Имом Абу Ҳафс Кабир Бухорий

15:07 29.04.2019 591

Аҳмад ибн Ҳафс Бухорий 150 ҳижрий (767 милодий) йили Бухорода туғилган. У кишининг тўлиқ исми аллома фақиҳ Мовароуннаҳр шайхи, машриқ фақиҳи Абу Ҳафс Кабир Аҳмад ибн Ҳафс Бухорий Ҳанафийдир. Аҳмад ибн Ҳафс илм излаб Бағдодга боради. У ерда Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний билан учрашади ва ундан дарс ола бошлайди. Ҳанафий мазҳаби фиқҳини ўрганиб, бошқа диний илмларда ҳам камолга етганидан кейин Бухорога қайтади. У ўз даврининг етук олим ва фақиҳларидан бўлган. Баъзи манбаларда, Бухоро шу киши туфайли “Қуббатул Ислом” (“Ислом дини гумбази”) деб аталган, дейилади.

Абу Ҳафс Кабир ҳанафий мазҳаби фиқҳининг Мовароуннаҳрда тарқалишида қанча жонбозлик кўрсатган бўлса, унинг ўғли Абдуллоҳнинг ҳам бу борада хизмати катта бўлган. Шунинг учун ҳам Абдуллоҳни “Абу Ҳафс Сағир”, яъни “Кичик Абу Ҳафс,” деб аташган.

Наршахий айтишича, ҳожилар карвонидан бир киши Абу Ҳафс Кабирни ёнига келиб, масала сўраган экан. Абу Ҳафс Кабир ҳайратланиб: “Ўзинг Ироқдан келяпсан-ку, нима учун Ироқ олимларидан сўрамадинг?” дебди. У киши: “Бу масалада Ироқ олимлари билан мунозара қилдим, лекин жавоб бера олишмади ва менга “Бухорога бориб, Абу Ҳафс Кабир ёки унинг фарзандларидан сўра, улар жавоб бера олади”, деб айтишди, деди.

Олим фиқҳнинг турли масалаларига доир кўп асарлар ёзган. Булардан айниқса “Фатавои Абу Ҳафс Кабир” ва “Китабул ийман” асарлари машҳур бўлган. Абдулкарим Самъоний айтишича, Абу Амр Аҳмад ибн Абу Бакр Хузоий Моҳий: “Мен Абу Ҳафс Кабирнинг “Китабул ийман” китобларидан таълим олганман”, деган. Абу Ҳафс Кабирнинг фиқҳга доир турли масалалар ёритилган “Ал-Аҳва вал­-ихтилаф”, “Ар-Родду алал-лафзия” каби асарлари ҳам бор.

Абу Ҳафс берган фатволар ва унинг асаридан олинган иқтибослардан кейинги давр уламоларининг фиқҳий асарларида кенг истифода этилган. Жумладан, унинг фикрлари Алоуддин Бухорийнинг “Ҳайротул-фуқоҳо”, Масъуд ибн Маҳмуд ибн Юсуф Самарқандийнинг “Масъудий”, Бурҳониддин Маҳмуднинг “Муҳитул бурҳоний”, Абу Бакр ибн Масъуд Косонийнинг “Бадойиъу санойиъ фи тартиби шароиъ”, Музаффар Муҳйиддин Муҳаммад Аврангзеб фармони билан Шайх Низомиддин Балхий бошчилигида йигирма уч нафар фақиҳлар томонидан ёзилган “Фатавойи Оламгирия ёки Фатавойи Ҳиндия” каби қатор асарларда учрайди.

Имом Шофиъий Абу Ҳанифа таърифларида “Одамлар фиқҳда у зотнинг боқимандаларидир” деганларидек, Бухоронинг барча олимлари ҳам Абу Ҳафс Кабир олдиларида қарздордирлар. Жумладан, буюк муҳаддис, ҳадис илмининг пешвоси Имом Бухорий ҳам у кишининг шогирди бўлган. Бухоронинг аксар олимлари Абу Ҳафсдан таҳсил олишган.

Абу Ҳафс Кабир, амир бўладими, оддий фуқаро бўладими, қандай муаммо билан келса, ҳал қилиб берар эди. Олди-сотди ёки ибодат масалаларини жуда аниқлик билан ечарди. Шу боис, одамлар олимни “Ҳожатбарор имом” деб ҳурматлашган.

Имом Абу Ҳафс Кабир Бухорода ҳанафий мазҳаби асосида таълим бериладиган илк мадрасани қурдирган. Бу мадраса ҳозирги “Пойи Калон” мавзеида бўлган. Аллома уйдан мадрасага боришда бозор орқали ўтардилар. Унинг ҳайбатидан бозорчиларнинг шовқин-сурони тўхтаб қоларди.

Абу Ҳафс Кабирнинг илмда забардаст ўнлаб шогирдлари бўлган. Улардан Абу Жаъфар Ризвон ибн Салим Бадакорий Бухоронинг Бадакор қишлоғидан эди. Яна шогирдларидан Абул Ҳасан Муқотил ибн Саид Байдарий, Ҳотам ибн Наср ибн Молик Ғиждивоний, Абу Солиҳ Тоййиб ибн Муқотил Хуноматий, Муҳаммад ибн Ҳотам Субизгукий, Муҳаммад ибн Абдулло Абу Заҳҳок Фазл ибн Ҳассон Сутиканий, Абу Саид Сулаймон ибн Довуд Шарғий ва унинг ўғли Абу Усмон Саид ибн Сулаймон Шарғий ҳам Абу Ҳафс Кабирдан таълим олган.

Абу Ҳафс Кабир 216 ҳижрий ( 832 милодий) йили вафот этган ва Бухородаги “Дарвозаи нав” қаршисидаги тепаликка дафн этилган. Муҳаммад Наршахий ўзининг “Бухоро тарихи” асарида: “Марҳум Хожа Абу Ҳафснинг саройи, кишилар у жойни қанчалик тузатиб турганликларига қарамай, бу кунгача сақланиб қолмаган ”, деган.

Шуни айтиш мумкинки. Абу Ҳафс Кабирнинг шахсияти ва фаолияти кенг ўрганиладиган мавзулардан бўлиб, у зотнинг шахсияти ва олиб борган илмий фаолияти ёшларга илм олиш ва олган илми жамиятга манфаатли бўлиши учун ўрнак десак арзийди. Аллома ўз замонасида биринчи бўлиб исломий илмларни таълим берадиган илм даргоҳига асос солган. У асос солган таълим масканида таҳсил олишни бошқа юрт толиби илмлари ҳам орзу қилишган.

Холиқов Нурулло

 

 

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!