Имомлик боби (Енгил фиқҳ)

14:05 12.07.2019 427

Жамоат таъкидланган суннатдир. Имомликка энг ҳақли суннатга олим кишидир. Агар тенг бўлишса, қориларидир. Бундаям тенг бўлишса, парҳезкорларидир. Бундаям тенг бўлишса ёши улуғларидир. Қул, аъробий, фосиқ, кўр ва валади зинонинг имомликка ўтиши макруҳдир. Агар ўтишса жоиз бўлаверади.

Имом қавмга намозни узун ўқиб бермайди.

Аёлларнинг ўзлари жамоат бўлиб намоз ўқишлари макруҳдир. Агар жамоат бўлишса, имомлари ўрталарида туради.

Агар киши бир одам билан намоз ўқиса, уни ўнг томонига турғизади. Агар икки кишига имом бўлса, ўзи олдинга чиқади. Эркаклар аёл кишига ёки сабий (ёш бола)га иқтидо қилишлари жоиз эмасдир.

Биринчи эркаклар сафланишади, кейин сабийлар ва ундан кейин аёллар. Агар аёл киши эркакка, муштарак намозда баробар бўлиб қолса, ҳамда аёлга имомликни ният қилган бўлса, эркакнинг намози бузилади. Аммо унга имомликни ният қилмаган бўлса, бунда эркакка зарар йўқдир, аёлнинг намози бузилади. Баробар бўлишнинг шарти – намоз муштарак ва мутлақ бўлиши, аёлнинг шаҳват аҳлидан бўлиши ва ўрталарида тўсиқ бўлмаслигидир.

Аёлларнинг жамоатга ҳозир бўлишлари макруҳдир. Қари аёлларнинг бомдод, шом ва хуфтонга чиқишларининг зарари йўқдир.

Бутун таҳоратли узр соҳиби ортида, таҳоратли аёл эса истиҳозали ортида намоз ўқимайди. Қироати бор оми ортида, кийимли яланғоч ортида намоз ўқимайди. Таяммумли таҳорат олганга, масҳ қилган оёғини ювганга, туриб ўқий оладиган ўтириб ўқийдиганга ва имо-ишора билан ўқийдиган ўзига ўхшаганга иқтидо қилса бўлади. Рукуъ ва сажда билан ўқийдиган ишора этадиганга, фарз ўқиётган нафл ўқиётганга ва бир фарз ўқиётган бошқа фарз ўқиётганга эргашмайди. Нафл ўқувчи эса фарз ўқиётган ортидан эргашса бўлади.

Ким бир имомга иқтидо қилса, сўнг имомининг таҳоратсиз эканини билса, намозини қайта ўқийди. Агар оми қироати бор ва оми қавмга намоз ўқиб берса, ҳаммаларининг намозлари фосиддир. Агар оми ўзи ўқиса, қироати бор ўзи ўқиса жоиздир. Агар имом олдинги икки ракатни ўзи ўқиса, сўнг кейинги икки ракатга омини олдинга ўтқазса, намозлари фосид бўлади.

"Енгил фиқҳ" китоби
Мубашшир Аҳмад

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!