Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Инсон нега гуноҳ қилади?! (давоми)

815

(2-қисм)

Инсонни Аллоҳга осий бўлишга, гуноҳ ишга ундайдиган бир қанча сабаблар бор. Бу сабаблар турлича бўлиб, уларнинг баъзиси шахснинг ўзидан, баъзилари эса жамиятдан келиб чиқади. Нима учун одамлар гуноҳ қиладилар?

Касалликни даволаш учун, аввало, унга тўғри ташхис қўйиш даркор. Сўнгра касалликни келтириб чиқарадиган омилар бартараф қилинади, кейин эса уни даволашга киришилади.

Қуйида бандани гуноҳга олиб борадиган баъзи сабаб ва омилларни санаб ўтамиз.

4.  Шайтон васвасаси. 

Шайтон инсониятнинг энг асосий душмани. У одамни осийликка олиб бормагунча тинчланмайди. Набий алайҳиссалом айтганларидек, у инсоннинг қон томирларида оқиб туради. 

Аллома Ибн Қайюм айтадилар: “Шайтоннинг бандага ҳужум қиладиган уч жиҳати бор: мубоҳ ишлардаги исрофгарчилик, Аллоҳнинг зикридан ғафлатда қолиш ва бефойда нарсаларга берилиш”. 

Демак мана шу уч жиҳатга жиддий эътибор берилса, шайтоннинг ҳужумидан маълум миқдорда омон қолинади ва оқибатда келиб чиқадиган катта гуноҳларнинг ҳам олди олинади. 

5.  Аллоҳнинг кечирувчи сифтини суистеъмол қилиш. 

Кўп инсонлар умрларини гуноҳ ва маъсият ичида ўтказадилар. Шу билан бирга яна Аллоҳнинг мукофоти – жаннатни орзу қиладилар. Улар Аллоҳнинг кечиримидан умид қиладир, бизларни кечириб, мағфират қилиб юборади, деб ўйлашади. 

Ҳа, Аллоҳ кенг мағфиратли, кечиримли Зот. Фақатгина, У тавба қилганларни, истиғфор айтганларни кечиради. Роббимиз, раҳимли зот бўлиши билан бирга қахрли ҳам. Ҳижр сурасида айтадики: “Бандаларимга хабар беринг, Мен мағфиратли ва раҳимли Зотман ва (шу билан бирга) азобим аламли азобдир”. 

6.  Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлиш. 

Юқоридаги кишилардан фарқли ўлароқ, баъзи инсонлар Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратидан ноумид бўладилар. Улар умрлариннинг кўп қисмини разолатга ботган ҳолда, ҳаромдан ўзларини сақламай, фарз ибодатларга бепарво бўлиб ўтказадилар. Оқибатда ўзларини ҳалокати муқаррар, жаҳаннамга шубҳасиз улоқтириладиган одам, деб ҳисоблайдилар. Айнан мана шу фикр уларни тавбадан тўсиб, яна гуноҳ ботқоғида қолишларига сабаб бўлади. 

Бу тоифа кишилар гуноҳлари нақадар катта бўлса ҳам, Аллоҳнинг раҳмати унданда улкан эканини унутиб қўядилар. Аллоҳ таоло Зумар сурасида: “(Эй, Муҳаммад алайҳиссалом) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмасинлар! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг Ўзи мағфиратли ва раҳмлидир”. 

Албатта, Аллоҳ таолодан қўрқиб, хавф ила яшаш яхши, матлуб амал ҳисобланади. Аммо ҳаддан зиёд қўрқиш ва тушкунликка тушиш инсонни умидсиз ҳолга келтириб қўяди. Банда бу борада мўтадил, хавф ва ражода собит бўлмоғи даркор. 

7.  Аллоҳнинг тақдирини баҳона қилиш. 

Баъзи кишилардан “Нега гуноҳ қиласиз?”, деб сўрасангиз, “Модомики ҳар бир нарса Аллоҳнинг тақдири – қадари билан бўлар экан, менинг бу гуноҳда айбим йўқ. Аллоҳ хоҳласа мени ҳидоят қилади ва маъсиятдан дарҳол тийиламан. Агар ҳидоят қилишни хоҳламаса менда нима айб”, дейишади. 

Бу ҳақиқтдан қочиш учун қилинган баҳона холос. Ҳамма нарса қадар – ўлчов билан яратилганини бизга маълум қилган Аллоҳ. Бизни итоатига буюриб, масиятидан қайтарган ҳам Аллоҳ. Амалларимиз учун мукофот ёки жазони ваъда қилган ҳам Аллоҳ. 

Мисол келтирамиз. Талабага “Дарсларинг ҳақида умуман ўйлама, бемалол дам олиб яша. Пешонангда бўлса имтиҳондан ўтасан, йўқса йўқ”, дейиш мумкинми?! Ёки бемор кишига: “Шифокорга борма, дори ичма. Тақдирингда бўлса тузалиб кетасан”, дейиш тўғри бўладими?! Йўқ албатта. 

Ҳар қандай натижага олиб борувчи сабаблар бор. Натижага эришиш учун сабабларни амалга ошириш керак. Дарсларни вақтида тайёрлаш имтиҳондан мувоффақиятли ўтишнинг сабаби, табибга мурожаат қилиш ва у берган дориларни истеъмол қилиш шифо топишнинг сабаби. 

Модомики дунё ишларида сабабларни амалга оширар эканмиз, охират ишларида ҳам сабабларни қоим қилишимиз даркор. 

Қасални даволашдан олдин уни келтириб чиқарадиган сабаблар йўқ қилиниши даркор. Биз ҳам гуноҳни келтириб чиқарадиган сабаб ва омилларнинг баъзиларини санаб ўтдик. Агар улар бартараф этилса, гуноҳ-маъсиятлар ҳам камаяди деган умиддамиз. 

(давоми бор)

Манбалар асосида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил тайёрлади

(1-қисм)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Пандемия халқаро можароларга туртки берди – эксперт

219 21:34 30.01.2023

Бувижон, мен барибир келаман

637 19:40 30.01.2023

Қуръони карим борасида 25 та ҳақиқат

767 18:40 30.01.2023

Кўнгилли аскарларни Мудофаа вазирлиги таъминлайди

442 17:20 30.01.2023

Washington Post: АҚШ Украинага Абрамс танкларини юборилиши ҳақида маълумот берди

465 16:40 30.01.2023

Покистон масжидида портлаш: ўнлаб киши ҳалок бўлди

437 15:58 30.01.2023
« Орқага