Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Илмсиз ижтиҳод қилиш ва унинг экстремистик жамоалар фикридаги салбий натижалари

370

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар”

(ўн бешинчи қисм)

(Давоми, боши мана бу ерда)

Илмсиз ҳолда ижтиҳод қилишдаги қадамлар тойилиши

Иждиҳод масаласи динимизда ўта масъулиятли ишларидан биридир. Шунинг учун бу борада ижтиҳод соҳибидан маълум шартлар  талаб этилади. Чунки ижтиҳод соҳиби ўз ижтиҳодида Аллоҳ таоло ва расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номларидан гапиради. Аммо Аллоҳ ва расули номидан улар айтмаган гапни айтиш шаръан ҳаром амал ва гуноҳи кабирадир. Ҳатто бу иш ояти каримада ширк амалига тенглаштирилади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди:

“Айтинг: «Парвардигорим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган, холос.” (Аъроф,33)

Айни шу масала ҳақида жунублик етган ярадор саҳоба ҳақидаги ҳадиси шарифни ҳам мисол қилиш мумкин. Унга айрим саҳобалар ғусл қилиш зарурлигини айтдилар. У ғусл қилди ва оқибатда жароҳат етган жой совуқ сувда йиринглаб у одам ҳалок бўлди. Бу хабар Расулуллоҳга етиб келганида ул зот: “Уни ҳалок қилганни Аллоҳ ҳалок қилсин! Билмасалар (биладиганлардан) сўрамайдиларми? Билмасликнинг шифоси сўрашлик-ку!” дедилар.

Айни пайтда салафи солиҳларимиз мазкур сўраш масаласида жуда ҳушёр эдилар. Илмда собит бўлмаган, ижтиҳодга лаёқатли бўлмаган одамлардан масала сўрамас эдилар. Аллома Заҳабий машҳур тобеин Ато Ибни Рабоҳ ҳақида шундай дейди:

“Уммавий султонлари ҳар йили ҳаж мавсумида одамларга, “Ато Ибни Рабоҳдан бошқа ҳеч ким фатво бермасин. Агар у одам бўлмаса фатвони Абдуллоҳ Ибни Нажиҳдан сўранглар”, деб жарчи чақиртирар эдилар”

Ибни Ваҳаб айтади:

“Мадинаи мунавварада жарчининг, эй одамлар огоҳ бўлинглар! Молик Ибни Анас ва Ибни Аби Заъибдан бошқа ҳеч ким фатво бермасин, деб жар чақираётганини эшитдим”.

Салафи солиҳларимиз ҳаётида бу каби воқеалар жуда кўп бўлган. Аммо бугунги кунимизда ҳолат буткул ўзгариб кетди. Бугун ғаразгўй мақсадли, хулқи ёмон, ўзи эса ижтиҳодга етарли ҳеч бир илм маърифатга эга бўлмаган одамларнинг фатвога ўчлигига гувоҳ бўласиз. Бугунги воқелик ҳатто динимизнинг аслий (бирламчи) ва фаръий(қўшимча) аҳкомларини ажрата олмайдиган одамларни-да шариатимизни олий аҳкомлари ҳақида баҳс қилишигача етиб келди. Улар Китоб ва суннатга узвий боғланмаган, чуқур таҳсил олмаган одамлардир. Узуқ-юлуқ, ҳар-хил сайтлардан эшитиб олиб фатво бермоқдалар. Кўпчилиги бирор илм масканида тизимли равишда ва етук устозлар ҳалқасида таълим олмаган. Уларнинг ижозасини ҳам олмаган. Ачинарлиси, аксари ёш йигитлардан иборатдир. Айниқса айрим тиббиёт ходимлари, инженер ва бошқа соҳа одамларини ҳам жарҳ ва таъдил(ҳадисларни матн ва санадларини ўргатадиган йўналиш) соҳаларида баҳс қилаётганларини кўраяпмиз. Улар гарчи бунга лойиқ бўлмасалар-да фиқҳ усул ва таржиҳ(далилларни қайси бири кучлироқ эканини аниқлаш) каби ўта муҳим мавзуларга киришмоқдалар. Уларнинг бу иши нодонлик ва жоҳилликни келтириб чиқаради, холос. Чунки улар бу ишга мужтаҳид уламоларимиз ёндошгани каби ёндошмайдилар. Улар мутахассислик масаласини назардан четда қолдирмасалар яхши бўларди. Масалан, иқтисодий масалаларда иқтисодчиларга, соғлиқни сақлаш масаласида шифокорларга, қурилиш масаласида архитекторларга мурожат қиламиз. Худди шу каби шаръий масалаларни ҳам Китоб ва суннатдан ҳукм олишга лаёқатли бўлган мужтаҳид уламоларимизга ҳавола қилишимиз зарур.

Айтиб ўтганимиздек, бугун Китоб ва суннатдан тўғридан-тўғри ҳукм олишни даъво қилаётганлар кошки эди Китоб ва суннатни, илмий асосни билсалар. Балки улар диний маърифатдан йироқ бўлган, ўз ижодлари асосида иш тутадилар. Оқибатда илмий салоҳияти етмагани, фикрий  турғунлиги сабабли бузуқ ижтиҳод ва фикрлар билдирмоқдалар.             

Уларнинг бундай анархия йўлини тутишида на бир чегара ва на бир асос бор. Улар ўз нафсларидаги худбинлик билан ояти карима ва ҳадиси шарифларни ўзларига мос қилиб изоҳлайдилар. Бу масалани қуйидаги ояти карима шундай баён қилади:

“Қачон уларга (жангга кетган мусулмон аскарлар ҳақида) тинчлик ёки хавф-хатар (яъни ғалаба ёки мағлубият) хабари келса, уни ёйиб юборадилар. Агар (улар ўзларига келган хабарни ҳар кимга ёйиб юрмасдан)пайғамбарга ва ўзларидан бўлган бошлиқларгагина етказганларида эди, уни (яъни мана шу хабарнинг ҳақиқатини) билмоқчи бўлган кишилар ўшалардан билган бўлар эдилар. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлмаса эди, (яъни Аллоҳ ўз марҳамати билан сизларни иймонда устивор қилмаса эди) айрим кишилардан ташқари ҳаммангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз”. (Нисо, 83)

Ижтиҳод ва истинбот (ояти карима, ҳадиси шарифлардан ҳукм олиш салоҳияти) даражасига енгил кўз билан қараётган, ўзлари эса у даражага мутлақо нолойиқ бўлган бугунги билағонларни фатволари ортидан мусулмонлар ва уларнинг жамиятлари ҳам ёппасига куфр деб эълон қилинмоқда. Улар ўз жамиятлардаги жума ва масжид имомлари ортидан намоз ўқишни ҳаром демоқдалар. Чунки уларнинг фикрича, у имомлар ҳам кофирдир. (Аллоҳ асрасин). Шаръий аҳкомларни енгил олиш, айбсиз фуқароларни ўлдириш каби ишлар ҳам шулар жумласидандир. Бугун қатор жамиятларда содир бўлаётган зўравонлик, портлатиш ва халқаро терроризм каби иллатларнинг сабабларидан бири ҳам айнан ушбу енгил фатволардир. Бунинг устига улар бу каби ишларини амри маъруф ва наҳий мункар, Аллоҳ йўлида юриш деб баҳоламоқдалар. Шаръий далилларни илм-марифатсиз қўллаш айнан мана шундай хунрезликларга олиб келади. Ёшгина ўспирин мусулмон йигитларни ҳам айбсиз, тинч аҳоли орасига кириб улар мусулмонларми ёки ғайридинларми қараб ўтирмасдан ўзини портлатиб юбораётганини гувоҳи бўлаяпмиз.

Биз қуйидаги бобларимизда, жамиятларни кофир деб эълон қилиб у ерларда қон тўкишни-да ҳалол санаётган ботил ижтиҳод мавзуларини ёритамиз. Шунингдек ҳақиқий ижтиҳод қандай бўлиши ва унинг шартлари ҳақида батафсил тўхталамиз.

Мақсадимиз салаф уламоларимиз бу борада қанчалар машаққатли вазифаларни ўз зиммаларига олганлари ҳамда қанчалар кенг қамровли илмий ва тўғри фатволар чиқарганларини тушиниб олишликдир. Зеро “ижтиҳод” бу улкан ва ўта хатарли мақомдир. Чунки у Аллоҳ ва расули номидан гапиришдир!

(Давоми бор)

 

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан.

Таржимон: Тоҳир Воҳидов.

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ашараи мубашшара: Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу

100 11:35 21.10.2020

“Муҳаммад” исмини бетаҳорат айтмаган султон

464 10:04 21.10.2020

“Макрон мусулмонларнинг овозини ўчирмоқчи”

2198 21:05 20.10.2020

Ашараи мубашшара: Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу

510 19:05 20.10.2020

Францияда мусулмонларга қарши рейдлар бошланди

501 18:40 20.10.2020

«Йўлчи юлдузларга эргашиб...» (бешинчи қисм)

245 18:05 20.10.2020
« Орқага