Илмига амал қилмоқ айни илмдир

21:30 19.05.2018 648

Авзоий айтадилар: «Кофирлар жасадининг ҳидидан қабрлар шикоят қилганида, Аллоҳ уларга: «Ёмон олимларнинг қоринлари сизлар айтаётганингиздан кўра бадбўйроқдир», деб ваҳий қилди».

Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Менга шундай сўз етдики, қиёмат кунида бутпарастлардан олдин олимлар орасидаги фосиқлар ҳисоб-китоб қилинади».

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Билмайдиганларнинг ҳолига бир бора вой бўлсин! Билиб, амал қилмайдиганларнинг ҳолига етти марта вой бўлсин!»

Шаъбий розияллоҳу анҳу айтадилар: «Қиёмат куни жаннат аҳлларидан бир қавм дўзах аҳлларидан бир қавмни кўриб қолади ва улардан: «Сизни нима дўзахга киритиб қўйди? Ҳолбуки, сизлар ўргатган одоб ва илм фазилати билан Аллоҳ бизни жаннатга киритди-ку!» деб сўрайди. Улар: «Биз яхшиликка буюриб, ўзимиз қилмасдик. Ёмонликдан қайтариб, ўзимиз қилар эдик», деб жавоб беради.

Ҳотамул Асом раҳматуллоҳи алайҳ дейдилар: «Қиёматда одамларга илм ўргатган, одамлар ўша илмга амал қилиб, нажот топган, лекин ўзи унга амал қилмасдан, ҳалок бўлган кишидан-да қаттиқ ҳасрат қилувчи кимса бўлмайди».

Молик ибн Динор раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Олим қачон илмига амал қилмаса, ёмғир тошга таъсир қилмагани каби, унинг ваъз-насиҳати ҳам қалбларга таъсир қилмайди».

 

Имом Ғаззолийнинг "Иҳёу улумид-дин" китобларидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!