Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Имомлик: лавозимми ёки вазифа?

1293

1-қисм   
Имом ким?

Ислом динида имомлик инсонларга яхшилик улашувчи ва уларга энг муҳим масалаларда тўғри ечим топиб берувчи дея қадрланади. Аммо, ушбу имомлар деярли барча даврларда одамларнинг маломатларига учраши, ёмонотлиқ бўлиши, ҳар ҳил туҳмат ва фитналарга учраши, оддийроқ қилиб айтилса емаган сомсасига пул тўлаб келиши ҳақиқат. Тўғри, ҳамма соҳада бўлгани каби бу соҳа вакиллари орасида ҳам камчилик нуқсондан холи бўлмаган инсонлар бор. Барча касб соҳасидагилар каби бу соҳа вакиллари орасида баъзида нолойиқлар ҳам учраб туради. Лекин, бугунги кунда бу соҳа вакиллари таъна қилинаётгани ва улар ҳаёти қай тарзда кечмоқда, бу ҳақида ҳам бир яхшилаб тафаккур қилиб кўрилса яхши бўлади.

«Имом» арабча сўз бўлиб, тўғри йўлга бошловчи, олдинда турувчи, раҳбарлик қилувчи ва пешво каби маъноларни англатади. 

Имомлик шартлари ҳақида уламоларимиз қуйидагича айтганлар:

1. Ислом. Мусулмон бўлмаган одам имом бўла олмайди.
2. Ақл. Ақлий нуқсонли инсон ҳам  имом бўла олмайди.
3. Балоғатга етганлик. Балоғат ёшига етмаган боланинг имомлиги жоиз эмас.
4. Эркаклик. Аёллар ва хунасалар имом бўли олишмас.
5. Тўла таҳоратли бўлиш. Таҳорати йўқ ёки бирор ерига нажас теккан одам имом бўлиши мумкин эмас.
6. Қироат ва намоз арконларини яхши адо этиш. Қори одам уммийга иқтидо қила олмайди. Намозни тўлиқ ўқишга қодир одам жисмоний ноиложлик туфайли ўтириб ёки бошқа нуқсонли равишда намоз ўқийдиган одамга иқтидо қилиши жоиз эмас. 
7. Масбуқ бўлмаслиги. Бировга иқтидо қилган инсонга бошқа одам 
8. Узрли касал бўлмаслиги. Доимий бурни қонаб турадиган, пешоби оқиб турадиган, ел чиқиб турадиган ва шунга ўхшаш дардларга учраган кишилар имом бўла олмайдилар. Ўзлари каби соҳиби узрларга имомлиги жоиз.

Баъзи уламолар бошқа шартларни ҳам қўшганлар.

Аллоҳ таоло марҳамат этади:

«Биз (Иброҳимга) Исҳоқни ҳадя этдик ва Яъқубни ҳам (набира қилиб) қўшиб бердик ҳамда барчаларини солиҳ кишилар қилдик. Яна уларни Бизнинг амримиз билан (одамларни) ҳидоят этадиган пешволар қилдик ва уларга яхши амаллар қилишни, намозни баркамол адо этишни ва закот беришни ваҳий қилдик» (Анбиё, 72–73).

Муфассирлар айтишадики, Иброҳим алайҳиссалом кўп имтиҳонлардан муваффақиятли ўтганларидан кейин Аллоҳ таоло иноят қилиб, имомликни ато этган. 

Қуръони карим оятларида «имом» яхшиликка бошловчи маъносида қўлланганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Шу боис кўп оятларда келтирилган «имом» сўзи расуллар ва пайғамбарларга йўналтирилган. Расуллар ва пайғамбарларнинг табиатида эса фақат ҳидоят, итоат, имон каби фазилатлар бордир.

“Шарҳул умда” китобида  бундай келтирилади: 

Довуд ибн Абу Ҳинддан ривоят қилинади: “Набий солаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига бир кимса келиб: Менга бир амал буюринг, шуни қилайин”, деди. У зот алайҳиссалом: “ Қавмингга имом бўл”, деб айтдилар. У: “Агар бунга иқтидорим етмаса-чи?”, деди.  У зот алайҳиссалом: “Унда қавмингга муаззин бўлақол”, дедилар.
Саид ривояти

Демак, имом агар шариатда рост турса улкан мақомлар топиши, улуғ савобларга эришиши мумкин экан. 

Аввало имомлик тарихига назар соламиз. Биринчи имом Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламдирлар. У зот саҳобийлар розияллоҳу анҳумга имом бўлиб намоз ўқиб берганлар.  

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бизга намозга ўтдилар. Намозни адо этиб бўлганларидан кейин бизга юзларини буриб: «Эй, одамлар, албатта, мен сизнинг имомингизман, мендан олдин рукуъ ҳам, сажда ҳам, қиём ҳам, чиқиш ҳам қилманг. Бас, албатта, мен сизларни олдимдан ҳам, ортимдан ҳам кўрурман», дедилар. 
Муттафақун алайҳ.

Иккинчи имом эса Абу Бакр розияллоҳу анҳу бўлган.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам касал бўлиб қолдилар. Дардлари анча оғир эди. Шунда у зот: “Абу Бакрга айтинглар, чиқиб одамларга имомлик қилсин!” деб буюрдилар. Оиша: “(Отамнинг) кўнгли нозик. Агар ўрнингизга ўтса, одамларга имомлик қила олмайди”, деди. Расулуллоҳ алайҳисалом: “Абу Бакрга айтинглар, чиқиб одамларга имомликка ўтсин!” деб таъкидладилар. Оиша яна ўша гапни қайтарди. Шунда у зот: “(Эй Оиша,) Абу Бакрга айт, чиқиб одамлар билан намоз ўқисин! Албатта сизлар Юсуфнинг соҳибаларисиз”, дедилар. Шунда Абу Бакрга хабар келди, у Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик вақтларида имомликка ўтди”. Бухорий ривояти.

Имомликнинг аввали мана шундай улуғ зотлар билан бошланган. Сўнгра саҳобийлар розияллоҳу анҳум Набий соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи  васаллам кўрсатмаларига кўра имомликка ўтишган. Имомлик вазифаси агар холис адо этилса улкан савобларга эга бўлиши, шунинг билан бирга ўта катта масъулият экани ҳақиқат. 

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳадис илми:  Имом Ийсо ибн Абоннинг қиёс оҳод хабардан муқаддам туриши бўйича қарашлари

183 19:00 23.10.2020

Имомларда сўз эркинлиги борми?

1454 20:40 23.09.2020

Самарқанд бош имом-хатиби хотинини шафқатсизларча калтаклаган эрни тавбага чақирди   

1538 11:40 17.09.2020

Етимпарварлиги билан машҳур бўлган имом: “Болалигим ғамгин ўтган...”

4156 19:45 20.08.2020

АҚШда безорилар масжид имомини ўлдиришди

2334 08:24 09.08.2020

Бухоронинг собиқ бош имом-хатиби коронавирусдан вафот этди

3172 12:45 18.07.2020
« Орқага