Илм

Имом Шаъбий: “Агар аёлинг билан югуришда мусобақалашмоқчи бўлсанг, ажраш!”

5870

Имом Шаъбий Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврининг олти йили қолганида Кўфа шаҳрида туғилган. Онасининг қорнидалигидаёқ унинг эгизак акаси унинг яхши ўсишига халақит берганидан одатдаги боладан кичикроқ туғилди. Бироқ илму ҳилмда, фаҳму фаросатда беназир бўлиб улғайдики, келгуси ҳаётида бирор киши уни сиқиб қўя олмади.  У Шаъбий номи билан танилса-да, асл исми Омир ибн Шароҳил Ҳимярий эди.

Шаъбий ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари билан кўришиб, улардан сабоқ олиш мақсадида тез-тез Мадинага бориб турар эдилар. Алий ибн Аби Толиб, Саъд ибн Аби Ваққос, Зайд ибн Собит, Убода ибн Сомит, Абу Мусо Ашъарий, Абу Саид Худрий, Нўъмон ибн Башир, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Адий ибн Ҳотим, Абу Ҳурайра, уммул мўъминин Оиша (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин) каби беш юзга яқин саҳобалар билан ҳамсуҳбат бўлиш ва улуғ саҳобалардан ривоят қилиш шарафига муяссар бўлди.

Шаъбий ўта заковатли, қалби уйғоқ, зеҳн ва фаҳм-фаросати ўткир, мўжизавий ёдлаш ва эслаб қолиш қобилияти бор йигит эдилар. Ўзлари ҳақида шундай деган эканлар: “Ҳаётимда асло оқни қора қилмаганман яъни бирон сўзни қоғозга ёзмаганман, ким бир ҳадисни айтиб берса уни ёдлаб олардим, менга бир сўз айтган кишининг яна шу сўзни такрорлашини истамаганман”.

Шаъбий илм ва маърифатга муҳаббатли йигит бўлиб, бу йўлда энг қимматбаҳо нарсаларни ҳатто жонини ҳам сарфлар, унинг йўлида ҳар қандай қийинчиликларни енгил санарди. У шундай дер эди: “Агар бир киши Шомнинг у чеккасидан, Яманнинг бу чеккасига сафар қилиб, умрининг қолган қисмида унга фойда бўладиган бир калима ўрганган бўлса, демак унинг сафари зое бўлмабди”. 

Саҳобалар барҳаёт, одамлар орасида юрган чоғларида, Кўфанинг жомеъ масжидида Шаъбийнинг ўз ҳалқаси (дарс мажлиси) бор эди. Одамлар унинг атрофида тўп-тўп бўлиб ўтирардилар. Ҳатто бир кун улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Шаъбийнинг одамларга ғазотлар ҳақида тўлиқ, мукаммал қилиб, унинг нозик нуқталаригача айтиб бераётганини диққат билан эшитиб: “Дарҳақиқат мен бу йигит айтиб бераётган ғазотларнинг айримларига гувоҳ бўлиб ўз кўзим билан кўрганман ва қулоғим билан эшитганман, лекин шунга қарамай бу йигит мендан кўра уларни гўзалроқ баён қилмоқда”, деган эдилар.

Имом Шаъбий эса ҳажв, кулгуни яхши кўрарди. Бир куни Шаъбийнинг олдига бир киши келиб савол берди:

–  Мен бир аёлга уйландим, кейин унинг чўлоқ эканлигини билиб қолдим. Нима дейсиз, энди у билан ажрашайми?

Шаъбий жавоб берди:

– Агар аёлинг билан югуришда мусобақалашмоқчи бўлсанг, ажраш!

Ёқуб Умар тайёрлади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Билмайман», дейишга уялмайсизми?!»

1442 12:00 21.11.2019
« Орқага