Имом Бухорий ҳақида сиз билган ва билмаган маълумотлар (3-қисм)

22:25 08.10.2017 1184

Жомеъ ас-Саҳиҳни ёзишлари

Аллоҳ таолонинг китобидан кейинги ўринда турадиган энг ишончли китоб – бу имом Бухорийнинг саҳиҳларидир.

Имом Заҳабий: “Ислом динида Имом Бухорийнинг “Жомеъ ус-саҳиҳ” китоблари Аллоҳ таолонинг китобидан кейин энг юқори ўринда турувчи ва энг афзал китобдир. Агар бир киши у китобни эшитиш учун 1000 фарсах йўл босиб келса, унинг бу келиши зое бўлмайди”, – деганлар.

Бир ҳадис учун бир неча кунлар йўл босилган. Қандай қилиб ўзида бир неча минг саҳиҳ ҳадисни жамлаган китобга сафар қилинмасин. Бу китобда саҳиҳ ҳадисдан бошқаси жамланмаган.

Китобни ёзишларига сабаб

Имом Бухорий Ишоқ ибн Роҳавийҳни хузурида эдилар. У баъзи шогирдларига: “Кошки сизлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини жамлаган мухтасар, саҳиҳ китоб жам қилсаларингиз!” – деди. Бу Имом Бухорийнинг қалбларига ўрнашиб қолди. Ҳадисларни жамлашни бошладилар. Бу ҳадисларни 600000 та ҳадисдан чиқариб олдилар. Китобларига фақат саҳиҳ ҳадисларни киргаздилар. Китоб узун бўлиб кетмаслиги учун саҳиҳларни баъзисини тарк қилдилар. Жомеъ китобларининг таржималарини (ҳадисларни ривоят қилган ровийларнинг таржимаи ҳолларини) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ва минбарлари орасида ёзишга ҳаракат қилганлар. Ҳар бир ровийни таржимаи ҳолини ёзаётганларида икки ракат намоз ўқир эдилар. Жомеъ китобларига ҳар бир ҳадисни қўйишдан олдин ғусл қилиб, икки ракат намоз ўқир эдилар. Китобни 16 йил мобайнида ёзганлар. Имом Бухорийдан: “Мен “фалончини ғийбат қилдинг”, деб ҳисоб китоб қилинмаган ҳолда Аллоҳ таолога йўлиқишни истайман”, – деган сўзлари ривоят қилинган. Бу сўз у зотнинг нақадар катта тақво эгаси ва бировларни гапиришда қай даражада иффатли бўлганликларидан далолат беради.

“Ал–Жомеъ ас-Саҳиҳ” китоблари кимларнинг ривояти билан етиб келган

У кишидан Жомеъ ус-саҳиҳ китобини 90000 киши эшитган.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фиробрий охири эшитган ҳамда ундан ривоят қилиш кенг тарқалган. У киши имом Бухорийдан “Жомеъ ус-саҳиҳ”ни  Фарабр шаҳрида икки маротаба эшитганлар.

Абу Талҳа Мансур ибн Али ибн Қарина ал-Паздавий охирги эшитган деган фикрлар ҳам бор.

“Ал- Жомеъ ас-Саҳиҳ” китобларининг тузилиши:

Имом Бухорий китобларини “Жомеъ” деб номлашларига сабаб, у ўз ичига қуйидаги бобларни олган:

1-   Ақоид боби

2-   Ҳукм боби

3-   Рақоиқ боби

4-   Таом ва шароб боби

5-   Тафсир ва Тарих ва Сияр боблари

6-   Шамоил боби

7-   Фитналар боби

8-   Маноқиб боби

“Жомеъ ус-Саҳиҳ”нинг шарҳловчиси бўлган ибн Ҳажар бу китобда такрор билан 7397 та ҳадис келган деганлар. Лекин баъзи олимлар 9082 та ҳадис келган деган. Такрорсиз келганларининг сони 2602 та ҳадис эканлиги аниқ. Китоб ўз ичига 97 та китобни олган. Мисол: “Таҳорат китоби”, “Намоз китоби” кабилар. Ҳар бир китоб бобларга бўлинган. Бобларнинг сони 3405 та.

Китобнинг биринчи ҳадиси “Амаллар фақат ниятларга кўрадир…”деган ҳадис бўлиб, охирги ҳадис “Раҳмонга суюкли, тилда осон ва тарозида оғир келадиган сўз…”деган ҳадисдир.

Обид Мирҳамидов,
Қибрай тумани “Саъдулла ота” жоме масжиди
имом-хатиби

Манба: Fitrat.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!