Илмли пайғамбарлар сифати (2-қисм)

10:00 14.05.2019 308

Аллоҳ аҳли илмларни доимо салоҳиятга, нажотга, ҳақ гувоҳликка, чуқур мулоҳазаликка, пухталикка нисбат беради, тавҳид ҳақиқатига етишганлар ҳақида айтади: “Адолатда (барқарор) туриб, Аллоҳ гувоҳлик беради: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир”. Фаришталар ва илм эгалари ҳам (буни таъкидладилар). (Албатта,) қудратли ва ҳикматли Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир” ("Оли Имрон" сураси, 18-оят).

Қуръонни қалбида сақлайдиганлар ҳақида айтади: “Йўқ, у (Қуръон) илм берилган зотларнинг дилларидаги аниқ оятлардир! Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилурлар” ("Анкабут" сураси, 49оят).

Ҳақни идрок қилувчилар ҳақида айтади: “(Эй, Муҳаммад,) илм берилган зотлар Сизга Раббингиз (томонидан) нозил қилинган (Қуръон)нинг ҳақ (Китоб) эканини ва у  қудратли, ҳамдга лойиқ Зотнинг йўлига ҳидоят қилишини билурлар” ("Сабаъ" сураси, 6-оят).

Қорун қиссасидаги дунё ва охират ҳақиқатини тўғри фаҳмлаганларни мақтаб айтади: “Илм ато этилган кишилар эса: “Ўлим бўлсин сизларга! Имон келтирган ва эзгу иш қилган киши учун Аллоҳнинг савоби яхшироқ-ку! У (савоб)га фақат сабрли кишиларгина эришурлар”, дедилар” (Қасос сураси, 80-оят).

Хизр алайҳиссаломни меҳрибонлик ва илм билан сифатлангани учун мақтаб, Мусо алайҳиссаломни ундан таълим олишга йўллади: “Бас, бандаларимиздан бир бандани (Хизрни) топдиларки, Биз унга Ўз даргоҳимиздан илм ато этган ва Ўз ҳузуримиздан илм берган эдик” ("Каҳф" сураси, 65-оят).

Аллоҳ мўминларга хос бир сифатни миннат қилиб айтади: “Ўзлари ичидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориб, Аллоҳ мўминларга меҳрибонлик қилди. Улар эса бундан олдин аниқ гумроҳликда эдилар” ("Оли Имрон" сураси, 164-оят).

Бутун инсониятга миннат қилиб айтади: “Меҳрибон (Аллоҳ) Қуръонни таълим берди. У инсонни яратди. Унга баённи (нутқни) таълим берди” ("Ар-Раҳмон" сураси, 1–4-оят). Ояти каримада, аввало, Қуръон таълимини берганини, сўнг инсонни яратиб, унга нутқ ўргатгани таъкидланмоқда. Демак, инсон илм билан ўралган, агар илмни йўқотса, ўзлигини ҳам йўқотади.

Аллоҳ таоло илм эгаларини жин оламидан ҳам юқори қилди ва шундай деди: “(Шунда) жинлардан бир алвасти айтди: “Мен уни сенга ўрнингдан туришингдан илгари келтирурман. Албатта, мен бунга қодир ва ишончлидирман”. Китоб (Исми аъзам)дан илми бор бўлган зот эса: “Мен кўзинг ўзингга қайтгунича (кўз очиб юмгунингча) уни сенга келтирурман”, деди” ("Намл" сураси, 39–40-оят).

Ҳайвонлар ҳам илм туфайли ўзига ўхшаган жонзотлардан юқори бўлади. Яъни, ўргатилган йиртқич овлагани ҳалол, ўргатилмаган овлагани ҳаромдир. Аллоҳ айтади: “Сиздан (ўзларига) ҳалол қилинган нарсалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Сизларга покиза нарсалар ва Аллоҳ сизларга билдирганидан сизлар ўргатган йиртқичлар (келтирган овлар) ҳалол қилинди. Бас, улар сизлар учун тутган (овлар)идан “Бисмиллоҳ”ни айтиб еяверингиз ва Аллоҳдан қўрқингизлар. Зеро, Аллоҳ ҳисоби тез Зотдир” ("Моида" сураси, 4-оят).

Пайғамбар алайҳиссалом илм ўрганишни буюк иш санаб, унда мусобақа қилишга тарғиб қилди: “Икки кишига ҳавас қилиш мумкин: бири – Аллоҳ унга мол-дунё берганида, (уни) Аллоҳ йўлига сарфлайдиган киши; иккинчиси ¬Аллоҳ унга илм берганида, кечаю кундуз илмини халққа тарқатган киши” (Бухорий, Муслим ривояти).

Юқоридаги баёнлар илм – Аллоҳ берган неъматларнинг энг улуғи эканини такрор-такрор англатади. Аллоҳ Пайғамбарига зиёда этилишини сўраб илтижо қилишга буюрган оз нарсалардан бири ҳам илмдир. Бунинг ҳеч ҳайратланарли жойи йўқ, Аллоҳ Пайғамбари ва умматига юзланиб хитоб қилади: “Эй, Раббим, менга илмни зиёда эт!” денг” ("Тоҳо" сураси, 114-оят). Зеро, инсон Раббисининг илми олдида эсанкираб, ҳайрон қолади. Аллоҳ илми ҳақида айтади: “Раббим илм жиҳатидан ҳар нарсани қамраб олган” ("Анъом" сураси, 80-оят).

Аллоҳ Китобида яна айтади: “Сизларга эса оз илм берилгандир” ("Ал-Исро" сураси, 85-оят). Бунда янада кўпроқ илм излашга, ўрганилмаган соҳаларни ҳам тадқиқ қилишга ишора бор.

Китобимизнинг ушбу фаслида илм ҳақида Қуръон ва суннатда келган  барча маълумотни тўплашга уринмадик, бу жуда мушкул иш. Бор-йўғи Исломда илмнинг аҳамиятини баён қилмоқчи бўлдик, холос. Токи, китобхон илм қадрини билсин. Қодир Аллоҳдан Ислом ва мусулмонларни азиз қилишини сўрайман.

Доктор Роғиб Саржонийнинг
"Ислом ва олам" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!