“Иншироҳ”ни тинглаганимдаёқ, қалбим таскин топди”

18:00 14.03.2019 989

“Сен энди чиққан қизсан!”, “Сен энди чиққан қизсаан!”, “Сен энди чиққан қизсааанн!”... Ўгай онамнинг қаҳрли маломатлари қулоқларим остида қайта-қайта жаранглаяпти. Ўғлимнинг қўлидан ушладим. Боламни эҳтиёт қилиш учун эмас, у билан бирга юрганда қўлчасидан ушлаб олиш одатимга айлангани учун...

Кўчага чиқдик. Бола кўнгли билан бобосиникидан музтар чиққанимни фаҳмлаган ўғлимдан сас-садо чиқмайди. Юрагимни хўрсиниқ ачиштирадию, кўзимдан бир томчи ёш оқмайди. Ўз онам бўлганида ҳам шунчалик хўрлик кўрармидим? На ота уйимда, на эр уйида қадр-қиймат кўрмаётганимнинг сабаби нима? Қўлимдан келганича меҳнат қилсам, рўзғоримга фойда бўлсин деб кундузи касалхонада ҳамширалик қилиб, туни билан чеварлик қилсам. Бошқа аёллардай кўчага ясан-тусан, пардоз-андоз билан юриб, эримнинг пулини совурмасам. Нега бунчалик қадри арзонман?..

Онам вафот этганидан кейин  отам бошқага уйланди. Акам иккимиз чирқиллаб қолавердик. Ўгай онамнинг аввалги оиласи фарзандсизлик сабабли бузилган экан. Отамга турмушга чиққан йили эгизак укаларим туғилди. Шундан кейин уй-рўзғорнинг ҳамма иши менинг бошимга юкланди. Лекин ҳар ишда бир хайр бор деганларидек, ёшлигимдан рўзғор ишларига уқувли бўлганим ҳам яхши экан. Турмушга чиқиб қийналмадим. Тонг саҳарда уйғониб ҳовли супуриш, сигир соғиб, нонушта тайёрлаш, дастурхонни йиғиштириб, идишларни ювиб ишга отланиш мен учун ота уйимдаги одатий юмушларим эди. Келинликда ҳам оддий ишларни қилгандек, одатий ҳаётимда давом этдим. Ўгай онамнинг қариндошига узатилганман. Эримнинг юраги хаста эканини кейинчалик билдим. Мен-ку, майли, қайнота-қайнонам эримга ҳам раҳм қилмаслигини кўриб ўксинаман. Бир неча кундан бери уйда бизни ҳовлидан чиқариш можароси давом этяпти. Ота  уйимга отамдан ёрдам сўраб боргандим. Қайнотам қишлоқ чеккасидаги томорқасидан бир парчасини бизга ажратиб, уй-жой қилишимизни, баҳорданоқ қурилиш ишларини бошлаб, Рамазонгача кўчиб чиқишимизни айтди. Бу гаплар оғизга осон. Икки ёш бола билан, эрим иккимизнинг маошдан бошқа даромадимиз бўлмаса, уй-жой қилиш осонми? Эримнинг ойлиги дори-дармонию, шифохона харажатларидан бери келмайди. Улардан бир нарса сўраш нари турсин, бошимда, болаларимнинг бошида тик оёқда юрганларига шукр қиламан. Отам ўгай онамга айтибди.

– Чиққан қиз чиғириқдан нари!, деди ўгай онам ғазаб билан. – Отангнинг ҳам уйланадиган ўғиллари, узатиладиган қизлари бор, узатиб ҳам сендан қутулмадикми?!..

– Янгам бояқиш ортимдан изиллаб қолди. Унгаям осон эмас. Акам хорижда ишлайди, уч боланинг ташвиши янгамнинг бошида. Акам пул бергани билан, муаммонинг ҳаммаси фақат пул билан битмайдику... Ўгай онамдан хафа бўлишга ҳаққим борми-йўқми? Отамдан-чи?..

– Ойижон...  Қўлимдан оҳиста тортиб силкиди ўғлим.

– Нима дейсан?, дегандим, уч-тўрт қадам олдинга ишора қилди:

– Бибижоним...

Отамнинг аммалари. Нуроний, маърифатли аёл. Маҳаллада ҳамма уларни “отин биби” дегани учун болаларим “Бибижон” дейишади.

– Ассалому алайкум, амма...

– Ва алайкум ассалом, Нодирапошша, яхшимисан қизим?

Амма билан эсонлашиб, жилмайишга уриндим. Ўғлимни суйиб-алқадию, менга синчков қаради:

– Тинчмисан? Куёв яхшими? Кўзингга нима қилди, қизарибди?

– Аммажон.... – Дувиллаб кўз ёшларим қуйилди. – Қийналиб кетдим. Онам бўлганларида... шунчалик беқадр бўлмасмидим...

– Оббо. Қани юринглар, юр-чи меникига, тўлиб турган экансан-да! Юра қолинглар, болам...

Инидан илон чиққан қушдай беҳаловат, қайга боришни билмай карахт эдим. Индамай аммага эргашдим. Уйларига кириб боргандик, оҳиста аммо қатъиятли оҳангда:

– Келинпошшалар, бизга қараб юборинглар!, деди. Бир зумда келинлари бир чойнак чой, дастурхон, қанд-қурс кўтариб келишди. Салом-алик, омонлашишдан кейин янгаларим оҳиста хонани тарк этдилар. Амма менга саволчан тикилиб туриб, “хўш, нимадан безовтасан?” деганди, яна хўрлигим келди.

– Онаси ўлган шум етим экан, аммажон, ўгай онамнинг қандайлигини биласиз, ота уйимда рўшнолик кўрмаганим етмагандай, эримникилар ҳам ҳаддидан ошди. Менинг-ку, онам ўгай экан, менга раҳм-шафқат қилишидан умидим йўқ. Куёвингизнинг онаси ўз боласига ачинмайдими, аммажон? Тағин ўғли бемор бўлса... Невараларига жони ачимайдими? Мен юрак ҳовучлаб ўтираман уйда, қайнонам, қайнотам, ака-укалари эримнинг дилини оғритмасин, эридан қайтиб келган қайнопам заҳар санчиб, кўнглини хуфтон қилмасин, дейман. Наҳотки, ўз фарзандига, бир қориндан талашиб тушган жигарларига шафқатсиз одамлар бўлса? Аммажон, Қиёмат деганлари, она қизга, ота ўғилга шафқат қилмайдиган замонлар дегани ҳозирги пайтимизмикан? Ёки мен ўз хатоимни кўрмайдиган даражада кўр бўлибманми?..

– Эй қизимей, охирзамондамиз болам! Атрофимизда одамлардан кўра одамликни ўйнаётганлар кўп! Ҳамма нарсага куйинавермагин. Бир қарасанг, на бу ғамлар қолган, на умр! Сен ҳозир гап орасида “Эрдан чиқиб келган қайнэгачим” дединг-а? Мана шу гапинг маломат ўрнида ўтди. Сен қайнэгачингга хатосини, тўғрироғи Аллоҳнинг қисматини маломат қилдинг. Салафи солиҳларимиздан бирлари машаққатли ҳаётга тушиб қолибдилар. Улардан нега бу аҳволга тушганларини сўрашган экан: “Бир кишига “Эй ғариб!” дегандим, бу маломатимнинг жавобини қирқ йиллик қашшоқлик билан ўтадим” дея жавоб қилган эканлар...

– Аммажон... – Хижолатли ва қўрқувдан овозим инграгандек эшитилди.

– Шундай қизим! Бировнинг айбини, хатосини маломат қилма! Ўгай онанг, отанг, эрингнинг яқинлари қариндошлик ришталарини узса, қондошлик ҳақига риоя қилмасалар, сен риоя қил!. Чунки ҳар ким ўз амали устидан ўзи сўралади. Ҳар ким экканини ўради.  Шундай ҳадиси қудсий бор, ҳадиси қудсийни биласан, Аллоҳнинг ҳузуридан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга келган хабар. У Зот маъносини сўзлари билан ифодалаган ҳадис. Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай ривоят қилади: “Аллоҳ азза ва жалла деди: “Мен Раҳмондирман. Мен “раҳм”ни яратдим. Ва унга ўз исмимдан исм қўйдим. Бас, кимки, раҳмни боғласа, уни боғлайман (яъни уни яхшиликка боғлайман, қилган хайрли амали учун мукофотлайман). Кимки, раҳмни узса, уни кесиб ташлайман!”. Бу ҳадис Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал-Адаб ал-муфрад” китобларида келтирилган. – Амма китоб жавонига ишора қилдилар. – Қариндошчилик, жигарчилик ришталари “силаи раҳм” дейилади. “Раҳм” сўзи Аллоҳнинг Раҳмон исми ўзагидан олинган. Демак, қариндошларга яхшилик қилиш Аллоҳга яхшилик қилиш билан баробар қизим!..

 – Сиз шундай чиройли тушунтирдингизки, мен ота-онамдан, қайнона-қайнотамдан хафа бўлганим учун Аллоҳдан уялдим, аммажон... Лекин... Лекин инсонмиз-да, бизни назар-писанд қилмаган, ҳурмат қилмаганларга яхшилик қилиш, кулиб қараб, уларнинг эътиборисизлигига кўз юмиш малол келади. Юракка юк бўлади. Кўнгил оғрийди...

– Қўявер қизим, уларга Аллоҳ кифоя қилгай. Дили оғриган одам мазлум бўлади. Мазлумга эса “иншироҳ” бор...

– “Иншироҳ” нима дегани, аммажон?

– Ҳмм... “Иншироҳми”?... – Амма маҳзун табассум билан бир муддат ўйга толдилар. – Қуръони Кариймда “Шарҳ” сураси бор. Уни “иншироҳ” ҳам дейдилар. Яъни “очиш, кенг қилиш” деган маъноларини англатади. Бу сура бошдан-оёқ Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хитоб бўлиб, Аллоҳ таоло томонидан У Зотга ато этилган фазл-марҳаматлар зикр қилиняпти ва У Зот машаққатларга сабр-тоқат қилишга ҳамда Аллоҳ таолонинг ибодатига мудом рағбат кўрсатишга даъват этилган.

– Аммажон, эшитгим келяпти, ўқиб берсангиз, дегандим...

– Ҳа, майли, эшит қизим: “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сенинг кўксингни кенг қилиб қўймадикми? Ва сенинг юкингни енгиллатмадикми? У сенинг елкангни босиб турган эди. Ва сенинг зикрингни юқори кўтардик. Бас, албатта, бир қийинчилик билан осонлик бордир.  Албатта, бир қийинчилик билан осонлик бордир. Фориғ бўлсанг, ибодатига урингин. Ва фақат Роббингга рағбат қил”.

Аллоҳ таоло бу сўзлари билан ҳар машаққат билан бирга осонлик борлигини, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам Ўзига юзланиб, Ўзидан сўрашликни марҳамат қилади.

–  Албатта, бир қийинчилик билан осонлик бордир... Аммажон, қулфи дилим очилгандек бўлди. Руҳим енгиллаб, юрагимда умид чечак очгандай ёришди...

– Қачонки, озор кўрсанг, оғринсанг, муносабатингга муносиб жавоб кўрмасанг шу оятларни такрорла. Сенга озор берган нарсанинг ҳикматини кўришга урин. Албатта, Раббимиз Ҳикматли зот ва Унинг ихтиёри билан рўй берган ҳар қандай ҳолатнинг ҳикмати бўлади....

– Бугун қайнотам ва онамдан кўнгил оғритадиган гапларни эшитганимнинг ҳам ҳикмати бўлди. Сизни учратдим. Дардимни бўлишдим ва  албатта, бир қийинчилик билан осонлик борлигини англадим. Аммажон, сизга  кааатта раҳмат. Борингизга шукр...

Амма билан хайрлашиб чиққанимда, совуқнинг заҳри пасайгандек туюлди. Аслида қалбимдаги алам изғирини ўрнини, меҳрнинг қайноқ тафти эгаллаганди. Уйимга ошиқиб, ўғлимнинг қўлчасидан тутган эдим, қоп-қора кўзчаларини менга тикиб:

  – Ойижон, бибижонникига яна келамиз-а?, деб сўради.

  – Иншоаллоҳ, келамиз ўғлим!.

Беихтиёр тилимда аммам ўқиган оятлар такрорланди: “Ва сенинг юкингни енгиллатмадикми?”...

Умида АДИЗОВА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!