Илм тоифалари (2-қисм)

00:00 16.05.2019 336

Дунёвий илм ҳам диний илм каби фарзи айн ва фарзи кифояга бўлинади. Тиб илми – табибга, кимё илми – кимёгарга, физика – физикка фарзи айндир. Улар ўз соҳаларини яхши билсалар барчадан гуноҳ кўтарилади, аксинча, мутахассис соҳасини мукаммал билмаса, уммат етук кадр чиқаргунча гуноҳкор бўлади.

Мусулмон киши илмнинг икки туридан ҳам ўзига кераклигини яхши ўзлаштириши лозим. Аввало, Аллоҳга тўғри ибодат қилиши учун диний илмни пухта билмоғи, сўнг дунёвий соҳа илмини ҳам пухта эгаллаши талаб қилинади. Қанча сусткашлик қилса, жавобгарлиги шунча ортади.

Фикр тушунарли бўлиши учун мисол келтирамиз. Дейлик, иқтисодчи. У аввало, Раббисини, Пайғамбарини, Қуръонни танисин. Сўнг таҳорат, намоз, рўза масалаларини ўргансин. Бу унга фарзи айн бўлган диний илмдир. Дунёвий илмда иқтисодни аъло даражада билиш, соҳада умматга манфаатли бўлган изланишлар олиб бормоғи унга фарз бўлади. Иқтисодчига тафсир, фиқҳ, ақида илмларини ипидан игнасигача ўрганиш, шунингдек, кимё, физика, биология каби фанларда аъло бўлиши шарт эмас. Бу соҳаларнинг ўз эгалари бор.

Фақиҳлари кўп, табиблари йўқ жамиятга яна бир фақиҳ шарт эмас. Балки табибга кўпроқ эҳтиёж сезилади. Келажаги бор давлат ҳеч бир соҳани эътиборсиз қолдирмайди, қайси жабҳа оқсаётганини ўрганиб туради. Келажаги буюк халқ ҳар соҳада муносиб кадрлар етиштиради. Бирор соҳанинг етук мутахассиси ўз ишини ташлаб, бошқаси билан андармон бўлмаслиги керак. Барча ўз ишини қилмоғи лозим: чўпон – қўйини боқсин, ўқитувчи – сабоғини берсин.

Кадрларни тайёрлаш, қобилиятли ёшларни қўллаб-қувватлаш масъулиятини ҳукумат ўз зиммасига олмоқлиги лозим. Шундагина тараққиёт ҳақида гапириш мумкин бўлади.

Ҳеч биримиз масъулиятдан холи эмасмиз. Ҳар биримиз уммат учун жон куйдирмоғимиз даркор. Имкониятлари кенг, кўп иш қўлидан келадиган инсонлар бор. Улар ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳаракат қилмоғи зарур.

Талабалар жуда тиришқоқ, изланувчан бўлиши шарт. Дарсликдан ташқари китоб мутолааси билан шуғулланмоғи, кутубхоналарга бормоғи билан бир қаторда, интернетдан кенг фойдаланмоқлиги муҳим. Талаба ҳаракатчан, ўқитувчи изланувчан, муҳандис серғайрат бўлса – тараққиётнинг тамал тоши шу.

Шундагина малакали мутахассис бўлиб унга муҳаббат шамоли эсади, жамият тараққиёт сари дадил одимлай бошласа, рақобатчилар мунг тишлаб қолади. Сиёсатчилар илмий қадам ташлашга мажбур бўлади, динни ёқламайдиганлар ҳам уламолар билан муроса қилишига тўғри келиб, қорилар мусобақасида ўз қўли билан мукофот беради. Ҳукуматдагилар ўз нафсини эмас, илм тараққиётини ҳам ўйлай бошлайди.

Агар Ислом уммати, ҳукуматдан халқгача, жамоатлардан тортиб шахсларгача шаръий ва ҳаётий илм уйғунлигига эриша олишса, ҳеч қачон бировга муҳтож бўлмайди. Аксинча, қадр-қиммати, иззат-ғурури баланд бўлади.

Доктор Роғиб Саржонийнинг
"Ислом ва олам" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!