Имом Табарий ислом тарихидаги энг кўзга кўринган тарихчи ва муфассирлардан ҳисобланади. У кишининг “Тафсиру Табарий”, “Тариҳу Табарий” асарлари жуда машҳур. Имом Табарий тафсир, фиқҳ, тарих каби илмлар билан шуғулланган бўлиб, тафсир китоблари бугунги кунгача муҳим манба сифатида фойдаланиб келинмоқда.
Асл исми Муҳаммад ибн Жарир ибн Язид ибн Касир ибн Ғолиб бўлиб, ҳижрий 224 – милодий 839 йил Табаристоннинг “Амал” шаҳрида туғилди ва ана шу шаҳарда отасининг қўл остида улғайди. Ибн Жарир ёшлигидаёқ ўзгача қобилияти, тафаккури билан тенгдошларидан ажралиб турарди. Ундаги туғма заковат ва илмга бўлган муҳаббатни кўрган отаси мусулмон оилаларининг одатига кўра уни Қуръон ёд олишга йўналтирди. Натижада Муҳаммад ибн Жарир етти ёшдаёқ Қуръони Каримни тўлиқ ёд олишга муваффақ бўлди. Унинг ёдлаш қобилияти кучли экани ёзган асарларида ҳам яққол кўзга ташланади. Отаси ундаги бу қобилиятни сезиб, замонасининг олимларига олиб боради ва унга илм олиши учун етарли шароит ҳозирлаб, алоҳида пул ажратади. Отасининг бу ҳаракатлари бекор кетмади. Имом Табарий ўзининг ёшлиги ҳақида шундай дейди: “Етти ёшимда Қуръонни ёд олдим, саккиз ёшимда одамларга намозда имомликка ўтардим, тўққиз ёшимда эса ҳадис тўплай бошладим”.
Ибн Жарир илк таълимни ўз шаҳрида олди. Кейинчалик улғайиб, ҳижрий 240 йилда илк бор илм талабида сафарга чиқди. Басрага етиб келиб, Биндор номи билан машҳур бўлган Муҳаммад ибн Башар ва Муҳаммад ибн Али Санъоний каби уламолар ҳузурида таҳсил олди. Кейинчалик Басрадан Шомга кўчиб ўтди. У ердан Байрутга, сўнгра Мадинага ўтиб бирма-бир уламолар ҳузурида дарс олди. Ниҳоят 253 ҳижрий йилда Мисрга етиб келиб, Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма, Юнус ибн Абдулаъло, Робийъ ибн Сулаймон ва бошқа етук уламоларнинг дарс ҳалқасида бўлди. Шунингдек, у Муҳаммад ибн Абдулмалик Абу Шавориб, Исҳоқ ибн Абу Исроил, Аҳмаб ибн Маниъ ал-Бағовий, Муҳаммад ибн Ҳумайд ар-Розий, Абу Ҳумомул Валид ибн Шужаъ, Абу Курайб Муҳаммад ибн Аъло, Яъқуб ибн Иброҳим ад-Дурқий, Абу Саъид ал-Ашаж, амр ибн Али, Муҳаммад ибн Башар, Муҳаммад ибн Мусанно каби шайхларнинг ҳам таҳсилини олган. Ибн Жарир роҳимаҳуллоҳ Рай ва Хуросон шаҳарларини ҳам айланиб чиқдилар. Умрларининг сўнгида эса Боғдодда яшадилар. У киши бор куч-ғайратини илмга сарфлаб, ҳатто оила қуришга ҳам имкон топмадилар. Умрларининг сўнгига қадар уйланмай ўтдилар. Имом Табарий бу борада айтадиларки: “Ҳалолга ҳам ҳаромга ҳам кўнглимни бермадим”.
Юқорида айтиб ўтганимиздек Имом Табарийга Аллоҳ таоло ўзгача истеъдод берганди. У зотнинг бир қанча ўзларига хос фазилатлари бор эди. Жумладан:
- Ақл-заковатлари. Аллоҳ таоло у кишига нодир заковат, ўткир зеҳн, кучли хотира берган эди. Етти ёшларида Қуръонни ед олганлари, саккиз ёшда одамларга имомликка ўтиб, тўққиз ёшда эса ҳадис тўплай бошлаганлари бунга яққол далил ҳисобланади. Имом Табарий бир неча илмларни ўзларида мукаммал жамлаган эдилар. Буни бизгача етиб келган асарларидан ҳам билиш мумкин.
- Парҳез ва тақволари. Имом Табарий парҳез ва тақвода ҳавас қилгудек шахс эдилар. Ҳаром-у шубҳалардан ўзларини олиб қочар эдилар. Умрларининг охиригача оталаридан қолган кичик боғдан келадиган даромадга қаноат қилиб яшаганлар.
- Ор-номус ва иффатлари. У киши тилларига ниҳоятда эҳтиёт бўлар, оғизларидан ёмон сўз чиқмаслиги учун астойдил ҳаракат қилар эдилар. Зеро, қилич жароҳати битажак, аммо тил жароҳати битмайди. Имом Табарий таъмагирликдан йироқ эдилар. Энг қийинчилик вақтларида ҳам одамлардан ёрдам сўраган эмаслар.
- Тавозеъ ва кечиримлиликлари. Имом Табарий шерикларига, у кишининг зиёратига келган кишиларга, ҳатто шогирдларига ҳам такаббурлик қилмас эдилар. Одамларнинг чақирувига доимо лаббай деб, савол сўрасалар тўла жавоб берар эдилар.
Имом Табарий ўзларидан жуда кўп шогирдлар қолдирганлар. Улардан Аҳмад ибн Комилул Қозий, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ аш-Шофеъий, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн ал-Ҳусайний, Абдуллоҳ ибн Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Бакр аз-Зарир кабилар машҳурдир.
(Давоми бор)
Манбаалар асосида Муҳаммадсодиқ Абдуолимов тайёрлади