Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Имом Абу Ханифанинг суннатдан таълим беражак саховати

1166

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ молни гўё тарқатиш учун топарди. Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳ унинг жўмардлигини баён қилиб шундай дейдилар: “У кишидан бирор нарса сўралиши билан, уни дарҳол тортиқ қилардилар”.

Асрининг таниқлилари, саҳийликда Абу Ҳанифадек бирор кишини кўрмаганликларини айтадилар. У зот инфоқ қиларкан инсонларнининг камситилмаслиги учун қайғурардилар. Мажлисида ўтирган бир кишига пул бермоқчи бўлсалар, унга бошқалар тарқалгунича ўрнидан турмаслигини буюрар, ҳузурларида ҳеч ким қолмади дегунча инфоқ қилмоққа киришардилар. Ҳасад ибн Зиёддан нақл қилинади: “Имом Абу Ҳанифа, ўзлари билан ҳаммажлис бўлган бирининг устида эски-туски кийимларни кўргач, унга бошқалар тарқалгунга қадар ўтириб кутиб туришини буюрдилар. Қолганлар тарқалишди, улар ёлғиз қолдилар. Абу Ҳанифа у одамга жойнамозни кўтариб, унинг тагидагини олишини айтдилар. Одам, жойнамозни кўтарди, тагида тўлиқ минг дирҳам бор эди. Сўнгра Имоми Аъзам унга: “Бу пулни ол, у билан уст-бошингни янгила”, дедилар. Агар Имом Абу Ҳанифа эҳсон тарқатмоқчи бўлсалар, кечки қоронғу тушишини, одамлар уйқуга кетишини кутар, ҳеч ким таниб қолмаслиги учун юз-кўзларини ёпиб олар, эҳсонликлар солинган тўрваларни ўзи кўзлаб қўйган уйларнинг остонасига қўйиб қайтардилар. Агар ёрдам қилмоқчи бўлган кишилари илм аҳли бўлсалар, бунга алоҳида эътибор қаратардилар. Шу ўринда Қайс ибн Робиъдан қуйидагилар нақл қилинади: “Абу Ҳанифа Боғдодга тижорат молларини жўнатар, эвазига эса бошқа нарсалар сотиб олиб, Куфага келтирардилар

Бир йил мобайнида ушбу моллар алмашинувидан қозонилган фойдаларни тўплаб, у билан олимларнинг еб-ичиш каби барча эҳтиёжларини қоплар, сўнгра фойдадан ортган қолдиғини керакли моллар билан биргаликда олимларга юборардилар. Ҳадяни қабул қилиб олаётганда ҳижолат тортмасликлари уларга учун шундай дердилар: “Пулни эҳтиёжларингизни қоплаш учун сарфланг. Эвазига эса фақатгина Аллоҳ таолога ҳамд айтинг. Мен сизга молимдан эмас, Аллоҳ таолонинг менга берган неъматидаги сизнинг ҳаққингизни беряпман. Булар сизнинг тижорий молларингизнинг Абу Ҳанифа воситасида келтирилган фойдаларидир”.

Имоми Аъзамнинг илми ва тақвосига ҳайрон қолганлардан Мисъор ибн Қидом айтадилар: “У ўзи ва оиласи учун кийим-кечак, мева ё бошқа бирор нарса сотиб олишдан олдин худди шу нарсаларни олимлар учун сотиб олардилар”.

Имоми Аъзам ҳукумат амалдорлари юборган ҳадяларни қабул қилмасдилар. Одамлар унинг ўзига ҳадя беришганида эса суннатни тарк қилмаслик учун қабул қилар, аммо эвазига кўплаб тортиқлар қилардилар. Севиклиларидан бири у кишига ҳадя бериши билан Имом Аъзам ҳам уни ҳадяга ғарқ қилдилар. Буни кўрган одам: “Агар бундай қилишингизни билсайдим, сизга ҳадя бермасдим”, деди. Абу Ҳанифа унга бундай демаслигини айтиб, насиҳат қилгандан сўнг ушбу ҳадисни ўқидилар: “Ким Аллоҳдан ёрдам сўраган ҳолда сиздан паноҳ сўраса, муаммосидан халос қилинг. Ким Аллоҳнинг номини тилга олган ҳолда нимадир сўраса, Унинг исми жалоли ҳаққи-ҳурмати ўша одамга истаганини беринг. Кимдир сизга ниманидир таклиф қилса, (шаръий монелик бўлмаса) таклифини қабул қилинг. Ким сизга тили ёки қўли билан яхшилик қилса, унга худди шундай яхшилик билан жавоб қайтаринг. Агар совға қилишга ҳеч нарса топа олмасангиз, унинг ҳаққини адо этганингизга ишонч ҳосил қилмагунингизча унинг учун дуо қилинг”.

(давоми бор) (1-қисм) (2-қисм) (3-қисм) (4-қисм) (5-қисм)

Эҳсон Шеножакнинг “Имоми Аъзам изидан” китобидан 

Таржимон: Абдулвоҳид Забиҳуллоҳ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Имом Абу Ҳанифа кўрган саҳобалар

1181 18:55 09.06.2021

“Имоми Аъзам изидан” (14-қисм)

988 03:30 04.05.2021

Тожирликдан олимликка

1399 22:00 30.04.2021

“Куфада тўрт минг киши ҳадис, тўрт юз киши фиқҳ ўрганмоқда эди”

1275 23:00 08.04.2021

Қозилик мансабини қабул қилмадилар...

1242 23:00 19.03.2021

Имоми Аъзам давлат вазифасини қабул қилмагани учун дарраланди

1504 21:00 10.03.2021
« Орқага