Илм

Илм азиз қилган зотлар

1172

Фақат уламоларгина пайғамбарлар меросхўрларидир. Аллоҳ ҳузурида энг олий мартаба пайғамбарлик мартабасидир. Пайғамбарликдан кейин уламолар мартабаси туради. Аллоҳ Таоло айтади: “Куч-қудрат фақат Аллоҳники, Унинг пайғамбариники ва мўминларникидир” (Мунофиқун сураси, 8-оят).

Уламолар пайғамбар мероси бўлган илм ила азиздир. Улар хор бўлмайди, бош эгмайди. Чунки улар дунё тамасидан холидир: ҳокимлардан ҳам, маҳкумлардан ҳам.

Мутакаббирнинг макр-ҳийласи, золимларнинг зулми, бойнинг пули уламоларни ўзгартира олмайди. Улар бойю фақирни бирдай кўради. Чунки “Бойлик мол-дунёнинг кўплиги билан эмас, балки нафс қаноати билан бўлади” (Бухорий, Муслим ривояти).

Ибн Абдулбарр ёзади: “Хажжож Холид ибн Сафвондан: “Басра аҳлининг саййиди ким?” деб сўради. Сафвон: “Ҳасан Басрий”, деди. Хажжож: “Қанақасига, ахир у араб эмас-ку?” деди. Сафвон: “Одамлар динларида унга муҳтож, у эса дунёда уларга муҳтож эмас. Басранинг энг улуғ кишилари ҳам унинг мажлисига бориб, айтганларини ёзиб ўтиради”, деди. Хажжож: “Аллоҳга қасамки, ҳақиқий саййидлик шудир!” деди.

Тобеин Абу Хозим раҳимаҳуллоҳ халифа Сулаймон ибн Абдулмалик ҳузурига кирди. Халифа унинг куч-қудрати, иззатини кўриб саройда қолишни таклиф қилди: “Бизга аъён бўлинг, бир-биримизга фойдамиз тегади”. Абу Хозим “Йўқ, йўқ”, деди таклифга жавобан. “Нима учун?” сўради халифа. “Сизга ён босиб, Аллоҳ менга икки карра тириклик ва ўликлик азобини торттиришидан қўрқаман”, деди. Халифа: “Бирор ҳожатингиз бўлса айтинг”, деди. Абу Хозим: “Дўзахдан озод этиб, жаннатга киргизсангиз”, деди. Халифа: “Бу менинг қўлимдан келмайди”, деди. Абу Хозим: “Бошқа хожатим йўқ”, деди (Сунани Доримий. Хулятул авлиё).

Имом Суютий айтади: “Султон Солиҳ Исмоил салибчилардан ёрдам сўради, эвазига Сайдо шаҳри ва Шақиф қалъасини берди. Султонга шайх Иззуддин ибн Абдуссалом эътироз билдирди ва хутбада унинг ҳаққига дуо қилмай қўйди. Шайхга Жамолиддин Абу Амр ибн Хожиб ҳам қўшилди. Султон улардан дарғазаб бўлгани боис икки шайх Мисрга қараб йўл олди. Султон халқ норозилигидан қўрқиб, шайх Иззуддинга Дамашққа қайтиши учун одам жўнатди. Элчи шайхга яхши муомала билан “Сиз султонга яхши гапириб қўлини ўпсангиз бўлди”, деди. Шайх унга: “Эй шўрпешона, унинг қўлини ўпиш тугул, ўзимнинг қўлимни унга ўпишига изн бермайман. Сизлар бошқа водийда, биз бошқа водийдамиз. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, У бизларни сизлар балоланган нарсасидан сақлади”, деди (Суютий, “Ҳуснул муҳозара”).

Тарихда бу каби воқеалар кўп бўлган. Бу уламолар қандай бўлганини кўрсатади. Ахир уламолар етакчи, эргашувчи эмас. Йўл кўрсатувчидир, йўл сўраб юрувчи эмас.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Аллоҳ айтади: “Агар муваффақият қозонаман десангиз...”

600 19:00 15.11.2019

«Билмайман»ни билмаган олим…

846 09:00 12.11.2019

Мусулмон савдогар риоя қилиши керак бўлган қоидалар

0 19:00 02.11.2019

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (иккинчи мақола)

273 21:00 24.10.2019

Илмнинг ҳақиқати

344 20:00 24.10.2019

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (биринчи мақола)

718 22:30 22.10.2019
« Орқага