Илм тоифалари (1-қисм)

12:00 15.05.2019 347

“Илм” сўзи Аллоҳнинг Китоби, Пайғамбар суннатида чеклов ва қайдларсиз мутлақ келган. Демак, илм – юрт ободлиги, дунё яхшилиги, инсоният учун икки дунё саодатидир. Илмни шартли равишда иккига бўлиш мумкин: диний ва дунёвий илмлар.

Қуръон, ҳадис, ақида, фиқҳ, рақоиқ илмлари дунёвий илмлар ҳисобланади. Ушбу илмларни ўрганиш учун зарур бўлган араб тили, араб тарихи ҳам диний илмлар сирасига киради.

Дунёвий илм инсонлар турмуш тарзини яхшилайдиган, ерни обод қиладиган фойдали илмдир. Бунга тиббиёт, кимё, физика, география, астраномия каби фанлар, ҳайвонот-у наботот оламини ўрганадиган илмлар киради.

Китоб ва суннатда келган “илм” сўзи кўпинча ҳар иккисини ҳам ўз ичига олади. Қачонки, бир уламо бирор ўринда мақталса, ушбу эътибор инсонларга фойдаси тегадиган илми сабабидандир. У хоҳ шаръий, хоҳ дунёвий илм бўлсин – фарқи йўқ.

Шаръий ва дунёвий илм иккига бўлинади: фарзи айн ва фарзи кифоя.

Фарзи айн – Аллоҳ ҳар бир инсон бажариши қатъий талаб қилган амалдир, бошқалар бажариши тўғри бўлмайди. Бунга намоз, рўза, ваъдага вафо қилиш каби амаллар киради.

Фарзи кифоя – Аллоҳ мусулмон жамоати учун қатъий амр қилган амалдир. Яъни бир неча киши шу амални бажарса, бошқалардан соқит бўлади, агар ҳеч ким бажармаса, ҳамма гуноҳкор бўлади. Бунга жаноза намозини мисол қилиш мумкин.

Ҳар бир мусулмонга фарзи айн бўлган амалнинг илми ҳам фарзи айн бўлади, балоғат ёшига етиб, ақли расо бўлгандан сўнг, агар шу илмни ўрганмаса, гуноҳкор бўлади – ўзига ёмонлик қилган ҳисобланади. Фарзи айн бўлган илмни ўрганиш ҳар бир мусулмон учун шарт. Ҳеч қандай истисно йўқ. Қуйида шу маънодаги ҳадисда келтирилган: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Илм олиш ҳар бир мусулмонга фарздир” (Ибн Можа ривояти).

Фарзи кифоя бўлган илмлар мусулмонларнинг бир қисми бажариши билан бошқа мусулмонлардан соқит бўлади. Ҳеч ким гуноҳкор бўлмайди. Уни адо қилганлар савоб олади. Агар мусулмонлар жамоати фарзи кифоя илмни ўзлаштирган олимларни етиштирмаган бўлса, ҳамма гуноҳкор бўлади. Сабаби, ҳар бир соҳада мусулмон олимлар бўлиши шарт.

Фарзи кифоя илмининг қирралари жуда кўп. Мусулмон жамоати бу борада сусткашлик ёки бепарволик қилмай, ҳар бир шахсни керакли соҳага йўналтиради.

Юқорида ўтган илм таърифларини бугунги кун таъбири билан тушунтиришга уриниб кўрамиз.

 * Аллоҳнинг исмлари ва сифатларини таниш;

 * ибодатларни адо қилишга етарли фиқҳий илм ҳосил қилиш;

* таҳорат олиш ва уни бузадиган амалларни, намоз ўқиш ва уни бузадиган амалларни, рўза илмини билиш;

* зино, маст қилувчи ичимликлар истеъмол қилиш, тўнғиз гўшти ейиш, судхўрлик каби ҳаром амалларни билиш; ўз Пайғамбари ҳаётини, Қуръон ўқишни, қиёмат, жаннат, дўзах каби ақида масалаларини билиш ҳам айнан фарздир.

Диний фарзи кифоя – умматнинг олимлари билиши керак бўлган ақида, фиқҳ, мерос, тижорат, закот, тафсир илмларининг нозик жиҳатлардир. Барча диний фанларни мукаммал билиш фарзи кифоядир, ҳамма билиши фарз эмас. Фарзи кифоя илмини мўминлардан бир тоифа билиши лозимлигига ушбу оят далолат қилади: “Мўминлар ёппасига (жангга) чиқишлари шарт эмас. Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими?! (Қолганлари Пайғамбардан) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (гуноҳдан) сақланишлари учун уларни огоҳлантирмайдиларми?!” ("Тавба" сураси, 122-оят).

Агар умматга бир соҳада ёки бирор фан бўйича мутахассис олим етишмаса, барча уммат, то камчилик тўлдирилмагунча гуноҳкор бўладилар.

Доктор Роғиб Саржонийнинг
"Ислом ва олам" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!