Имом Аъзам Нўъмон ибн Собит раҳматуллоҳи алайҳ (1-қисм)

16:00 15.03.2019 888

(Ҳаётлари давомида содир бўлган ибратли ҳолатлар)

«Оқиллик, фозиллик ва шубҳали нарсалардан парҳезкорликда Абу Ҳанифадан-да, устунроқ бўлган бирон-бир кимсани кўрмадим» (Язид ибн Ҳорун).

У гўзал юзли, хуш суратли, ширинсухан, суҳбати қалбни эритадиган бир киши эди. Бўйи кўзга ташланадиган даражада новча эмаслиги ва кўримсиз даражада паст ҳам эмаслиги билан алоҳида ажралиб турарди.

Либоси нафис, талъати кўркам бўлган у зотдан мудом муаттар ҳидлар уфуриб турарди. Одамларга рўбарў келган дамларда, ҳали ўзини кўрмасидан турибоқ, либосидан таралаётган беғубор ислардан уни тезда таниб олардилар.

Бу – фиқҳ дарахтининг гулкосаларини биринчилардан бўлиб чанглатиб, бойитган, сермаҳсул қилган ва унинг вужудига яширинган энг сара дурдоналарни ёруғликка чикарган – Абу Ҳанифа аталмиш зот Нўъмон ибн Собит ибн Марзабондир.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ умавийлар асрининг охирлари ва аббосийлар даврининг дастлабки йилларига гувоҳ бўлди. У – халифалару волийлар томонидан иқтидорли кишиларга беҳисоб равишда инъому эҳсонлар тортиқ қилиниши одат тусига кирган ва шунга кўра уларнинг ризқлари ўзлари сезмаган ҳолда ҳар томондан оқиб келадиган бир замонда умр кечирди. Бироқ, ўз илми ва нафсини бу нарсалардан иззатлади. Фақат ўз меҳнати билан эришган нарсаси билангина ҳаёт кечиришга ҳамда унинг қўли ҳар доим юқорида турадиган (берувчи) қўл бўлишига ҳаракат қилди.

Бир куни халифа Мансур Абу Ҳанифани ўз саройига таклиф қилди. Абу Ҳанифа унинг ҳузурига етиб келгач, халифа ғоят катта иззату икром билан унга пешвоз чиқиб, уни ўзига яқин жойга ўтказди. Шундан сўнг, халифа билан илм пешвоси ўртасида дин ва дунё ишларига боғлиқ бир қанча масалалар хусусида савол-жавоблар бўлиб ўтди. Абу Ҳанифа кетишга тараддудланар экан, Мансур – гарчи ўзининг бахиллиги билан танилган бўлишига қарамай – ўттиз минг дирҳам солинган бир ҳамённи у зотга тутқазди. Шунда Абу Ҳанифа бундай деди:

– Эй амирал-мўминин, мен Бағдодда ёт кишиман. Бу пулларни қўйишга жойим ҳам йўқ. Бинобарин, уларни зое қилишдан қўрқаман. Сиз уларни мен учун Байтул-молда сақлаб қўйинг. Керак бўлиши билан ўзим сўраб оламан.

Мансур унинг талабини қондирди. Лекин бу воқеадан сўнг Абу Ҳанифанинг ҳаёти узоққа чўзилмади. У вафот этганида, унинг уйидан подшо унга туҳфа қилмоқчи бўлган маблағга бир неча баробар келадиган турли-туман омонат моллар, анжомлар ва пуллар топилди. Мансур буни эшитганида: «Аллоҳ Абу Ҳанифани Ўз раҳматига олган бўлсин! У бизни боплаб кетипди. Мақсади биздан бирон нарса олмаслик экан-у, бизни мулойимлик билан рад қилган экан», деган сўзларни айтади.

Ҳа, бунинг ажабланарли жойи йўқ. Зеро, Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) шуни яхши биларди-ки, ҳеч бир инсон ҳеч қачон ўз қўли ила касб этган ризқидан кўра покизароқ ва азизроқ бўлган луқмани ея олмас. Шу боис ҳам унинг ҳаётига назар солсак, вақтининг бир қисмини савдо-сотиқ учун ажратганининг гувоҳи бўламиз. У ипак ва жундан тўқилган кийим-кечак ва матолар билан тижорат қилар, унинг савдо моллари Ироқ шаҳарлари аро бориб-келарди. Унинг, одамлар доимо келиб турадиган, ҳаммага таниш ва маълум бўлган бир дўкони бўлиб, кишилар у ерда муомалада ҳаққонийлик, олиш-беришда омонатдорликни топардилар...

Шунингдек, у ерда юқори даражадаги дид ва нозик таъбга ҳам гувоҳ бўлганлари шубҳасиздир.

Тижорати – Абу Ҳанифа учун мўл-кўл яхшиликлар манбаи эди, Аллоҳнинг фазлу карамидан унга бисёр фойдалар келтирарди. Имом молни ҳалолидан топиб, ўзининг керакли ўрнига сарф этарди. Унинг хабарларидан шу нарса маълумки, ҳар йили тижоратининг фойдаларини ҳисоблаб чиқиб, ўзининг ҳожати аслиясига етарлисини қолдирар, қолган маблағга эса қорилар, муҳаддислар, фуқаҳолар ва толиби илмларнинг эҳтиёжларини сотиб олар ҳамда уларни озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминларди...

Бундан ташқари у зот аҳли илмларнинг ҳар бири учун нақд пул ҳам ажратар эдилар. Ва уларни эгаларига тарқатар эканлар, шундай дердилар: «Булар тижоратларингизнинг фойдасидир. Аллоҳ уларни сизлар учун менинг қўлим билан рўёбга чиқарди. Аллоҳга қасамки, мен сизларга ўз молимдан ҳеч нарса бермаяпман. Балки, булар сизлар туфайли Аллоҳнинг менга берган фазлу марҳаматидандир... Зеро-ки, Аллоҳнинг ризқини топишда Аллоҳдан бўлак ҳеч кимда куч-қудрат йўқдир».

* * *

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг саховатию олийжаноблиги, айниқса ўзининг ҳамроҳ ва ҳамсуҳбатларига нисбатан очиққўллиги ҳақидаги хабарлар шарқу ғарб томонларгача тарқалиб кетган.

Бир куни Абу Ҳанифанинг танишларидан бири унинг дўконига келиб шундай дейди:

– Эй Абу Ҳанифа, менга ипакдан тўқилган кийим керак эди.

– Хўп, ранги қанақа бўлсин?

– Мана бундай, бундай бўлсин.

– Яхши, лекин бироз сабр қилиб туринг, деди Абу Ҳанифа. – Сиз сифатлаган либос қўлимга келиб тушиши билан, албатта, уни сиз учун олиб қўяман.

Бир хафта ҳам ўтар-ўтмас сўралган кийим Абу Ҳанифанинг қўлига келиб тушди. Бояги одам иккинчи марта дўкондан ўтганида, Абу Ҳанифа: «Сиз излаган нарса келди, деб унга молни кўрсатди. Мол харидорга маъқул келгач:

– Жуда соз, неча пул тўлашим керак бунинг учун? – деди.

– Бир дирҳам.

– Бир дирҳам?!.. – Қайтарди бояги киши ҳайрат ва таажжуб билан.

– Ҳа, бир дирҳам…

– Бу нима қилганингиз, эй Абу Ҳанифа, – дея ўпкалана бошлади у!  – Сиз менинг устимдан куласиз, деб ҳеч ўйламасдим.

– Мен сенинг устингдан кулмаяпман, деди Абу Ҳанифа. – Қулоқ сол: «Шу кийим билан яна битта худди шунақа кийимни бир савдода йигирма динор тилло-ю бир дирҳам кумушга сотиб олган эдим. Наригисини йигирма динор олтинга пуллаб юбордим. Шу билан бунисининг тани менга атиги бир дирҳам кумушга тушди. Мен ўз биродаримдан фойда олгувчи эмасман.

Бир кампир шойи либос талабида Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг дўконига келди. Абу Ҳанифа сўралган либосни чиқариб, кампирнинг олдига қўйди.

Шунда кекса аёл: “Мен қари одамман. Нарху наволарни ҳам билмайман. Нархлар эса омонатдир! (Яъни, бу аёл нархларни билмас экан деб, ўз нархидан баланд айтиш омонатга хиёнат бўлади, дейилмоқчи – таржимондан!). Кийимни ўзингизга келиб тушган нархга беринг. Майли устига озгина фойда қўйсангиз бўлади. Чунки, мен заифаҳолман», деди.

Шунда Абу Ҳанифа шундай деди:

– Мен битта баракада иккита либос харид қилгандим. Биттасини тўрт дирҳами кам дастмояга сотдим. (Яъни тўрт дирҳами кам иккала кийимнинг нархига биттасини сотдим дейилмоқчи - тарж) Шу пулга олақолинг. (Кийимни тўрт дирҳамга олақолинг!) Сиздан фойда хоҳламайман.

* * *

Бир куни Абу Ҳанифа ҳамсуҳбатларидан бирининг устида эскириб, увадаси чиққан кийимларга кўзи тушди. Одамлар тарқалиб, мажлисда фақат Абу Ҳанифа-ю ҳалиги кишининг ёлгиз ўзи қолгач, Абу Ҳанифа унга юзланиб, деди:

– Анави жойнамозни кўтаргин-да, тагидагини ол.

Киши жойнамозни кўтарди, қарасаки, тагида минг дирҳам пул бор эди.

– Уни олиб, уст-бошингни тартибга келтир,  деди Абу Ҳанифа.

Шунда, «Мен ўзимга тўқман», деди ҳалиги киши. – Аллоҳ менга бойлик, мўлчилик ато қилган. Бу пулларингизга эҳтиёжим йўқ.

Бу сўзларни эшитгач, Абу Ҳанифа ҳалиги кишига:

– Аллоҳ таоло сенга бойлик ва фаровонлик неъматини ато қилган экан. Қани У берган неъматларнинг асари?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Албатта, Аллоҳ Ўз бандасининг устида унга берган неъматининг асарини кўришни севади», деган сўзлари сенга етиб келмаганми? Ҳамонки, шундай экан, ўзингни тартибга келтириб, уст-бошингга қараб юришинг даркор. Токи, ўз яқинларингни ғамга ботирмагайсан, дея насиҳат қилди.

Абу Ҳанифанинг саховатпешалиги, бошқаларга нисбатан меҳрибонлигию олийжаноблиги шу даражага етдики, қачон ўз қарамоғидагиларга бирон нарса сарф қилса, унинг мислича нафақани бошқа муҳтожларга ҳам эҳсон қиларди. Агар янги кийим кийса, унинг қиймати баробаридаги кийимларни мискинларга ҳам кийдирарди. Унинг олдига таом қўйилса, ундан одатда ейдиган миқдоридан бир-неча баробар ортиғини бошқа идишга суздириб, бева-бечораларга чиқартириб юборарди.

* * *

Ривоят қилишларича, Абу Ҳанифа ўз каломи асносида Аллоҳ номи билан қасам ичмасликни, башарти ичадиган бўлса ҳам ҳар қасами учун бир дирҳамдан кумуш садақа қилишни ўзига мажбурият қилиб олади. Сўнгра, у киши бу ишда поғонама-поғона кўтарилиб бориб, охири Аллоҳ номига қасам ичиб юборса, ҳар бир қасам учун бир динор олтин садақа килишга ўтади. Шундан бери, рост сўзлаб туриб қасам ичса ҳам бир динор тилло садақа қиларди...

* * *

Ҳафс ибн Абдураҳмон Абу Ҳанифага, унинг айрим тижоратларида шерик эди. Абу Ҳанифа унга ипак кийимлар ва матолардан иборат товарларни жиҳозлаб берар ва унга қўшиб Ироқнинг баъзи шаҳарларига жўнатар эди.

Бир сафар Абу Ҳанифа жуда катта миқдордаги молни ҳозирлаб, уларни жўнатиш арафасида Ҳафсга тайинлади: “Фалон, фалон кийимларда айблар бор. Уларни сотишдан олдин муштарийга (харидорга) улардаги нуқсонни албатта баён қил!”

Лекин, Ҳафс савдога берилиб кетиб, ҳамма молни сотиб юборди. Пировардида, айрим кийимлардаги иллатни айтиш ёдидан кўтарилиб кетди. Абу Ҳанифанинг сўзлари эсига тушганида эса кеч бўлган эди. Айбли кийимларни сотиб олган харидорларни эслашга ҳаракат қилиб, ҳарчанд уринмасин, бирон натижага эришолмади.

Воқеадан воқиф бўлгач, Абу Ҳанифанинг хотиржамлиги йўқолди. Чув тушган муштарийларни аниқлашнинг ҳеч имкони бўлмаганидан сўнг, ўша галги тижорат молларидан тушган пулларнинг ҳаммасини садақа қилиб юборди. Фақат шундан кейингина кўнгли таскин топди.

* * *

Булардан ташқари Абу Ҳанифа хушхулқ, хушмуомала, дилкаш киши эди. Ҳамроҳи у билан суҳбатлашса, саодат топар, унга бегона бўлган эса, гарчи душмани бўлса ҳам озоридан омонда бўларди.

Унинг ёр-биродарларидан бири ҳикоя килади: Абдуллоҳ ибн Муборакнинг Суфёни Саврийга шундай деяётганини эшитдим:

– Эй Абу Абдуллоҳ, Абу Ҳанифа ғийбатдан нақадар узоқ киши-а?!!.. Ҳатто душманларидан ҳам биронтасини ёмонлик билан тилга олганини эшитмаганман.

Шунда Суфён шундай деди: «Чунки, Абу Ҳанифа ўз савобларининг устига уларнинг кулини кўкка совурадиган нарсани ҳукмрон қилиб қўйишдан оқилроқдир!!! (Яъни Абу Ҳанифа ўз савобларининг устига уларни йўққа чиқарадиган нарсани ҳукмрон қилиб қўядиган даражада нодон эмас.- тарж)

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!