Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ хайр-эҳсон ҳақида

1054

Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг бизга қолдирган меросларини ўқир эканмиз, миллатимизнинг минг йиллик қадриятлари кўз олдимизда намоён бўла бошлайди. Алломанинг асарларида нафақат ақида, фиқҳ ва ҳадисга оид маълумотлар, балки инсонлар орасидаги ижтимоий муносабатларга тааллуқли одоб-ахлоқ нормалари ҳам ўрин олган. Жумладан, хайр-эҳсон мавзуси ҳам Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг эътиборидан четда қолмаган. Қуйида алломанинг бу борадаги баъзи қарашлари билан танишиб чиқамиз.

1.  Бойлигингиз камайиб қолишидан қўрқиб, инфоқ қилиш ҳақида ёмон гумонга борманглар. Зеро, Аллоҳ инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини тўлдириб қўяди.

2.  Дўстларингизга инфоқ қилиш билан ёрдам қўлини чўзинглар. Уларни чорасиз ҳолга ташлаб, ҳалокатга улоқтирманглар.

3.  Садақа қилинглар, чунки танангиз ва жонингизнинг ҳаёти садақададир.

4.  Инфоқ қилишда Аллоҳга нисбатан яхши гумонда бўлинглар, яъни “Инфоқ қилсам, бойлигим камайиб қолади”, деган ақидадан йироқ бўлинглар.

5.  Қўлингиздаги бойликни ҳақиқий эгаси Аллоҳ эканини ёдда тутинг. У сизга давлатни омонатга берган, сиз унинг ҳимоясига масъулсиз. Бойликни сарфласангиз, уни қўриқлаш бурчидан халос бўласиз. Елкангиздаги ортиқча юкдан қутиласиз, аммо яхши йўлда сарфлаганингиз учун савобга эга бўласиз.

6.  Аллоҳнинг битмас-туганмас хазинаси ва неъматларини ва сахийлигини қалбан ҳис қилишга ҳаракат қилинг. Ўзи муҳтож бўлиб бошқаларга инфоқ қилганлар Аллоҳнинг сахийлигига сазовор бўлишини унутманг! Бойлик Аллоҳга олиб борадиган йўллардан бири! Ундан унумли фойдаланинг!

7.  Бойлик инфоқ учун яратилгани ва шунинг учун берилганини ёдда тутинг! Бойлик фойдасиз нарсаларга сарфлаш учун эмас, балки абадий ҳаётга тайёргарлик кўриш учун яратилган. Бойликни яхши йўлда сарфлаш бир матоҳни ўз нархидан бир неча бор қимматга сотиш, демакдир. Зеро, инфоқнинг савоби қиёматда кўпайтириб берилади.

8.  Муҳтожларга инфоқ ва садақа қилишда банданинг қалбида: “Инфоқ ва садақамни Аллоҳ қабул қиладими ёки йўқ?”, деган қўрқув бўлиши керак. Гуноҳкор қилган ёмонлигидан қўрққани каби итоаткор банда ҳам қилган ибодатининг қабул бўлмай қолишидан қўрқиб туриши лозим”.

9.  Аллоҳ йўлида қилинган инфоқ ерга экилган уруғ кабидир. Фақирларга берган садақангиз билан давлатингиз зарар кўришидан қўрқманг. Уруғ ҳам ерга экилгач, талофот кўриб чирийди. Лекин кўп ўтмай ўзига ўхшаган юзлаб донларнинг униб чиқишига сабабчи бўлади.

10.  Инфоқ қилар экансиз, қилган садақангизни миннат қилманг, сиздан ёрдам сўраб келган муҳтожга: “Ол, Аллоҳ буни сенга баракали қилмасин” (Сенга буюрмасин), деб озор берманг. Акс ҳолда қилган инфоқингизнинг яхшилиги (савоби) қолмайди.

11.  Инсонлар фарзандларига бўлган шафқатлари сабабли мол-давлат тўплайдилар ва уларнинг келажагини ўйлаб, инфоқ қилишда бахиллик қиладилар. Чунки тўплаган мол-мулкидан фарзандлари фойдаланишини истайдилар. Ҳатто баъзида мол-мулк топиш учун ҳаром ишлар, жумладан, рибога ҳам қўл урадилар. Инсоннинг рибо йўли билан тўланган мол-давлати фарзандларига буюрмайди. Аксинча, садақа ва инфоқ қилган мол-мулки янада ортиб, ундан фарзандлари ҳам фойдаланади. Аллоҳ таоло рибодан баракани кўтариб қўяди, садақанинг баракасини эса кўпайтириб қўяди.

 

Абдуллоҳ Абдулмажид
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Манбалар хазинаси мудири ўринбосари

Ушбу мақола “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ўтказилаётган “Яхшилик қил-2021” танловига юборилган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва асосий қарашлари (238-333)

1127 19:35 13.03.2021

Имом Мотуридий ҳақида асар ёзиш бўйича танлов эълон қилинди

970 13:30 12.02.2021

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади — Президент қарори

1103 23:00 12.08.2020

Имом Абу Мансур Мотуридий

2290 20:40 17.02.2020

Имом Мотуридийнинг 18 жилдлик “Таъвилотул Қуръон” асари Туркиядан олиб келинди

1851 18:40 31.01.2020
« Орқага