Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳалимликлари

11:00 20.09.2018 945

Бир шахс Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурларига келиб: “Сенинг отанг вафот этган. Онанг эса бева қолган ва уни жуда чиройли деб эшитдим.Сен онангни менга никоҳлаб бер” деди.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Менинг онам ёш бола эмаслар. Балки, балоғатга етган ва жувондирлар. Мен улардан сўраб кўраман. Агар рози бўлсалар, у ҳолда мен қандай инкор қиламан” дедилар.

У киши: “Ундоқ бўлса, уйга бориб сўраб кўр” деди.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ уйга кета бошладилар. Бироқ, У киши Аллоҳ таолонинг хос бандаларидан эдилар.Юриб кетаётиб, бирдан ортларига қарадилар. Ҳалиги шахсни йиқилиб, ўлиб ётган ҳолда кўрдилар ва: “Уни менинг сабрим қатл қилди” дедилар.

У шахсни мақсади никоҳ қилиш эмас эди. Балки, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни масхара қилиш ва устларидан кулиш эди.

Бу нақадар чексиз сабр ва ҳалимликдир. Бироқ, бундай Ҳазратлар қанчалик ҳалимлик қилсалар, Аллоҳ таоло шунчалик улар томонидан ўч олади.

Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло шундай дейди:

مَنْ عَادَى لِي وَلِيًّا فَقَدْ آذَنْتُهُ بِالْحَرْبِ

“Ким Менинг бирор валийимга душманлик қилса, батаҳқиқ, Мен унга қарши жанг эълон қиламан” (Имом Бухорий ривояти)

Аввало, ким бўлишидан қатъий назар ҳеч кимга ёмон муомала қилмаслик лозим. Хоссатан, Аллоҳ таолонинг солиҳ бандалари билан асло бундай муомала қилмаслик лозим.

Ҳеч кимга таъна қилишлик ҳам жоиз бўлмагач, азият беришлик қандай жоиз бўлади.

(Ғусса ка вабаал аор ункаа илааж – Ғазабнинг офати ва унинг муолажаси китобидан. Ҳазрат Ашраф Али Таҳановий қуддиса сирруҳ.)

Урду тилидан: Абдулқайюм КОМИЛ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!