Таҳлил

Индонезияда Ислом

1102

Маълумки, Индонезия дунёдаги энг кўп мусулмон аҳоли истиқомат қилувчи мамлакат ҳисобланади. Малайзия ва Филиппин ороллари билан қўшиб ҳисоблаганда, бу ҳудудда яшовчи мусулмонлар сони 250 миллиондан ортиқроқ. Тарихан мазкур минтақа Шарқий Ҳиндистон деб номланган, аммо ҳозирда Индонезия, Малайзия ва Бруней халқлари яшаб турган ҳудудларга нисбатан «архипелаг» атамасидан фойдаланилади.

Сир эмаски, география тарихнинг асосий ҳал қилувчи омилидир. Мазкур минтақанинг ўзига хос жўғрофияси уни Ҳинд океани ва Бенгал кўрфази орқали Марокашдан Бенгалиягача чўзилган ҳалқадан ажратиб турарди. Шунинг учун Индонезия Шимолий Африка, Миср, Ғарбий Осиё, Ўрта Осиё ва Ҳиндистон ўртасида сиёсий ва ҳарбий муносабатлардан четда қолиб кетган. Бу нарса эса Индонезия ва Малайзия бутун ислом дунёси тарихига боғланиб кетувчи ўз тарихини яратишига олиб келди.

Исломгача бўлган давр

Исломгача бўлган даврда мазкур архипелагда буддист-ҳинду-анимист матрицанинг устидаги ҳукмрон синф ҳиндлар ҳисобланарди. Таъкидлаб ўтиш жоиз, ушбу минтақага ҳинд маданий элементларининг кириб келиши тарихи Ашоканинг ҳукмронлик йилларига бориб тақалади. Ушбу ҳолат эса архипелагда исломгача бўлган минг йиллар давомида бевосита индуизмни ўзида акс эттирувчи маданиятнинг нодир намуналари яратилишига олиб келди. Камбожадаги Ангроварт ибодатхонаси ва Явадаги ҳинд подшоҳлари томонидан идора этилган Суматра ва Мажаҳапит қиролликлари даврида яратилган санскрит тилидаги маданий мерослар бунга яққол мисолдир.  

Индонезия архипелагига ислом динининг кириб келишини эса шартли равишда 3 қисмга бўлиш мумкин: биринчи босқич милодий 622 йилдан 1100 йилгача, иккинчи босқич 1100 йилдан 1500 йилгача ва ниҳоят учинчи давр 1500 йилдан бугунги кунгача бўлган даврни ўз ичига олади.

Биринчи босқич (622-1100 йиллар)

Архипелагга ислом динининг кириб келиши ҳамда тарқалиши Ҳинд океанидаги денгиз тижорат алоқаларининг ўсиш даврига тўғри келди. Бағдоддаги аббосийлар давлати глобал савдони рағбатлантирди. Шундай қилиб, араб ва форс мусулмон савдогарлари Ҳинд океанини сузиб ўтиб, Ҳиндистон, Шарқий Африка, Индонезия ва Хитой бозорларини эгаллай бошлади. Тез орада Гужарот, Малабар, Шри-Ланка, Суматра ва Шарқий Африка соҳилларида мусулмон савдогарлари яшовчи кўплаб мавзелар пайдо бўлади.  Ал-Масъудий 877 йилда Танг императори Ҳи-Цун ҳукмронлиги даврида Хитойнинг Кантон шаҳрида қарийб 200 минг мусулмон истиқомат қилган мавзелар ҳақида ёзиб қолдирган. 

Ушбу савдогарлар маҳаллий аҳоли ўртасида ўзининг ҳалоллиги ва софдилиги билан танилишади ҳамда айни шу нарса кўплаб малайзияликларнинг исломни қабул қилишига туртки бўлган. Кўп ўтмай мусулмонлар туб аҳоли вакиллари оила қуриб, ислом энди никоҳ ришталари билан жамиятда янаям қатъийроқ жой эгаллай бошлайди. Шуни ҳам назардан қочирмаслик керакки, улар ўз эътиқодларини одамларга зўрлик ва мажбурият асосида сингдирмаган. Аксинча, улар маҳаллий маданиятни ҳам қабул қилдилар, шариат қонунларини шу асосда таништирдилар. Араблар малайзияликлар орасида озчиликни ташкил этган, бироқ жуда юқори мавқега эга эди. Ҳатто араб йигитлари идеал турмуш ўртоқ сифатида тавсифланган, султонлар учун ҳам ўз қизини мусулмон бўлган араб йигитига турмушга узатиш катта шараф ҳисобланган. Томирида араб қони оқувчи кишилар саййидлар – Пайғамбар авлоди сифатида улуғланар эди.

Бу давр архипелагдаги мумтоз ислом цивилизациясининг чўққиси сифатида характерлидир. Маълумки, VIII-IX асрларда Мадина ва Куфада йирик фиқҳ мактаблари пайдо бўлган, арабларнинг аксарияти шофеий ва моликий мазҳабларига эргашар эди. Мусулмон савдогарлари сабаб бу нарса аббосийлар юрисдиксиясидан ташқарида бўлишига қарамай Малайзия ва Индонезияда ҳам ўз аксини топа бошлади. Бу борада ҳаж институти ҳам сезиларли рол ўйнаган.

1100 йилда эса Ислом олами чуқур ўзгаришларни бошдан кечирди. Ғаззолий каби олимлар ижоди сабаб тасавввуф ривожланди. Бунга қадар ислом цивилизациясида шариат ва фиқҳга катта эътибор берилган, тасаввуфда эса диққат марказида руҳ турарди. Шундай қилиб, тасаввуф ислом тарихида янги бир даврни бошлаб берди ҳамда ушбу ҳолат Индонезия архипелагини ҳам четлаб ўтгани йўқ.

Иккинчи босқич (1100-1500 йиллар)

Айнан 1100-1500 йилларда ислом Индонезия ва Малазияда кенг тарқалди. Маҳаллий аҳоли маросимларни адо этишдан кўра сийратан исломга эътиқод қилишга кўпроқ урғу бера бошлади. Архипелагда ислом динининг ёйилиши Суматра қироллигидан бошланган, ундан кейин Ява, Малайзия, Брунео, Сула  ва Лузо ҳудудларига тарқалган.

Арабистонлик олим Шайх Абдуллоҳ Ориф 1100 йилда Суматрага ислом динини олиб кирди. Шимолий Суматрада исломни қабул қилган биринчи ҳукмдор Ёхан Шоҳ бўлган, аммо ислом динининг қиролликдаги тараққиёти Султон Малик ас-Солиҳ ҳукмронлиги даврига тўғри келади. 14-аср давомида сўфийлик асосида ислом Суматра бўйлаб ёйилди.

Пасаи ва Малакка тез орада минтақадаги тасаввуф марказларига айланди. Тасаввуф Ислом оламида шу қадар кенг тарқалдики, савдогарлар ва саёҳатчиларнинг кўплари аллақачон сўфий тариқатларига мансуб эди. 13-14 асрларда бутун мусулмон олами татарлар ва мўғул истилосига дучор бўлди, натижада кўплаб олимлар бошқа жойлардан паноҳ топди. Охир-оқибат ушбу кўчишлар ислом ҳамда тасаввуфнининг каттароқ майдонда тарқалишига олиб келди, архипелагда буюк тасаввуф олимлари етишиб чиқди ва улар ислом динини ёйишга беқиёс ҳисса қўшди.

14 аср давомида Ява ороллари маркази Жакарта бўлган Маджапаҳит подшолиги таъсири остида бўлган, ушбу подшолик Явадаги савдо устида ўз ҳукмронлигини ўрнатган эди. Бироқ Явадаги маҳаллий савдогарлар мусулмон дунёси билан савдо-сотиқни ривожлантиришдан кўпроқ фойда кўра бошлагач, уларнинг Маджапаҳит билан алоқалари сезиларли даражада заифлашди. Индонезия архипелаги ва мусулмон олами билан алоқаларнинг яхшиланиши эса ўз навбатида Явадаги рожалар ҳамда савдогарлар орасида исломни қабул қилиш билан бирга кечди.

Бир сўз билан айтганда, Явада Ислом динининг ёйилиш тарихи бошқалариникидан кескин ажралиб туради. Бунда энг аввал оддий аҳоли мусулмон бўлди, охирида эса ҳукмрон сулола исломни қабул қилди.

Минтақа бўйлаб ислом динининг ёйилишидаги яна бир муҳим элемент бу бошқарувни қонунийлаштириш масаласи эди. Бутун тарих давомида мусулмонлар орасида ҳукмдор пайғамбарнинг оиласидан бўлиши кераклиги ҳақида қатъий фикр мавжуд бўлган. XIV асрга келиб ислом Ява ва Суматра бўйлаб тарқалганда, пайғамбар билан қариндошлик алоқаларининг мавжудлиги остида бошқарувнинг қонунийлигига нисбат бериш малай халқлари томонидан ҳам кенг қабул қилинди. Натижада янги қабул қилинган ҳукмдорлар Макка ва мадиналик саййидлар билан никоҳ орқали қариндошлик алоқаларини боғлашга ҳаракат қила бошлади.

Шундай қилиб, деярли 400 йил давомида ислом архипелагда тобора кучлироқ аҳамият касб эта бораверди. 16-асрда (1512 йилдан кейин) португаллар ва испанлар бу ҳудудларни ишғол қилиш учун тарих саҳнасига юксалганида бутун Индонезия архипелаги ислом дини таъсири остида бўлган.

Учинчи босқич (1500 йилдан ҳозирги кунгача)

1500-1950 йилларда исломнинг бирлашуви жараёни давом этди. Бу нафақат одамларни айни эътиқод узра бирлаштирди, балки санъат ва адабиётга ҳам бемисл таъсир кўрсатди. Ҳиндистон ва Покистонда туркларнинг маданий таъсири урду тилининг пайдо бўлишига олиб келгани каби исломнинг малай тилига таъсири жуда кучли бўлган. Қуръон тажвидида енгиллик бўлиши учун малай алифбосига янги ҳарфлар киритилди, тил арабча ва форсча сўзлар билан бойитилди. 16-асрга келиб малай тили Индонезия, Малайзия ва Филиппиндаги барча малай халқлари орасида кенг фойдаланила бошланди, бу шунингдек, оролларда янги эътиқодни тарғиб қилиш воситасига айланди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нега Индонезия архипелаги ва Ҳиндистонда исломнинг қабул қилиниш жараёни турлича кечган? Ҳар иккисида ҳам тарихан жамият ҳинд эътиқодлари асосида қурилганига қарамай, архипелаг аҳолиси исломни кенг миқёсда қабул этгани ҳолда бу ҳолат Ҳиндистонда содир бўлмади. Буни бир неча фактлар билан изоҳлаш мумкин.

Биринчидан, ислом дастлаб Шарқий Ҳиндистон ва Индонезия архипелагига тинчлик билан кириб келган, тинч йўл билан тарғиб қилинган. Бироқ вазият Маҳмуд Ғазнавийнинг Ҳиндистонга юриши натижасида ўзгариб кетади. Кейинчалик ҳам бой ўлжаларни қўлга киритиш мақсадида афғон ва кўплаб Марказий Осиё ҳукмдорлари бу ерларни забт этишга ҳаракат қилади. Натижада ушбу истилолалар қолдирган аччиқ излар мусулмонлар ҳамда уларнинг дини билан боғлана бошлади. Индонезияда эса бундай бўлмаган – у ерда маҳаллий ҳукмдорлар ўз ихтиёрларига кўра исломни қабул қилди.

Бундан ташқари, Ислом таъсири остида бўлса ҳам Индонезия архипелагида мамлакатни маҳаллий ҳукмдорлар бошқарган, Ҳиндистонда бўлгани каби улар турк, афғон ёки мўғул бўлмаган.

Иккинчидан, бу ерда тил ҳам катта рол ўйнади. Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган мусулмон ҳукмдорлар ўз тиллари – форсийни давлат тили даражасига кўтарди, маҳаллий тиллар эса эътибордан четда қолди. Индонезияда эса малай тили ислом таъсирида ўзгарган бўлса ҳам, аҳолининг ўз она тили бўлган.

Шу ва бошқа сабаблар туфайли ислом биринчи кундан бошлаб архипелаг учун маҳаллий динга айланди, Ҳиндистонда эса бунинг учун 300 йил вақт сарфланган. 

Манба: islamicity.org

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Индонезияда зинонинг расман тақиқланиши кутилмоқда

1796 14:32 20.09.2019

Абдулазиз Комилов Индонезия элчихонасига ташриф буюриб, таъзия изҳор этди

598 12:44 16.09.2019

Индонезияни демократияга олиб чиққан собиқ президент вафот этди

672 12:19 12.09.2019

Исломни индонезияликлардан ўргандим

4517 15:43 03.09.2019

Индонезиялик аёл ҳажга бориш учун 26 йил чиқинди тўплади

1296 10:30 23.08.2019
« Орқага