Иймон

Имоми Аъзам: Бахил кимса адолатли бўлмайди...

727

Имом Абу Ҳанифа (р.ҳ.): "Бахил кимсани адолатли деб ҳисобламайман", дедилар. Сабабини сўрашган эди: "чунки, бахиллик уни (олди-бердилар-да ўз фойдасига) ўта чуқурлашишга, дақиқ ҳисоб-китоб қилишга олиб келади. Натижада, чув тушиб қолишдан қўрқиб, ўз ҳаққидан ортиқча олиб юборади. Аҳволи шундай бўлган инсон ҳеч қачон омонатдор бўлмайди", - дедилар.

[البخلاء للخطيب البغدادي: ص77] 

Изоҳ: Ҳижрий биринчи асрдан бошлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг ҳамда улуғ тобеинлар ва уларга яхшилик ила эргашганлар даврида ҳадисларни жамлаш ва уларни тадвин қилиб, китобга тушириш марҳаласида ҳадис ровийларининг аҳволига тааллуқли бўлган жарҳ ва таъдил тушунчаси пайдо бўлди. Таъдил бу адолатли деб санаш, бирор кимсага адолатлилик сифатини нисбат бериш маъноларига далолат қилади. 

Олимлар, ҳадисларни саралашда ровийлар силсиласидаги кишиларнинг адолатли бўлишларига ғоят катта аҳамият қаратганлар. Ҳадис саҳиҳ деб қабул қилиниши учун ровийларнинг адолатлилиги, санаднинг узлуксизлиги ва ровийларнинг забт қобилияти яъни исталган вақтда ҳадисни ёддан айтиб бера оладиган даражада хотира ва ҳофизасининг кучлилиги шарт қилинган. 

Адолатли киши деганда юриш-туришида, ишларида Аллоҳдан қўрқадиган, тақводор, фисқу фужурдан узоқ ҳамда олийжанобликка терс келадиган ишлардан тийилувчи инсон назарда тутилади. Мана шундай инсонларнинг ривояти мақбул бўлган. 

Демак, адолатли киши фарзларни адо этадиган, ҳаромлардан четланадиган, кабира гуноҳлардан четланувчи, сағира гуноҳларда бардавом бўлмайдиган, яхшилиги ёмонлигидан кўп бўлган ва имкон қадар тўғри йўлда юришга ҳаракат қилувчи, аксар ҳолатларда Аллоҳнинг тоатида бўлган инсон тушунилар экан. 

Шунингдек, кишининг адолатли бўлиши учун олийжанобликка зид ишлардан йироқ бўлиш ҳам лозим. Олийжанобликка зид ишлар (хаворимул мурууъа) деганда гарчи шаръан ҳаром бўлмаса-да, мубоҳ бўлса-да аммо урф жиҳатидан мазамматга сабаб бўладиган, олийжаноб ва ўзини ҳурмат қилувчи инсонлар қилмайдиган ишлар назарда тутилади. Масалан, оддий бир сергаплик ҳам айрим муҳаддислар наздида хаворимул муруъадан ҳисобланган. Шуъба ибн Ҳажжож (р.ҳ) ровийлардан бирининг югуриб кетаётган отга уни қийнаган ҳолда миниб, кейин яна илдамлатгани учунгина ҳадисини тарк этганлар. Яъни бу ишни олийжаноб кишилар қилмайдиган ишлардан санаганлар. Кўча-кўйда овқат еб юриш ҳам хаворимул муруъадан саналган. Лекин, олийжаноблик кодекси замон ва маконга қараб ўзгариши мумкин. Бугунги кунда махсус тамаддихоналарда таомланиш хаворимул муруъага кирмайди.

Оддий сергаплик олийжанобликка зид ўлароқ қабул қилинган бўлса, қўрс-қўполлик, маданиятсизлик, кўпчилик ичида ўзини қандай тутишни билмаслик, ҳаммани ўзига қаратиб, одамларнинг иштаҳасини бўғадиган шаклда овқатланиш, уларнинг юзига қараб кекириш, суҳбатдошининг олдида бурун қоқиш, ўзига қарамаганидан бадбўй бўлиб юриш каби ишлар ҳам албатта олийжанобликни ўлдирувчи ишлардан саналади. 

Энди, бахиллик ва пасткашлик нафақат урф жиҳатидан хунук ва мазаммат қилинган балки, шаръан ҳам мазаммат қилинган қабиҳ одатлар сирасига киради. Шунинг учун ҳам улуғ имомимиз Абу Ҳанифа (р.ҳ.) наздида бахил кимса гарчи тоат-ибодати жойида бўлса ҳам, фисқу фужур билан танилмаган бўлса ҳам адолатсиз ва гувоҳлиги қабул қилинмайдиган кимсалар сирасига кирган экан. 

Савол туғилади: олийжанобликка зид ишлар деганда урфдагина хунук бўлган лекин, асли мубоҳ ишлар ҳам тушунилар экан. Нима учун бу ишлар адолатга зид ҳисобланди?

Жавоб шуки, урф жиҳатидан паст саналган ишларга эътибор бермайдиган, ўзига ташқаридан қарай олмайдиган, эриш қилиқлари ўзига билинмайдиган, шунингдек, гарчи атайин қилмасада аммо, олган тарбияси ва воқеълик ҳукми билан унинг учун моддий манфаат ҳамма нарсадан устун бўлган хасис кимсалар аввало ўзларини ҳурмат қилмайдилар. Улар одамлар наздида ҳам арзимас бўлиб қоладилар. Чунки, уларда бир ахлоқ кодекси деган нарса йўқ. Ўз нафсларини паст нарсалардан юксалтиришга ҳаракат қилмайдилар. Бундай кишилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини етказишда ҳам ўзларини назорат қила олмасликлари ёхуд умуман ҳар қандай бошқа инсонларга тааллуқли гувоҳликларда ҳам мақбул йўлдан юрмасликлари мумкин. Шу боис ҳам муҳаддислар, олимлар ва фуқаҳолар кишининг адолати деганда нафақат очиқ ҳаром ишлардан, зулмдан тийилишини балки, урф жиҳатидан ҳам хунук ва ёқимсиз саналувчи ишлардан ҳам узоқлигига эътибор қаратганлар.

Алишер Султонхўжаев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Улуғ зотлар устозларини шундай ҳурмат қилишган...

821 09:00 10.02.2020

Расулуллоҳнинг мўъжизаси

2514 07:40 31.01.2020

Имом Аъзам Нўъмон ибн Собит раҳматуллоҳи алайҳ (1-қисм)

1352 16:00 15.03.2019

Имом Абу Ҳанифа, унинг йўли ва шогирдлари

1471 20:00 02.08.2018

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида буюк эътироф

2202 12:00 21.03.2018
« Орқага