Имом Аҳмад Зарруқ (1-қисм)

00:00 07.09.2019 773

Ислом, хусусан, Мағриб тарихидаги энг машҳур шахслардан бири бўлган Аҳмад Зарруқ мазкур минтақага катта таъсир кўрсатган. У ҳам Имом Раббоний сингари ўз даврининг тасаввуфини бидъатлардан тозалашга ва суннатга яқинлаштиришга уринган, ана шу ҳаракати туфайли мусулмонларнинг юксак олқишига сазовор бўлган.

Унинг тўлиқ исми – Шаҳобиддин Абул Аббос Аҳмад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исо ал-Бурнусий ал-Фасий. Онаси томонидан бобоси мовий кўзли бўлгани учун Зарруқ деган лақабни олган.

Улуғ имом 846 йил муҳаррам ойининг 22-куни, жума кунида туғилган. Онаси у туғилгандан кейин учинчи куни оламдан ўтган, отаси эса туғилишидан олдин вафот этган эди.

Шайх Зарруқнинг эслашича, отаси бойлигининг учдан бир қисмини Андалусия масжиди муаззинларига васият қилиб қолдирган. Аёли эса ўз фарзандини мероснинг бир қисмидан маҳрум этаётгани учун шикоят қилган. Зарруқнинг отаси шундай жавоб қайтарган экан: “Бу пулларга менинг эҳтиёжим кўпроқ, шу орқали жаннатда ўзимга қаср қурдира оламан”.

Шайх Зарруқ отасининг меросидан ҳеч нарса олмаган, унга эҳтиёжи ҳам бўлмаган ва камбағал ҳам эмасди.

Уни отасининг онаси – Фотима исмли тақводор ва илмли бувиси тарбиялаган. Аҳмад Зарруқ бувиси ҳақида шундай деган эди:

“Беш ёшга тўлганимда у менга намоз ўқишни ўргатди ва ўқишимни кузатиб борди, шу ёшимдан бери намоз ўқийман. У мени бошланғич мактабга берди ҳамда тавҳид асосларини, Аллоҳга бўлган ишончни, имон ва тақвони ўзига хос йўлдан ўргатди: баъзи кунлари таом пиширар ва мен мактабдан қайтганимда шундан дерди: “Менда ҳеч нарса йўқ, ризқ эса фақат Аллоҳдан. Ўтир, Аллоҳдан сўраймиз”. У қўлини кўтарар, мен ҳам қўлимни кўтариб дуо қилардик. Шундан сўнг у: “Қидириб кўр, уйда бирор нима топарсан”, – дер эди. У билан бирга қидиришга туршардик, таомни топганимда қаттиқ қувонардим. Бувим шундай дерди: “Кел, Аллоҳ янада кўпроғини бериши учун таомланишдан олдин Унга шукр қилайлик”. Биз қўлимизни кўтариб, бир муддат дуо қилар, сўнг таомни ер эдик”.

Айтиш керакки, ўша пайтдаги Фас аёллари кўп ўқишарди. Шайх Зарруқнинг бувиси ҳам, бувисининг синглиси Умм Ханиъ ал-Абдасия ҳам дин илмидан хабардор аёллардан эди.

Шайх Зарруқнинг бувиси унга эртаклар ва чўпчакларнинг ўрнига Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаёти ва мўъжизалари ҳақида гапириб берарди. Шунинг учун ҳам Зарруқ ҳар бир ишда Пайғамбар алайҳиссаломни ўзига ўрнак қилиб олди.

Бир куни Шайх Зарруқ юлдузларга қараб улар ҳақида бувисидан сўраганда, бувиси унга ҳар бир мавжудликни ва яратиқни қандай тан олиш лозимлигини ҳамда бу Яратганнинг мавжудлигини кўрсатиши ҳақида гапириб берди.

Бувиси Зарруқнинг Қуръонни ёдлашини истади ва у 10 ёшида ҳофизи Қуръон бўлиб етишган эди. Ўша йили бувиси ҳам омонатини Ҳаққа топширди (Аллоҳ унга раҳм қилсин ва мусулмонларга бундай имомни етиштиргани учун уни энг улуғ яхшиликлар билан мукофотласин).

Ўн олти ёшида Аҳмад Зарруқ она шаҳри Фасда жойлашган “Ал-Каравин” масжидида билим олишга киришди. Асосий вақтини моликий мазҳаби китобларни, шунингдек, Қуръон, ҳадис, тавҳид, тасаввуф ва араб илмларини ўрганишга сарфлади.

Шайх Зарруқ бу даврда шайхлар Али ас-Сатий ва Абдуллоҳ ал-Фажар билан Ибн Абу Зайд ал-Қайравонийнинг моликий фиқҳи бўйича «Ар-Рисол» китобини ўрганишга эътибор қаратди. Шунингдек, у шайх Муҳаммад ал-Каварий билан биргаликда «Саҳиҳул Бухорий» ва Термизий тўпламларини ҳамда Ибн Атоуллоҳ ва Абдураҳмон ал-Маждулий асарлари каби тасаввуф тўғрисидаги китобларни синчковлик билан ўрганди.

Шайх Зарруқ Фасдаги ўқитувчилари орасида Шайх ал-Каварий билан яқин муносабатда эди. Шунингдек, у Фасда шозалий тариқати шайхи Муҳаммад аз-Зайтуний билан ҳам яқин эди.

875 йилда Шайх Зарруқ ҳажга жўнади ва қайтишда  Мисрда тўхтаб, бир йил давомида шу ерда  Ал-Ҳафиз ас-Саҳавий, Нуруддин ас-Санҳорий ва Абул Аббос ал-Хадрамий каби олимлар билан бирга таҳсил олди.

Бу даврда у Бухорийнинг «Саҳиҳ»ини, Ибн Абу Жамранинг китобларини, Ибн ал-Ҳажжнинг «Ал-Мадҳал»ини, «Ал-Иҳё», «Рисолатул Қушайрийя» китобларини, Ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг асарлари ва бошқа китоблардан таълим олган.

880 йилда шайх она шаҳри Фасга қайтди, аммо бироз вақт ўтганидан кейин Фасни тарк этди ва Мисрга қайтиб кетди.

Унинг шариатдаги тақвоси сабаб Аллоҳ Мисрга кейинги ташрифида унга марҳамат этди: Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг таниқли шогирди бўлган ал-Ҳафиз аш-Саҳавийдан ижозат олди ва унинг шайх Абул Аббос ал-Ҳадра билан алоқаси мустаҳкамланди.

886 йилда шайх ҳозирги Ливия ҳудудидаги Мисрат шаҳрига кўчиб ўтди, у ерда уни илиқ кутиб олишди. Шайх шу ерда оила қурди.

894 йилда у яна ҳажга йўл олди ва Қоҳирага борадиган йўлда “Ал-Азҳар” масжидида дарс берди, сўнг Мисрат шаҳрига қайтиб келди ва 899 йилда ўша ерда вафот этди.

Шайх Аҳмад Зарруққа таълим берган устозлар

1. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Қосим ал-Каварий (872 йилда вафот этган);

2. Абдуллоҳ ал-Тужибий (887 йилда вафот этган);

3. Абдураҳмон ас-Салибий (872 йилда вафот этган);

4. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абу ал-Қосим ал-Машаззалий (866 йилда вафот этган);

5. Аҳмад ибн Саид ал-Макнасий (870 йилда вафот этган);

6. Муҳаммад ибн Қосим ар-Расаа (894 йилда вафот этган);

7. Уммхон ал-Абдусия (860 йилда вафот этган);

8. Муҳаммад ал-Зайтуний;

9. Шамсуддин Муҳаммад ибн Абдураҳмон ас-Саҳавий (902 йилда вафот этган);

10. Нуруддин ас-Санҳурий (889 йилда вафот этган);

11. Абул Аббос Аҳмад ибн Уқба ал-Ҳадрамий (895 йилда вафот этган).

Шайх Зарруқнинг асарлари

Шайх «Уддат ал-Мурид ас-Содиқ» китобини ёзган ва унда замонавий тасаввуфни у дуч келган янгилик ва нотўғри тушунчалардан тозалашга ҳаракат қилган. Ушбу китоб бир қатор бошқа номларга ҳам эга: «Ан-Нусх ал-анфаа», «Ал-Бидаа ал-ҳувадис».

Шайх шунингдек ибн Атоуллоҳнинг “Ал-Ҳиком” китобига  йигирма тўрт китобдан иборат шарҳ хам ёзган.

У Бухорий ва Муслим тўпламлари, ҳадис атамалари бўйича китоб, моликий фиқҳига оид «Ар-Рисол» китобига  икки шарҳ, ҳаж ҳақидаги китоб, Аллоҳнинг гўзал исмларини шарҳловчи китоб ва имом Ғаззолийнинг «Ал-Иҳё» китобидаги ақидалар бўлимига шарҳ ёзган.

Шайх Абдулҳай ал-Каттаний у ва унинг китоблари ҳақида шундай дейди:

«Унинг китобларидаги нутқи илмларни чуқур ўрганган ва уларни тизимлаштирган кишининг нутқидир. Унинг билимлари ва сўзларига Мағриб олимлари орасида ўхшашини топиш қийин».

«Ал-Фикр ас-Сами» китобининг муаллифи эса у ҳақида шундай деган:

«У илм соҳасида энг юқори даражада эди. Суннатнинг ҳимоячиси ва ҳар доим ҳақиқатни гапирар эди. У фиқҳни ҳам, тасаввуфни ҳам бирлаштирган ва иккала гуруҳ учун ҳам ҳоким бўлган».

Шайх Зарруқнинг иккита асосий китоби – «Уддат ал-Мурид ас-Содиқ» ва «Қаваид ат-Тасаввуф» бўлиб, биз ушбу икки китобнинг асосий ғояларини қисқача баён қиламиз.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!