидан ҳам хабардор бўлсин. Ана шундагина далиллар асосида чиқариб олган ҳукми тўғри бўлади.

Мазкур талабларнинг қанчалар зарур эканлиги бугун кўпчиликка сир эмас. Бугунги айрим замондошларимиз араб тилини юзакигина ўрганиб олиб кейин дин ва шариат устида ўз фикри билан ижтиҳод қилиб юрибдилар.

6.) Мужтаҳидлик даъвосидаги одам усули фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги асослари) борасида ҳам олим бўлсин. Зеро  айнан мана шу усули фиқҳ илми ижтиҳоднинг устуни ва асосидир. Чунки бирор буйруқ ёки қайтариқ, у умумий ёки хос ҳукм бўлсин, муайян бир кўриниш воситасида тафсилий далиллар асосида аниқ бир ҳукмга далолат қилади. Истинбот (далилларни ҳар томонлама ўргани ҳукм олиш) вақтида мавжуд вазиятни ва ундан келиб чиқадиган ҳукмни тушиниш керак. Буларнинг барчаси усули фиқҳ илмида аниқланади.

8.) Ҳукм чиқариб олишда шариатнинг умумий мақсадларини ҳам англаб етиш керак. Чунки нассларни (ояти карима) тушуниб уларни воқеликка татбиқ қилиш айнан мана шу омилга боғлиқдир. Гоҳида далилнинг лафз ва иборалари бир неча маъноларга далолат қилади. Шу вақтда улардан бирини қувватли ва кучли деб топиш шорийнинг (Аллоҳ таоло ёки Расулуллоҳ алайҳиссалом) мазкур ҳукм борасидаги мақсадини мулоҳаза қилиш билан белгиланади. Бу худди фаръий (иккиламчи ҳукмлар) масалалар ўзаро бир-бирига қарама-қарши келган вақтда шорийнинг мақсадига мувофиқроғи танлаб олингани каби.

Баъзида ҳукми оят ва ҳадислар билан баён қилинмаган янги масалалар учраб туради. Ана шу вақтда усул қоидасидаги “истиҳсон, маслаҳатул мурсала ёки урф” каби шариатнинг умумий мақсадларини юзага чиқаришда қўлланиладиган меъёрлар асосида ҳукм чиқариб олинади. Мазкур умумий мақсадлар инсонларнинг манфаатини таъминлаб, уларга юзланадиган зарарларни даф қилишда кўринади. Зеро собит ва барқарор ҳақиқат шуки, шариатнинг жорий бўлиши ҳикмати бандаларнинг дунё ва охират салоҳиятига эришишлари учундир. Шундай экан фойда ва зарарни белгилаш меъёри фақат шариатга қайтарилади. Чунки инсон гоҳида зарарни фойда деб, фойдани эса зарар деб ёндашиши мумкин. Бу ҳақида  қуйидаги ояти каримада шундай дейилади:

“Агар ҳақ уларнинг нафси ҳавосига тобеъ бўлса осмонлар ва ер ҳамда улардаги барча нарсалар фасод бўлган бўлар эди” (Мўминун, 71).

(Давоми бор) (1-2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10 қисм) (11 қисм) (12 қисм) (13 қисм) (14 қисм) (15 қисм) (16 қисм) (17 қисм)

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан.

Таржимон: Тоҳир Воҳидов.

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлинг!

609 14:00 27.01.2021

Билолхон домла Рустамов: “Саботул ожизин” шарҳи (23-қисм)

176 08:00 27.01.2021

Ҳаётимиз саодатли бўлсин!

418 22:30 26.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

464 22:05 26.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (66-қисм)

506 21:05 25.01.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (2-қисм)

729 20:37 25.01.2021
« Орқага