Мангу дарахтлари тиллодан Жаннат

13:00 13.05.2019 795

Кейинги пайтларда бутун дунёда бўлганидек, юртимизда ҳам ёшларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраяпти. Оғриқли ҳол. Шунчаки, оғриқли эмас, юрак-бағрингни ўртаб, аъзойи баданингга тиконлар ботади. Бу каби ҳолатларнинг асосий сабаби — ёшларда диний тасаввурнинг саёзлиги, Қуръон ва Пайғамбарлар қиссаларидан бехабарлигидир.  Ёшларни тарбиялар эканмиз, ҳаёт тушиш ва чиқишдан иборат сафар эканини, Яратган  ҳатто пайғамбарларга ҳам тинч, фаровон ҳаёт бермаганини тушунтиришимиз керак.  Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эмас, деярли барча пайғамбарларнинг ҳаёти дарду ғамлар тарихидир.  Ожиз ақли билан ўйлаган инсон Аллоҳ азза ва жалла нега пайғамбарларини  бунча машаққатлар билан имтиҳон қилган, дея ўйлайди. Севимли Расулимиз алайҳиссаломнинг тортган азобларини айтмайсиз-ми? Отасини ҳеч қачон кўрмаган, болалигида онасидан айрилган етим. Биргина пушти паноҳи бобосидан ҳам эрта айрилган кимсасиз. Қариндош бўлса ҳам, бошқалари билан туриш, энг қадрдон азизларсиз  яшаш қийин бўлади. Сийрат ҳақидаги китоблари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшликларидан мулоҳазали, камгап, ғамгин ва чуқур тафаккурга толган инсон ўлароқ тасвирланадилар. Маҳзун болалик...

Ҳа, Аллоҳ азза ва жалладан бошқа суянчиғи бўлмаган бола бўлганлар севикли Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам. Бу тақдиротнинг ҳикматини Яратган Зотнинг ўзи билади. Ҳақ субҳонаҳу ва таолодан бошқа суянадиганларидан маҳрумлик, инсонни Аллоҳга ўзини топинишга даъват этади. Тортган машаққатлари олдинда тортажак синовларга чидаши учун куч беради. Пайғамбаримиз Аллоҳнинг марҳамати билан Маккада "Тоҳира- покиза", дея ном чиқарган Ҳадича онамизга уйланадилар.Онамиздан бир-биридан ширин нурли фарзандлар кўрдилар.Аммо, Рисолатнинг илк дамидан иймон келтириб, ул Зотга суянчиқ бўлган, Хадича онамиз розияллоҳу анҳудан ҳам айрилдилар. Ўша йили Макка мушрикларининг ҳужумидан ҳимоя қилиб турган амакилари Абу Толибдан ҳам айриладилар. Бу йил Ислом тарихи китобларига “Қайғу йили” номи билан кечди. Ул Зот яна ёлғиз қолгандилар. Ва Роббиларидан бошқа паноҳлари, суянчиқлари қолмаганди. Сиз Аллоҳга чақирганингиз учун тошбўрон қилиндингизми? Ул Зот тошбўронга учрадилар. Тағин уларни ҳимоя қилиш ваъда қилинган Тоифда! Тасаввур қиляпсизми, сизни “кел” деб чақирганлар, шарманда қилиш учун маҳалланинг болаларига тошбўрон қилдирса! Ёки Ойиша онамиз билан боғлиқ, “Ифк ҳодисаси”  қанчалик оғир имтиҳон эканини ҳеч мулоҳаза қилганмисизми? Ифк ҳодисасининг қанчалик оғир синовлигини англаш учун шундай ўйланг; оғзига эрк берганларнинг, миш-миш қилаётганини тасаввур қилинг. 

Аёллар ўзларини Ойиша розияллоҳу анҳо онамизнинг  ўринларига қўйиб кўрсинлар. Ҳамма иффатингизга бўҳтон қиляпти. Эрингиз ҳам гаплашмаяпти. Поклигингизни Аллоҳ азза ва жалладан бошқа ҳеч ким билмайди. Бундай имтиҳонларга чидашнинг ўзи қийин.

Синовлар инсонни тоблайди

  Ҳеч қачон машаққат чекмаган, аллада азиз, тўрвада майиз, бўлиб яшаган киши майда-чуйда дилхираликлар, муаммоларга дуч келганда тушкунликка тушади, синади,ҳаётдан кўнгли қолади.  Машаққатлар инсон ҳаётини йўнғич тошидир. Тавҳидни етказишда қаттиқ қаршилик ва босимга учраган Пайғамбаримиз алайҳиссаломга Аллоҳ таоло бошқа пайғамбарларнинг ҳаётларидан мисоллар келтириб, Ҳабибига таскин беради.Сабру бардошли бўлишга чорлайди.Бу долғали синовлар қаршисида: “Қандай чидадингиз, эй Аллоҳнинг Расули!?” дея йиғлайсиз...

Қачонки ҳаёт зарбаларига дуч келсангиз, айнан шуларни ўйланг! Имтиҳон дунёси, деган ҳақиқат ҳамиша ёдингизда бўлсин. Бу ер дунё, жаннат эмас! Ҳар истаганимиз қабул бўладиган, ҳамма нарса биз истагандай бўладиган жой фақат жаннатдир! Бу дунёда жаннатга киришга муносиб бўладиган ҳаёт кечириш керак.  Ҳаттоки, пайғамбарлар ҳам синовлар ва мушкулотлар билан тобланганлар. Пайғамбаримиз суннатларига амал қилиб яшайдиганлар, Пайғамбарлардан ўрнак олиб имтиҳон дунёси сафарини охирламоқчи бўлган ҳаёт ташвишлари, муаммолар олдида жонига қасд қиладими? Умрнинг машаққат тўла сўқмоқларида Аллоҳ таолога сиғиниш бўла туриб, ўлимга, гуноҳга юз буриш тўғрими?!

Аммо улар пайғамбарлар, биз оддий одаммиз, дея эътирозга шошилманг! Ҳа, ул Зот пайғамбар, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз ўрнак оладиган, изларидан юрадиганимиз йўлбошчимиз!  Аллоҳ Ўзи севган бандаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ташвишсиз, хотиржам ҳаётда яшатмаган экан, бизга синовсиз, фақат шодликларга тўла ҳаётни кутиш ярашмайди.Халқимиз мақолида:"Сабр ости сариқ олтин,"дея бекорга айтилмаган.Зеро,мангу дарахтлари олтиндан яратилган Висол маскани - Жаннатга имтиҳонсиз,сабрсиз асло эришиб,бўлмайди.

Манбалар асосида Умида Адизова тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!