Аҳли ирфон

Илм риёзати

316

Ёқут Ҳамавий “Мўжамул удабо” китобида, Заҳабий “Ибар” ва “Тазкиратул ҳуффоз” китобларида Абул Ҳасан Қаттон Қазвийний ҳақида қуйидаги маълумотларни келтирадилар:

“Абул Ҳасан Али ибн Иброҳим ибн Салама ибн Баҳр Қазвиний ҳофиз, имом, аллома, ўзгаларга намуна бўлган инсон бўлиб, Қазвин шаҳрининг муҳаддиси ва олим кишиси эди. У киши 254/859 йил дунёга келиб, 345/956 йил 91 ёшида вафот этган. Ҳадис ўрганиш мақсадида бир неча бор сафарга чиққан. Бир қанча шаҳарларда бўлиб, кўплаб шайхлардан ҳадис ёзиб олган. У Ибн Можанинг “Сунан”ни муаллифнинг ўзидан ривоят қилган. Кейинчалик у “Сунан”ни Абул Ҳасандан беҳисоб олимлар ривоят қилишган. Улар орасида луғат олими Абул Ҳусайн Аҳмад ибн Форис Қазвийний ҳам бор эди.

Абу Яъло Халилий “Ал-Иршод фи табақотил билод” китобида шундай дейди: “Абул Ҳасан Али ибн Иброҳим жами илмлар: тафсир, наҳв, луғат, фиқҳ илмларининг олими эди. Дин-диёнат, ибодат борасида у кишининг тенги йўқ эди. Абу Ҳотам Розийдан дарс эшитиш учун унинг олдига сафар қилиб бориб, у ерда уч йил қолган. У Қазвин, Райй, Бағдод, Куфа, Макка, Яманннинг Сано шаҳри, Ҳамадон, Ҳалавон ва наҳовандлик кўп шайхлардан илм ўрганган. У зот узоқ умр кўриб, ҳаётида кўп воқеаларни бошидан ўтказган”.

Абу Яъло сўзини давом эттириб шундай дейди: “Қазвин шайхларидан бир қанчасининг шундай деяётганларини эшитдим: “Абул Ҳасан фазл ва зоҳидликда ўзига ўхшашини кўрмаган. У 30 йил рўза тутган, у фақат нон ва туз билан ифторлик қилар эди”.

Ибн Форис “Амолий” китобида шундай дейди: “Абул Ҳасан Қаттонний ёши кексайиб, заифлашиб қолганида шундай деганини эшитдим: “Илм учун сафарга чиқиб юрган вақтларимда юз минглаб ҳадис ёдлар эдим. Бугунга келиб юзта ҳадис ҳам ёдлай ололмай қолдим”. Унинг яна шундай деганини эшитдим: “Кўзим кўрмай қолди. Бу мусибат ҳадис ва илм талабида юрган вақтимда онам менинг фироқимда кўп йиғлаганликларига менга жазо ўлароқ бўлган бўлса керак, деб ўйлайман”. У кишининг фазилатлари беҳисоб эди. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин!”

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудданинг
"Уламоларнинг таҳсил давомида чеккан машаққатлари" китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага