Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Имоми Аъзам давлат вазифасини қабул қилмагани учун дарраланди

1437

Ибн Ҳубайра Уммавий давлатига етадиган зарарларга монелик қилиш учун уламолардан ҳимоя сифатида фойдаланишни истарди. Дарҳақиқат, Ироқ диёридан Ибн Абу Лайло, Ибн Шубрума ва Довуд ибн Абу Ҳинд каби фақиҳларни чақириб, уларга давлат бошқарувида муҳим вазифалар берди. Вилоятга келиши учун Абу Ҳанифага ҳам хабар жўнатди. Муҳрни унинг қўлига бермоқчи эди. Ҳар бир буйруқ Абу Ҳанифанинг тасдиғи билан кучга кирарди.

Имоми Аъзам эса бу вазифани қабул қилишдан бош тортди. Ибн Ҳубайра, агар у бу таклифни қабул этмаса уни жазолашга онт ичди. Бошқа фақиҳлар ўртага тушиб, Абу Ҳанифани вазифани қабул қилишга мажбурламоқчи бўлишди. Шунда Имом Абу Ҳанифа шундай дедилар: “Волий мендан “Васит” масжидининг эшикларини санаш каби оддий бир ишни талаб қилса, уни қабул этмай туриб, қандай қилиб бунга розилик билдира оламан?! У мендан боши олинадиган инсоннинг қатл фармонини ёзишимни истайди, мен эса буни тасдиқлайман, шундайми? Аллоҳга қасамки, асло бундай жавобгарликни бўйнимга олмайман!” 
Бундай жавобдан сўнг Ибн Абу Лайло бошқа фақиҳларга қараб: “Абу Ҳанифани тинч қўйинглар. У киши тўғри гапиряпти”, деди.

Волий Абу Ҳанифанинг соғлом иродасининг олдида чорасиз қолди. У кишини қамоққа ташлаб истагини қабул эттиришга уринди. Жаллодларнинг қамчи зарбаларидан у зотнинг боши шишиб кетди. Жаллод уришдан чарчади, лекин имом зулмга бўйин эгишни хаёлига ҳам келтирмади. У ҳали ҳам илк турган жойида турарди. Валий билан ўртасида гап ташиётганларга: “Давлат бошқарувидан вазифа олиш у ёқда турсин, масжиднинг устунларини санашни ҳам қабул қилмайман”, дейишда давом этарди.

Ибн Ҳубайра Абу Ҳанифага вазифани қабул қилмаса, ўлгунича  бошига дарралашларини айтди. Имом Аъзам том бир қатъият билан “Бу бир марталик ўлимдир”, деганча қаршилик қиларди.

Волий бунинг учун унинг бошига йигирма дарра урди. Имом Аъзам Волийга: “Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги ҳолингни ўйла, менинг сенинг олдингдаги ҳолимдан-да кўп даҳшатли бўлади. “Ла илаҳа иллаллоҳ” деганим учун менга таҳдид қилма. Аллоҳ сени мен ҳақимда сўроққа тутади ва ҳақдан бошқа ҳеч нарсани жавоб ўлароқ қабул қилмайди”, дедилар. Буни эшитган ибн Ҳубайра жаллодга дарралашни тўхтатиши учун имо қилди. Aбу Ҳанифа калтаклангандан сўнг тунни зиндонда ўтказдилар. 

Эрталаб уйғонганларида дарралар туфайли юз-кўзлари шишиб кетганди. Ибн Ҳубайра у кеча тушида саййидимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: "Аллоҳдан қўрқмайсанми?! Умматимдан бирини бегуноҳ ҳолида жазолаб, таҳдид қиляпсан?" дедилар. Ушбу тушдан ва имомнинг қатъиятидан таъсирланган ибн Ҳубайра яқинилари билан маслаҳатлашиш учун Имоми Аъзамни ҳибсдан озод қилди.

Имом Аъзам ҳибсдан чиққандан сўнг отларига миндилар ва Маккага жўнаб кетдилар (ҳижрий 130 йил). Аббосийлар давлати қурилгунига қадар ўша ерда истиқомат қилдилар. 
Ҳижрий 137 йил Абу Жаъфар Мансур даврида Куфага қайтдилар.

(давоми бор)  1-қисм, 2-қисм, 3-қисм, 4-қисм, 5-қисм, 6-қисм, 7-қисм, 8-қисм.

Эҳсон Шеножакнинг “Имоми Аъзам изидан” китобидан
Таржимон: Абдулвоҳид Забиҳуллоҳ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Имом Абу Ҳанифа кўрган саҳобалар

1116 18:55 09.06.2021

“Имоми Аъзам изидан” (14-қисм)

903 03:30 04.05.2021

Тожирликдан олимликка

1344 22:00 30.04.2021

“Куфада тўрт минг киши ҳадис, тўрт юз киши фиқҳ ўрганмоқда эди”

1161 23:00 08.04.2021

Қозилик мансабини қабул қилмадилар...

1185 23:00 19.03.2021
« Орқага