Ислом

Илк намозим...

1140

Жеффери Ланг 1954 йилда туғилган. Америкалик математик, профессор. Католик оиласида туғилиб, ўсган. Ўн саккиз ёшигача атеист бўлган. Ўн йиллардан сўнг Қуръон билан танишиб, Ислом динини қабул қилган.

Мусулмон бўлганидан кейин Жеффери Ланг Исломга бағишланган “Исломга сафар” ва “Таслимият мужодаласи” номли икки китобини ёзиб, ўқувчиларга тақдим қилди. Муаллиф илк намоз ўқиганини “Исломга сафар” номли китобида шундай ёзади:

“Мени биров эшитмасин, кўрмасин дердим. Секин-аста “Фотиҳа” сураси ва яна бир қисқа сурани араб тилида ўқидим. Агар бирор араб мени эшитганида, талаффузимдан ҳеч нарса тушунмаган бўларди деб ўйлайман. Иккинчи такбирни келтириб, рукуга кетдим. Рукуъ чоғида бироз асабийлик ҳис этдим, чунки умримда ҳеч кимга эгилмагандим. Хонада ёлғизлигим эсимга тушиб севиндим. “Субҳана роббиял азийм” деганимда юрагим тез-тез урганини ҳис қилдим. Такрор такбир айтиб, қоматимни тик тутдим. Энди саждага борадиган вақт келганди. Саждага бориш учун қўлларим ва тиззамни ерга қўйганча қотиб қолгандим. Саждага боролмасдим! Хожасининг қаршисида бошини ерга қўйган қулдай юзимни, бурнимни ерга суркаб, ўзимни хору бенаво кўришдай ҳолатга туширолмасдим. Бунинг устига, оёқларимни ҳам буколмасдим. Уялдим. Кулгили аҳволга тушгандек ҳис қилдим ўзимни. Агар шу аҳволда мени дўстларим ва танишларим кўришса, ачинарли ва масхараомиз қарашларини ўйладим. Ҳатто қулоғимга дўстларимнинг қаҳқаҳаси ҳам эшитилди. Бир муддат иккилангангач, чуқур нафас олдим ва бошимни жойнамозга қўйдим. Шууримдаги бутун ўй-хаёлларни унутдим. Диққатимни чалғитадиган ўйларга жой бермасдан иккинчи бор саждага бош  қўйдим. Бу аснода ўзимга ўзим: “Яна қаршимда уч тур бор ҳали”, дея ўйладим, лекин аҳдимда қатъий эдим. Нима бўлса бўлсин, дея намозимни адо этардим... Қолган ракатларда ҳаммаси тобора осонлашиб борарди. Сўнгги саждада мукаммал бир сакинатни ҳис қилдим.  Ниҳоят, ташаҳҳутдан кейин салом бердим.

Саломдан кейин ўтирган жойимда шу туришда қолиб кетдим. Орқага қайтиб, нафсим билан курашганимни хаёлимдан ўтказдим ва катта жанггоҳдан соғ-омон чиққандек ҳис қилдим ўзимни.

Сўнг бошимни қуйи солиб хижолатли алфозда:

“Аллоҳим! Такаббурлигим учун мени кечиргин! Узоқ йўлдан келдим ва ҳали қаршимда юриладиган узун йўл бор!” дея дуо қилдим.

Сўнгра эса номаълум сабабга кўра йиғлай бошладим.

Узоқ пайт бошим қуйи солинган ҳолатда, кўзимдан ёш қуйилиб, тиззалаб ўтирганимча қолиб кетдим...”

“Иқтибос” журналидан олинди
Умида Адизова таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Нима учун намоз ўқимайсиз?

1290 21:00 31.10.2019

Намоз ўқимаса ҳам ахлоқи гўзал...

1141 15:30 17.10.2019

«Мен қўрқоқ одамман...»

3551 15:00 06.10.2019

Намозга рухсат бермаган раҳбар жазога тортилди

10620 15:05 21.09.2019

Тасбеҳлар неча мартадан айтилади?

1723 22:05 17.09.2019
« Орқага