Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Имом Абу Ҳанифанинг шамойили ва гўзал тақвоси

1652

Шамойили

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ равон сўзли, кучли бир мантиқ эгаси эди. Овозларининг товуши қулоққа хуш келарди. Ранглари буғдой ранг, чиройли юз ва кўринишга эга бўлиб, покиза кийинар эдилар. У кишидан хушбўй ҳид тараларди. Ҳидлари хушбўйлигидан ташрифларини ҳидларидан англаса бўларди. Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ у зотни васф қилиб шундай дедилар: “Абу Ҳанифа ўрта бўйли эдилар, бўйлари узун ҳам, паст ҳам эмасди. У зот даврида мантиқ ва сўзлашда у кишидан ўтадигани йўқ эди”.

Тақвоси

Имоми Аъзам роҳматуллоҳи алайҳ, зоҳид, тақводор, обид бир мужтаҳид эдилар. Яҳё Қаттон айтадилар: “Имоми Аъзамнинг юзларига боқилганда, у зотни Аллоҳдан бўлган қўрқуви билиниб турарди. Ҳаромдан қилган андишаси у кишини еб битирарди. Шубҳадан андиша қилиб бир қанча ҳалолни тарк қиларди”.

Имом Аъзам Куфанинг қўйларига ўғирланган қўй аралашган пайти чорва мутахассисларидан бир қўйнинг ўртача неча йил яшашини сўрадилар. Ўртача етти йил яшаши ҳақидаги жавобни олгач, етти йилгача қўй гўшти истеъмол қилмадилар.

Язид ибн Ҳорун айтиб берган қуйидаги суҳбат у зот раҳматуллоҳи алайҳнинг шубҳадан қанчалик йироқ юришини очиқ бир шаклда ифодалаб беради: “Бир кун Имом Абу Ҳанифани бировнинг эшиги олдида, қуёш остида ўтирганини кўрдим. Кейин унга “Эй, Абу Ҳанифа! Салқинга ўтсангиз-чи”, дедим. У киши эса “ушбу уй эгасидан оладиганим бор. Шунинг учун унинг ҳовлисига тегишли сояда ўтиришни хуш кўрмадим”, деб жавоб қайтардилар”. Бошқа бир ривоятда эса уй деворининг соясида ўтириш, берилган қарздан кўзланган манфаат бўлиб қолишини, бу иш эса “манфаат кўзланган ҳар бир қарз фоиздир” ҳадисидан бўлиб қолишини айтганликлари нақл қилинади. Ушбу ҳодисанинг асл қизиқарли томони – Имом Абу Ҳанифа бу туришни одамлар учун керакли деб ҳисобламаганидир. Бу ҳақда Имоми Аъзам шундай дейдилар: “Олим фатво бераркан,  ўша фатвога амал қилишда аввало ўзи бошқаларга нисбатан масъулиятлироқ бўлмоғи даркор".

Маккий ибн Иброҳим айтадилар: “Куфаликлар билан бирга бўлдим, улар ичида Абу Ҳанифадан-да парҳезкорроқ бирор кишини кўрмадим”.

У кишининг тақвоси фатвосига ҳам ҳоким эди. Фатвони зарурат деб билганлигидан берарди. Имомнинг қуйидаги сўзи ҳам буни тасдиқлайди: “Агар илмнинг йўқ бўлиб кетишидан қўрқмасайдим, ҳеч кимга фатво бермасдим. Фатво инсонлар учун хавфсизлик бўлса-да, менга жиддий маънода катта масъулият юклайди”.

Имоми Аъзам ўз даврида ҳукумат амалдорлари шариатга риоя қилмаганликлари боис, уларнинг ҳадяларини қабул қилмасди. Ҳибсга олинган кунлари ўғлига шу маънода бир хабар юборганди: “Ўғлим, менинг ойлик озиқ-овқат харажатим икки дирҳамдир, бири атала, иккинчиси нон учун. Ҳукумат жамғармасидан озиқланмаслигим учун менга шу пулни тезроқ юбор”.

Имоми Абу Ҳанифа Аллоҳдан бўлган қўрқуви сабабли қозилик ва хазинабонлик таклифини рад қилганди. Халққа зулм қилган идоралар остида Исломга кўра ҳукм эта олмаслигидан андиша қилгани туфайли давлат хизматчилигини қабул қилишдан бош тортди. Охиратда бериладиган жазодан кўра дунёдаги машаққатни афзал билди.

(давоми бор) (1-қисм) (2-қисм) (3-қисм) (4-қисм) (5-қисм)

Эҳсон Шеножакнинг “Имоми Аъзам изидан” китобидан 

Таржимон: Абдулвоҳид Забиҳуллоҳ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Имом Абу Ҳанифа кўрган саҳобалар

1116 18:55 09.06.2021

“Имоми Аъзам изидан” (14-қисм)

903 03:30 04.05.2021

Тожирликдан олимликка

1344 22:00 30.04.2021

“Куфада тўрт минг киши ҳадис, тўрт юз киши фиқҳ ўрганмоқда эди”

1161 23:00 08.04.2021

Қозилик мансабини қабул қилмадилар...

1185 23:00 19.03.2021

Имоми Аъзам давлат вазифасини қабул қилмагани учун дарраланди

1437 21:00 10.03.2021
« Орқага