Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Илмий ҳолатимизга эътибор

880

Исломий уйғониш, шаръий ҳаётни лозим тутиш кўзга ташланиб қолди. Илмга муҳаббат қўйган ёшлар орамизда кўплаб топилади. Бу яхши хабар – мусулмонлар Раббини кўп зикр қилаётганидан нишонадир. Лекин, мусулмонларнинг дунёвий илмларга бепарволиги натижасида бугунги илмий муҳит қониқарли даражада эмас. Бунга бир қанча мисоллар, мулоҳазалар бор.

Биринчи мулоҳаза. Бир қанча мусулмон ўлкалардаги исломий институтлардаги муҳит ўрганилганда, натижа шуни кўрсатадики, юқори даражада таҳсил олаётган талабалар сони жуда оз. Исломий мақола, даъватда фаоллик бор, бироқ дунёвий фанлардан орқада қолинган. Чунки, талаба дин йўлида дунёвий фанлардан воз кечиш лозим, деб ҳисоблайди. У Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ дарсларига қатнашади, аммо кимё, физика каби фанлари­ни ўзлаштирмайди. Қорилар ва шайхлар мажлисига боради, бироқ тажриба майдонларига яқинлашмайди ҳам. Бу муаммо мусулмон талабалари учун одатга айланган.

Шунга қарамай, ноумид бўлмаслик керак, аксинча, муаммоларни ўрганиб, самарали ечимини топишимиз зарур. Талабаларнинг дунёвий илмларга бўлган қизиқишини оширмоқ қанчалар зарур эканини англатишимиз шарт! Диндорлар замонавий илм-фанларни яхши эгалламаганлари сабаб, диний тушунчалардан йироқ аълочи мусулмон талабалар исломий бўлишдан қўрқишади. Диндор бўлсам, дунёвий илмда қолоқ бўлиб қоламан, дейишади. 

Мен бир неча аълочи, лекин диндан йироқ мусулмон талабалар билан гаплашдим. Уларга Ислом илм дини эканини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Бироқ уларда ўзгариш бўлмади. Уларнинг ҳолати шундай дерди: “Исломни воқеликка татбиқ қилиб бўлмайди, йўқса, тақводорлар нима учун яхши ўқимайди. Фан докторлари, профессорлар орасида мусулмонлар эмас, балки бошқа дин вакиллари кўпроқ”

Ҳа, бу оғир масала, уни ечиш учун кўп вақт, машаққат керак!

Иккинчи мулоҳаза. Америкада бир илмий мажлисда дунёвий илмларнинг аҳамияти, мусулмонлар табиий фанларни ўзлаштиришга жидду жаҳд қилиши, Ислом уммати бошқалардан илғор бўлиши лозимлиги тўғрисида маъруза қилдим. Маърузадан сўнг, Америкада яшовчи бир араб билан ушбу мавзуда суҳбат қилдик. Унинг фикридан карахт бўлиб қолдим. Унингча, Аллоҳ таоло Ўз фазли ва раҳмати билан кофирларни бизнинг хизматимизга бўйсундириб қўйган эмиш, улар қийналиб ихтиро қилган кашфиётларини сотиб олиш учун бизга керакли маблағ бериб қўйган эмиш. Яна денг, Аллоҳ биз қийналмаслигимиз учун уларни дунёвий илмларга устамон қилиб, бизни шаръий илмлар билан машғул бўлишимизга, ҳатто, ўйнаб-кулишимизга имкон яратган эмиш. Унинг ҳамфикрлари, қўллаб-қувватловчилари кўп эмиш. Яна эмишки, Аллоҳ таоло Америка, Япония, Хитой, Германия, Россия каби давлатларни бизга бўйсундириб қўйган экан... Тавбангдан кетай-ей, қўйиб берса, у Исроил замонавий техника ва қурол-аслаҳа билан мусулмонлар ерларини босиб олганини ҳам Аллоҳнинг марҳамати, деб ўйласа керак!

Учинчи мулоҳаза. Ислом уммати ўйлаб кўриши керак бўлган асосий масала – эҳтиёж бор жойга инфоқ қилишдир. Бойларимиз фақир ва мискинларга садақа қилиши, умматнинг келажаги бўлган толиби илмларга, айниқса, мусофир талабаларга ёрдам кўрсатмоқ зарур. Баъзи бойлар ҳаж, умра зиёратини такрор-такрор қилишади-ю, маълум соҳа бўйича илмий анжуманларни ўтказиш учун молиявий ёрдам кўрсатишни хаёлига ҳам келтиришмайди.

Айрим сармоядорлар Қуръон ёдлаш ёки фиқҳ марказларига ҳомийлик қилади-ю, компьютер технологияси каби зарур замонавий илм марказларига ёрдам кўрсатишмайди. Шаҳарларда масжидлар қурилади, лекин илм даргоҳлари бунёд этилмайди.

Бундай кишилар исломий хайрия маъносини тўла тушунмасдан, фақат масжид, қорихона қуришни савоб деб ўйлайди.

Тўртинчи мулоҳаза. Ислом оламида илмга қизиқиш пасайгани ҳеч кимга сир эмас. Масалан, Мисрда ўн беш ёшдан катталарда саводсизлик 29,6 фоизга етган. Яъни, ҳар ўнта мисрликдан учтаси ўқиш-ёзишни билмайди. Аҳолининг учдан бири газета, журнал ўқимайди, Қуръонни очиб ҳам кўрмайди, ҳозирги ривожланган ускуналардан фойдалана олмайди.

Камбағаллар биз билан бир муҳитда яшаса-да, бирор кимса уларни ўқитишни ўйлагани йўқ. Ваҳоланки, Исроил давлатида саводсизлик даражаси анча паст. Миср­да ўн беш ёшдан йигирма тўрт ёшгача бўлган йигитлар орасида саводсизлик 15 фоиз бўлса, Исроилда эса 2,9 фоизни ташкил этади.

Уруш ва ночорлик чарчатган Кубада ёшлар орасида бесаводлик йўқ: ҳар бир йигит-қиз ўқишни ва ёзишни билади. Катталар орасида саводсизлик 0,2 фоизни ташкил қилади.

Нафақат Куба, балки Лотин Америкасининг Чили, Бразилия, Колумбия каби камбағал давлатларида ҳам саводсизлик даражаси 2–3 фоиздан ошмайди.

Демак, камбағаллик, иқтисодий муаммолар саводсизликка баҳона бўла олмайди. Бу фақат Мисрга тегиш­ли эмас. Мусулмон мамлакатларнинг кўпида шу муаммо бор. Масалан, Мағриб (Марокаш)да ёшлар орасида саводсизлик Мисрдан икки баробар кўп: 30 фоиз, катталар орасида 48 фоиз экани ҳеч бир ўлчовга тўғри келмайди. Аёллар орасида саводсизлик Мисрда 41 фоиз, Исроилда 4 фоиз, холос.

Мусулмонларни саводхон қилиш фақат ҳукумат вазифасигина эмас. Илм аҳли меҳнати, бойлар сармояси билан бундай хайрли ишга ҳисса қўшмоғи керак.

(давоми бор) (1-қисм) (2-қисм) (3-қисм) (4-қисм) (5-қисм)

Таржимон: Бекмуҳаммад Алибоев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ровийларнинг ишончли ёки ишончсизлигини ўрганувчи илм

159 21:00 05.03.2021

“Ойнинг ёрилгани исботлангач, мусулмон бўлдим...”

1919 16:30 01.03.2021

 Ислом ва дунёвий илмлар

370 20:00 26.02.2021

Ақлли одамлар хорижга кетиб қоляпти...

1478 08:00 24.02.2021

Илм тоифалари

441 08:00 21.02.2021
« Орқага