Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Имом Абу Ҳанифа кўрган саҳобалар

978

Имом Абу Ҳанифа ҳақида ёзилган таржимаи ҳолларнинг барчаси у кишининг баъзи саҳобалар билан кўришганлигини ривоят қилади. Уларнинг бир қисми, айниқса, муҳаққиқ Ҳанафий олимлари у зотнинг саҳобадан ҳадис ривоят қилганига урғу берадилар.

Кишининг тобеинлардан бўла олиши учун саҳобийни кўрмоғи етарлидир, ҳадис ривоят қилиш шарти йўқ. Дарҳақиқат, Ибн Ҳажар Асқалоний бу фикрни “тобеин” таърифи билан боғлиқ турли фикрлар орасида энг ишончлиси деб таъкидлайди. Имом Нававий ҳам “тобеин”ни таърифларкан “саҳобий билан кўришган киши” дейдилар.

Кишининг тобеиндан деб қабул этилиши учун ривоят шартини илгари сурмоқ имом Муслим нақл этган ҳадисга зиддир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тобеиннинг энг хайрлиси Увайс деган одамдир”, дедилар. Саййидимиз соллаҳу алайҳи ва салламнинг тобеиннинг энг хайрлиси ўлароқ таърифлагани ҳазрати Увайс саҳобани кўрганди, холос. Ваҳоланки, лардан ҳадис ривоят қилмаганди.

Абу Ҳанифанинг саҳобадан ривояти йўқлиги ҳисобга олинган тақдирда ҳам у зот барибир тобеиндан деб қабул қилинади. Ибн Ҳажар Асқолоний бу борада шундай дейдилар: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 80-йилда Куфада дунёга келиб, шаҳарда яшаган бир неча саҳобийни кўрганлар. Шу сабабдан тобеин авлодидан саналадилар ва замондоши бўлган бошқа фақиҳлардан устундирлар”.

Абу Ҳанифа бир неча саҳоба билан кўришиб, улардан ҳадис ривоят қилганлар. У зотнинг улар билан кўришиш имконини хронологик жиҳатдан қуйидагича таҳлил қилишимиз мумкин.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу. Бу зотнинг вафот санаси билан боғлиқ уч хил ривоят бор: ҳижрий 91, 92 ва 93-йиллар. Имом Аъзамнинг туғилиши эса 80-йилларга тўғри келади. Бу ҳолатда Анас ибн Моликнинг вафоти билан алоқадор биринчи сана мўътабар деб қабул қилинса ҳам, Абу Ҳанифанинг у зот билан кўришишидга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Шунингдек,  муҳаққиқ олимлар ҳам бунга иқрор бўлганлар.

Aбдуллоҳ ибн Aбу Aвфа розияллоҳу анҳу. Имом Aбу Ҳанифа ҳижрий 87-йилда вафот этган Aбдуллоҳ ибн Aбу Aвфа розияллоҳу анҳуни охирги марта кўрганларида 7 ёшда эдилар.

Aбдуллоҳ ибн Унайс розияллоҳу анҳу. Имом Aбу Ҳанифа ҳижрий 94-йилда Куфага келган Aбдуллоҳ ибн Унайс розияллоҳу анҳу билан кўришганларида у зот 14 ёшда эдилар. Имоми Aъзам Aбдуллоҳ ибн Унайс розияллоҳу анҳудан ҳадис эшитганликларини айтиб ўтганлар.

Васила ибн Aсқо розияллоҳу анҳу. Aбу Ҳанифа ҳижрий 85 йилда вафот этган Васила ибн Aсқо розияллоҳу анҳу билан кўришганларида 5 ёшда эдилар.

Aбу Туфайл Aмир ибн Васила. Aбу Туфайл розияллоҳу анҳу энг сўнгги вафот қилган саҳоба ҳисобланади. Ҳижрий 102 йилда Маккада охиратга риҳлат қилганлар.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг олимларга нисбатан бўлган меҳри барчага маълум. У киши тижоратда фаол бўла туриб, илм мажлисларида ҳам бардавом, Аҳли суннани мудофаа қилиш мақсадида иштирок этган мунозараларда қилган баҳслари билан давр олимларининг мақтовига сазовор бўлган эдилар. Олимнинг ўз даврида Куфада истиқомат қилган саҳобалар билан кўришмаганлигини тасаввур қилиш қийин! Улар билан кўришгани тақдирда ҳам саҳобалар ҳадис ривоят қилмаган бўлиши мумкин эмас! Бу Абу Ҳанифанинг қадрини идрок этолмаганларга оид мавҳум иддаодир.

Шунингдек, у зот шундай бир ҳадисни нақл қиладилар: “Ҳижрий 96 йилда 16 ёшда экан отам билан биргаликда ҳажга кетдим. Масжиди Ҳарамга кирибоқ катта бир илм ҳалқасини кўрдим. Отамга, бу кимнинг ҳалқаси, деб сўрадим: Отам: “Расулуллоҳни саҳобаларидан Абдуллоҳ ибн Жази Зобидийнинг...”, дедилар. Буни эшитиб у зот томон бордим ва қуйидаги у киши пайғамбаримиздан эшитгани ҳадисни эшитдим: “Ким ўзини Аллоҳнинг динига бағишласа, Аллоҳ таоло ҳам уни ташвишга соладиган нарсалардан асрайди ва ҳисоб қилмаган жойдан уни ризқлантиради”.

Баъзилар Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу билан кўришганини қабул қилсалар-да, ундан ҳадис ривоят қилганини рад этадилар. Бошқа бир қисм эса у зотни ёш эътиборидан бир гуруҳ саҳобаларни кўрганини айтса-да, улар билан кўришиб ҳадисларини ривоят қилганини инкор қиладилар. Иккинчи гуруҳ рад қилиш масаласида бир одим илгари туради, лекин ҳар икки гуруҳ ҳам аксига гувоҳлик берадилар. Иддаоларини рўкач қилиб, “Саҳоба билан кўришганини фалон-фалон олим ривоят қилмади”, дейдилар. Бундай эътироз эса яроқсиздир. Чунки йўқ нарса устида фикр юритмоқдалар. Бу хусусда Кардарий шундай дейдилар: “Баъзи муҳаддислар имом Абу Ҳанифанинг саҳоба билан кўришганини инкор қиладилар, талабалари эса буни саҳиҳ иснодлар билан ҳужжат қиладилар. Талабалари Абу Ҳанифани яхшироқ биладилар. Шу сабабли Имоми Аъзамнинг саҳобалар билан кўришиб, улардан ҳадис ривоят этганини қабул қилганларнинг қараши қарши чиққанларникидан кучлироқдир.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ тобеинлар авлодига мансуб Ислом тарихининг (саҳобалар даври мустасно) энг буюк мужтаҳидидир. Тобеинлардан бўлгани жиҳатидан ҳам қуйидаги оятда мақталганларга даҳлдордирлар”.

(давоми бор)   1-қисм, 2-қисм, 3-қисм, 4-қисм, 5-қисм, 6-қисм, 7-қисм, 8-қисм, 9-қисм, 10-қисм, 11-қисм, 12-қисм, 13-қисм, 14-қисм

Эҳсон Шеножакнинг “Имом Аъзам изидан” китобидан

Таржимон: Абдулвоҳид Забиҳуллоҳ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бағдоддаги Имоми Аъзамнинг мақбарасини бузиш рад этилди

1252 09:05 14.06.2021

“Имоми Аъзам изидан” (14-қисм)

782 03:30 04.05.2021

Имоми Аъзамнинг вафоти

5423 22:00 03.04.2021

Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг ҳаёти ва асосий қарашлари (699-767)

1445 08:00 14.03.2021

Имоми Аъзамнинг ота-боболари термизликми?

4248 21:30 19.02.2021
« Орқага