Илмли пайғамбарлар сифати (1-қисм)

02:00 11.05.2019 362

Аллоҳ ҳузурида энг мартабаси улуғ зотлар – пайғамбарлардир. Чунки пайғамбарлар илм соҳиблари ҳисобланадилар. Илм Аллоҳнинг ҳузурида қадрли сифатдир. Аллоҳ Китобида илм пайғамбарларнинг нафақат ажралмас сифати, балки уларнинг асосий вазифаси – маърифат улашиш экани ҳам баён этилади.

Киши ўзида йўқ нарсани бировга бера олмайди, демак, пайғамбар олим бўлиши шарт. Илмини зиёда қилиб, бошқаларга ўргатиши, Аллоҳ берган илмни яширмаслиги талаб қилинади. Аллоҳ таоло айтади: “Пайғамбар зиммасида фақат (сизларга ҳақ динни) етказиш бордир” (“Нур” сураси, 54-оят). Қуръонда пайғамбарлар зикри кўпинча илмга боғлиқ ҳолда келади.

Одам алайҳиссалом ҳақида айтади: “(Аллоҳ) Одам (Ато)га барча номларни ўргатди” (“Бақара” сураси, 31оят).

 Лут алайҳиссалом ҳақида: “Лутга эса ҳикмат ва илм ато этдик” (“Анбиё” сураси, 74-оят).

Мусо алайҳиссалом ҳақида: “Қачонки, у вояга етиб, (ақли) тўлгач, Биз унга ҳикмат ва билим ато этдик” (“Қасос” сураси, 14-оят). Ёқуб алайҳиссалом ҳақида: “Зотан, у Биз (ваҳий орқали) берган таълимимиз сабабли (чуқур) билим эгасидир. Лекин одамларнинг аксарияти (буни) билмайдилар” (“Юсуф” сураси, 68-оят).

Юсуф алайҳиссалом ҳақида: “Вояга етгач, унга ҳукм (ҳакамлик) ва илм ато этдик. Чиройли иш қилувчиларни (Биз доимо) шу тарзда мукофотлаймиз” (“Юсуф” сураси, 22-оят).

Довуд ва Сулаймон алайҳимассаломлар ҳақида: “Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик. Биз ҳар иккисига ҳикмат (пайғамбарлик) ва илм ато этдик” (“Анбиё” сураси, 79-оят).

Исо алайҳиссалом ҳақида: “Сенга ёзувни, ҳикматни, Таврот ва Инжилни таълим бердим” (“Моида” сураси, 110-оят).

Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида: “У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир. Унга (тиловатни) шиддатли қувватга эга бўлмиш зот (Жаброил) таълим бермишдир” (“Нажм” сураси, 4–5-оят). “Аллоҳ Сизга Китоб ва Ҳикматни нозил қилди ва билмаганингизни билдирди” (“Нисо” сураси, 113-оят).

Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини эшитган экан: “Тушимда менга бир идишда сут берилди, ундан қониб ичдим, ҳатто тирноқларим орасида кўринди, сўнгра қолганини Умарга бердим”. Саҳобалар сўрадилар: “Нима деб таъбир қилдингиз эй, Расулуллоҳ”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: “Илм деб ўйладим” (Бухорий ривояти).

Илм пайғамбарларга берилган энг қимматбаҳо неъмат. Шунинг учун улар бизга илмни мерос қилиб қолдирдилар. Кимки пайғамбарлар байроғини кўтармоқчи, улар йўлидан юрмоқчи, қиёмат куни улар билан тирилмоқчи бўлса, илм йўлидан юрсин!

Илмнинг қадр-қиммати баланд бўлгани учун Аллоҳ уни муайян кишиларга бериб, уларнинг обрўсини кўтарган. Масалан, Толут бошлиқликка илм ва қувват сабаб ҳақлироқ. Аллоҳ марҳамат қилган: “Аллоҳ уни сизларга Ўзи танлаб, уни илмда ва жисмонан зиёда этди” (“Бақара” сураси, 247-оят).

Оятда “илм” сўзи “қувват”дан олдин келтирилди. Негаки, илм қувватни ўзига бўйсундира олади. Кучсиз инсон ақли билан бақувват шерни бўсундириши мумкин, лекин шер инсонни бўйсундира олмайди.

Аллоҳ илмни ҳукмронлик, бошқариш, олийлик сабабларидан қилди. Сулаймон алайҳиссалом ва Билқис қиссасида айтади: “(Сулаймон айтди: “Алҳамду лиллаҳки), бизларга ундан илгари илм берилиб, мусулмон бўлганмиз” (“Намл” сураси, 42-оят).

Доктор Роғиб Саржонийнинг
"Ислом ва олам" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!