Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг ҳаёти ва асосий қарашлари (699-767)

1306

Ҳанафий мазҳабининг асосчиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг асл исми Нуъмон ибн Собитдир. 80 (699) йилда Куфада таваллуд топдилар, 150 (767) йилда Бағдодда вафот этдилар. Ҳанафий мазҳаби муҳитида у зотга “Имоми Аъзам” (буюк имом) номи берилган. Ислом дунёсининг энг йирик фиқҳ ва ақоид олимларидан бири ҳисобланадилар.

Тақводор ва ўзига тўқ оилада туғилган Нуъмон ибн Собит аввал Куфада Қуръони карим ёдлаб (қори бўли), сарф, наҳв, адабиёт, жадал ва калом илмларини ўргандилар. Йигирма ёшларида Ироқнинг энг машҳур фақиҳи ва фиқҳ устози Ҳаммод ибн Абу Сулаймоннинг (119/738 йилда вафот этганлар) илм ҳалқасига қўшилдилар. Ўн саккиз йил у зотдан сабоқ олдилар. Имоми Аъзамнинг ўзлари шундай ҳикоя қилган эдилар: “Бир гал Басрага келдим. Ҳар қандай савол сўралса, тўғри жавоб қайтараман деб ўйлар эдим. Мендан шундай нарсаларни сўрашдики, жавобини тополмадим. Ўшанда устозим Ҳаммоддан ўлгунча айрилмасликка қасам ичдим, ўн саккиз йил у кишининг талабаси бўлдим”.

Ҳаммод вафот этганларида Абу Ҳанифа қирқ ёшда, камолот даврида эдилар. Куфа масжидида дарс бериш ва талаба етиштишини бошладилар. Тақво эгаси, закий, билимдон ва билганларини очиқ юз ва ўзига хос услуб билан тушунтирадиган устоз эканликлари қисқа вақт ичида машҳур бўлди. Орадан кўп ўтмай у зотнинг дарс ҳалқаси даврнинг етакчи олимлари ҳам қўшиладиган, фиқҳий масалалар ва ечимлар чуқур тортишиладиган юқори савияли фиқҳ академиясига айланди. Ўттиз йилча дарс ва фатво бердилар, тўрт мингча шогирдлари орасидан қирқтачаси мужтаҳидлик даражасига эришди. Улардан энг машҳурлари – Имом Юсуф, Имом Муҳаммад ва Имом Зуфар. Ушбу уч имом ва улар етиштирган юзлаб талабалар Имоми Аъазамнинг фикрлари ва қарашларини тизимлаштириб, ҳанафий мазҳабини шакллантирди. 

Абу Ҳанифанинг ўша даврдаги халифанинг қозилик таклифини қабул қилмаганлари, шу сабаблари ҳибс қилиниб, азият ва жафо чекканлари ҳақида ривоятлар мавжуд.

“Фиқҳул акбар”, “Фиқҳул абсат”, “Ал-алим ва-л-мутааллим”, “Ал-васия” энг муҳим асарларидан ҳисобланади.

Далиллари

Имоми Аъзамнинг ҳаётлари ва шахсиятлари ҳақидаги маълумотлардан кейин у зотнинг далилларига тўхталиб ўтсак.

1. Олам мунтазам равишда ҳолатдан ҳолатга ўтади. Ўзгариш бор жойда ўзгартирувчининг ҳам бўлиши зарурийдир. Шундай экан, коинотнинг ўзгаришга учраши мутлақ қудратга эга бир ўзгартирувчининг мавжудлигини кўрсатади, у – Аллоҳдир. Буни изоҳлайдиган мисол қуйидагича: бўш ерда бир муддатдан кейин мустаҳкам бир бинони кўргач, аввал йўқ бўлган, энди эса кўз олдимизда турган бу бинонинг бир бинокори борлигига зарурий равишда ҳукм қилмаймизми?..

2. Аллоҳ таоло пайғамбар жўнатмаганида ҳам, инсонлар ўз ақллари билан Аллоҳнинг борлигини англаб етишлари зарурий бўларди, чунки осмонлар, ер, ўз вужуди ва бошқа жонзотларнинг яратилиши ҳақида фикр эритган инсон учун яратувчининг билмаслиги учун ҳеч қандай баҳона йўқ. 

Буни хоҳ ҳудус далили, хоҳ имкон далили дейлик, Абу Ҳанифанинг ушбу изоҳлари Қуръон услуби билан бир исботи вожибдир (Аллоҳнинг борлигининг исботи). Инсон ўзи ва ташқи дунёнинг яралиши ҳақида фикр юритган пайт булар ўз-ўзидан пайдо бўлмаслигини тушуниб етади. Ғазоллий айтганларидек, инсоннинг йўқдан бор бўлганини ва бу яралиш ўз-ўзидан бўлмаганини тушуниб етишидан-да ақлга яқин нарса йўқ.

3. Энди Имоми Аъзам ва даҳрий ўртасида бўлиб ўтган мунозара ҳақида ҳикоя қиламиз.

Аббосий халифалардан Мансур (714-775) ва таниқли зотлар иштирокида “Аллоҳнинг борлиги”, “коинотда тасодифга ўрин йўқлиги”, “Оламни табиат яратганми ёки Аллоҳми?” сингари масалалар бўйича мунозара бўлди.

Бағдоднинг нариги соҳилида яшайдиган Абу Ҳанифа мунозара ўтказиладиган жойга бир соатча кечикиб келдилар. У зот узр сўраган ҳолда кечикишнинг сабабини изоҳлай бошладилар:

“Нариги соҳилдан бу томонга ўтиш учун ҳеч бир восита топа олмадим. Мени Дижла дарёсида ўтказиб қўядиган сол ёки қайиқ келишини кута бошладим. Ўша аснода баъзи дарахтлар қулаганини, кейин эса уларнинг тахта ҳолатига, тахталар ўз-ўзидан каттагина қайиққа айланганига, қайиқда ўз-ўзидан кураклар ва елканлар пайдо бўлганига гувоҳ бўлдим. Янада кеч қолмаслик учун хурсанд бўлганча қайиққа миндим ва қайиқ мени бу ерга олиб келди”.

Мунозарада қатнашаётган даҳрий бу гапларнинг сафсата эканлиги, бундай ҳодиса бўлиши мумкин эмаслигини айтди.

Буюк имом шундай жавоб қайтардилар: “Қаранг! Ҳатто кичик қайиқнинг ҳам устаси, бунёдкори бўлмай туриб ўз-ўзидан пайдо бўлишини қабул қилмаганингиз ҳолда қандай қилиб бу муаззам коинотнинг бир яратувчи бўлмай туриб, ўз-ўзидан яралганини иддао қиляпсиз, бунга қандай ишоняпсиз? Коинот табиатнинг эмас, Аллоҳнинг асаридир. Шунча ҳужжатлар очиқ-ойдин экан, Аллоҳнинг борлиги ҳақида баҳс, Аллоҳ борми-йўқми деб мунозара бошлашнинг ҳақиқатан кераги йўқ”. 

Амин Ариқ
Таржимон: Аброр Адҳам ўғли
(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бағдоддаги Имоми Аъзамнинг мақбарасини бузиш рад этилди

948 09:05 14.06.2021

Имом Абу Ҳанифа кўрган саҳобалар

883 18:55 09.06.2021

“Имоми Аъзам изидан” (14-қисм)

707 03:30 04.05.2021

Имоми Аъзамнинг вафоти

5299 22:00 03.04.2021

Имоми Аъзамнинг ота-боболари термизликми?

4153 21:30 19.02.2021
« Орқага