Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Имом Ибн Касир – моҳир муфассир (2-қисм)

848

(Давоми. 1-қисм бу ерда)

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Ибн Касир роҳимаҳуллоҳнинг тафсир китоблари энг катта асарларидан ҳисобланади. Қуйида “Тафсир Ибни Касир”нинг ўзига хос жиҳатларини келтириб ўтамиз. 
1.  Маъноларнинг равшанлиги. Яъни, Ибн Касир оятларни шарҳлашда ёнгил иборалар ва мухтасар услубдан фойдаланганлар. 
2.  Қуръонни Қуръон билан тафсир қилинганлиги. Яъни, маълум бир оятни бошқа бир оят билан изоҳлаб тушунтирилган. Бу орқали маъно жиҳатдан ўхшаш оятлар бир жойга жамланган ва ана шу оятлар орасидаги муносабатга тўхталиб ўтилган. 
3.  Ҳадисларни келтириш. Яъни, Имом Ибн Касир бир оятни изоҳлайдиган бошқа оят топмасалар ҳадислар билан шарҳлаганлар. Ҳадисларни санадлари билан келтирганлар. 
4.  Саҳоба, тобеъин ва табаъ тобеъинларнинг сўзи билан тафсир қилиш. Муаллиф оят, ҳадисларни келтиргандан сўнг саҳобалар, сўнг тобеъинлар, ундан сўнг табаъ тобеъинларнинг сўзлари орқали оятларни шарҳлаганлар. 
5.  Исроилий хабарлар. Имом Ибн Касир баъзи оятларни шарҳлашда исроилий хабарлардан ҳам фойдаланганлар ва бу хабар исроилий эканини алоҳида таъкидлаганлар. Китобнинг муқаддимасида муаллиф исроилий хабарларни ишониш-эътиқод қилиш учун эмас, маълумот учун келтирганликларини айтиб ўтганлар. 
6.  Фиқҳий ҳукмлар. “Тафсиру Ибни Касир” китобида муаллиф оятни тафсир қилиб бўлгач ундан олинадиган ҳукмларни ҳам келтирганлар. Фиқҳ уламолари шу оятдан қандай ҳукмлар олганига ҳам тўхталиб ўтганлар. 
7.  Шеърий ва луғавий далиллар келтириш. Олим ҳар бир оятнинг тафсирида луғатларнинг ишлатилиши, ҳолат тақозоси, лафзларнинг далолатига алоҳида тўхталиб, ана шу маънога доир араб шеъриятидан мисоллар ҳам келтирганлар. 
8.  Иқтибос келтириш. Имом Ибн Касир ўз тафсирларида аввалги муфассирларнинг, хусусан, Ибн Жарир Табарий, Ибн Абу Ҳотам, Ибн Атиййанинг фикрларидан ҳам кенг фойдаланганлар. 
“Тафсир Ибни Касир” номи билан машҳур бўлган “Тафсиру Қуръонил Карим” асарининг шу ва шу каби бир қанча ўзига хос жиҳатлари мавжуд. Хулоса шуки, ушбу асар бежизга ислом оламидаги тафсир китобларининг энг машҳурларидан бўлмаган. Баъзи уламолар тафсир илмидаги энг шоҳ асар деб “Тафсиру Табарий”ни тан олсалар, баъзилар “Тафсир Ибни Касир”ни эътироф этадилар. Имом Суютий айтадиларки: “Бу асар ўз услубидаги мисли йўқ асардир”. Шавконий эса “Бу асар тафсир китобларининг энг гўзали ёки энг гўзалларидан бири”, деган. Аҳмад Муҳаммад Шокир: “Ҳофиз Ибн Касирнинг тафсирлари Имом Табарийдан кейинги мен кўрган энг дақиқ, энг батафсил китобдир”, дея таърифлаган. 
Имом Исмоил Ибн Касир 774 ҳижрий йилда шаъбон ойининг 26 куни Дамашқда 74 ёшларида вафот этганлар. У зот ҳаётларининг сўнгида қўз нуридан ажраган эдилар. 
Аллоҳ у кишини Ўз раҳматига олсин. 

Манбаалар асосида 
Муҳаммадсодиқ Абдуолимов тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Имом Ибн Касир – моҳир муфассир (1-қисм)

1215 05:00 13.08.2021
« Орқага