Имом Бухорийнинг онаси

19:00 01.04.2019 1927

Фарзандларини еру кўкка ишонмай юрган Фотимани Аллоҳнинг яна бир имтиҳони кутиб турар эди. Бир куни янги йўлга кирган дилбанди Муҳаммад атак-чечак қилаётиб, йиқилди. Шунда ерда ётган бир шохча унинг икки кўзига заха етказди.   Орадан уч-тўрт кун ўтгач она фарзандининг кўрмаётганини сезиб қолди. Фотима дунёсини унутди, тилидан Аллоҳ зикри тушмай қолди. У шу топда ўғлининг кўра олиши эвазига иймонидан бошқа ҳамма нарсасини беришга тайёр эди. Катта ўғли ҳамроҳлигида Бухоронинг машҳур ҳозиқ табибиникига жўнашди.

Фотима табиб ҳузуридан бўшашиб, оёқ-қўли жонсиз ҳолатда қайтди. Қартайган, кўзлари қисиқ, титроқ қўлли табиб ўғлини обдон синчилаб кўриб, даволашга ожиз эканини айтди. Ортидан "Умид ёлғиз Аллоҳдан!" деб таскин ҳам берди.

Шу соатдан бошлаб Фотимага ҳаётнинг қизиғи қолмади. Неча кунки, тунлари бедор, кундузлари рўзадор. Бетўхтов намоз ўқийди. Жойнамози кўз ёшларидан сиқиб олингудай ҳўлланиб кетади. Аллоҳга илтижо билан ёлборади, дилбандининг касалига шифо сўрайди.

Ана шундай кунларнинг бирида Фотима туш кўрди. Ҳасса тутган барваста, чиройли юз, кўркам соқолли бир шайх тушига кирди. Кейин билса, Иброҳим халилуллоҳ эканлар. У киши Фотима қаршисига келиб, унга хурсанд ҳолда: "Эй аёл, Аллоҳга кўп ёлбориб йиғлаганинг, тинмай дуолар қилганинг бесамар кетмади, меҳрибон Аллоҳ ўғлингнинг кўзларини қайтариб берди!", деди.

Уйқудан юраги ҳаприқиб уйғонди. Шошилинч таҳорат олдию ўғли ётган хонага чопди. Кириб қараса, кўзи яна ҳаммаёқни кўра бошлаган ўғли ўринда жилмайиб ётарди. Аёл тақвоси мукофотига берилган бу яхшиликдан беҳад севинди. Аллоҳга ҳисобсиз шукрлар айтди, мақтовлар йўллади.

Онаси бу қадар суюб-ардоқлаб улғайтирган Муҳаммад кейинчалик ҳадис илмининг султони, улуғ муҳаддис бўлиб етишган Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (Имом Бухорий) эди.

Аҳмад МУҲАММАД тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!