Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Инсониятга очарчилик хавф солмоқда

688

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси -  ЮНИСEФ октябрь ойининг бошларида Афғонистонда беш ёшгача бўлган кўплаб болалар тўйиб овқатланмаслиги, йил охиригача уларнинг сони қарийб 3,2 миллионга кўпайиши, бу афғон гўдакларининг деярли ярмини ташкил этиши ҳақида хавотирли маълумотларни эълон қилган эди. 

ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, бугунги кунда Афғонистонда тахминан 14 миллион киши ичимлик суви, озиқ-овқат ва асосий тиббий хизматлардан маҳрум. 

Болалар ва эмизикли оналар оч қолмоқда

БМТ расмийлари оч қолгани оқибатида Ҳирот вилоят касалхонасида даволанаётган 18 ойлик қизчанинг онаси Жаҳон Биби билан суҳбатлашганида “Уйимизда овқат йўқ. Озиқ-овқат сотиб олиш учун ҳамма нарсани сотяпмиз, мен эса деярли ҳеч нарса емайман. Жуда заифман, боламга сутим йўқ”, дейди уларга она.

ЮНИCEФ вакили Эрве Людовик де Лиснинг таъкидлашича, Биби каби кўплаб бошқа оналар ўз фарзандларини қандай тўйдиришни билмайдилар. Болалар ва оналарнинг соғлиғи кундан-кунга ёмонлашмоқда. Бугунги кунда тиббий ёрдам олиш тобора қийинлашмоқда. Бундан ташқари, қизамиқ ва ўткир сувли диарея бутун мамлакат бўйлаб тез тарқалмоқда.

Жаҳон озиқ-овқат дастури сўровларига кўра, Афғонистондаги оилаларнинг 95 фоизи тўйиб овқатланмайди. Болалар оч қолмаслиги учун катталар камроқ овқатланадилар.

“Агар биз ҳозир зарур чораларни кўрмасак, тўйиб овқатланмаслик кўлами янада жиддийлашади. Халқаро ҳамжамият бир неча ҳафта олдин ваъда қилинган маблағни юбориши керак, акс ҳолда оқибатлар қайтариб бўлмайдиган даражада фожеали бўлиши мумкин”, дейди Жаҳон озиқ-овқат дастури вакили Мак Гроарти.

Гарчи Халқаро ҳамжамият, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ЮНИСЕФ, Халқаро озиқ-овқат дастури каби ташкилотлар мамлакат аҳолисига ёрдам беришга ҳаракат қилаётган бўлсалар-да, бугунги кунда, қиш-қировли кунлар олдидан Афғонистонда оммавий очлик хавфи  юқорилигича қолмоқда. 

Депутатларимиз ҳам ташвишланмоқда

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев ҳам бу ҳақда ижтимоий тармоқларда ўз фикрни билдирди.

“Ушбу масалада гапириш мен учун оғир ва хавфли, - деб ёзади депутат. – Чунки буни айтишим билан "ўқланган" бир қатор иқтисодчи ва сиёсатчиларимиз мени иқтисодни тушунмаслик, популизм ва ношукурликда айблашади. Тан оламан: мен кучли иқтисодчи эмасман, бор йўғи бир "овоз”ман холос. Наилож. Куни кеча ОАВда тарқалган хабар қалбимни ларзага солди. Ва бу узоқ вақтдан бери ўйлантириб юрган масалани эслатишга мажбур қилди. 

ОАВда қўшни Афғонистон парламенти собиқ депутати Муҳаммад Муҳаққиқ саккиз нафар афғонистонлик бола очликдан вафот этганини айтди. Болаларнинг барчаси етим бўлиб, каттаси саккиз ёшда, кичиги бир ярим ёшда экан. 

ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, йил охиригача ушбу мамлакатда беш ёшгача бўлган уч миллион икки юз минг бола очликдан қийналади, уларнинг бир миллионга яқини очлик туфайли вафот этиши мумкин. 

Камига яқинда интернетда бир домламиз ўзимизда битта аёл муҳтожликдан уч-тўрт нафар ёш боласи, оиласи  билан бир "буханка" нонни беш кун еб, кун  кечираётганини билдирди. Бошқа озуқаси йўқ. 

Тагимизда улов, шоҳона ҳаёт бағрида, тўқ қоринга унга-бунга топшириқлар бериб яшаётган бир вақтда бундай ҳолатларни чин инсоний қалбдан ҳис қилишимиз қийиндир балки. Лекин булар бор гап. 

Энди масалага очиқ кўз билан қарасак: Афғондаги норасида болаларнинг очдан ўлгани ва дунёда очлик сабаб ўлаётган бошқа болаларнинг хуни учун она замин бойликларидан ортиқча ёки фақат ўзи учун фойдаланаётганлар жавоб беради, албатта, балки улар қаторида биз ҳам бўлармиз. Лекин айни вақтда бизда ҳам бундай ҳоллар ҳеч бир бола билан содир бўлмаслиги учун нималар қилаяпмиз?

Балки амалдаги ишларимизни зудлик билан қайта кўриб чиқиш керакдир. "Бола ҳуқуқларининг  кафолатлари тўғрисида"ги қонун ва ҳеч бўлмаса реал ҳаётдан узоқроқ бўлган ҳукуматнинг 44-сон қарори билан тасдиқланган Низомни. Ушбу Низом асосида ҳеч бўлмаса ҳар бир болани қандай оилада дунёга келишидан қатъи назар уч ёшга тўлгунга қадар нафақа пули (бола пули) берилишини тўлиқ кафолатлашимиз шарт. Майли бошқа режалардан кечармиз, бироқ болани ҳаққини жойига қўймасак бўлмайди. Шунда "бола пули" тайинлашда коррупция ҳам тўлиқ йўқолади”.

Иқлим ўзгариши ҳаёт тарзини издан чиқармоқда

БМТ ҳисоботига кўра, пандемия даври ҳамда иқлим ўзгаришлари  ҳам дунёда очарчиликнинг ортишига сабаб бўлмоқда. Бу борада Африка бошқа минтақаларга қараганда кўпроқ азият чекмоқда. 

Жаҳон озиқ-овқат дастури маълумотларида айтилишича, Мадагаскар жанубида бир миллиондан ортиқ одам глобал иқлим ўзгариши сабаб бўлган очарчиликдан омон қолишга интилмоқда. Минтақа бир неча йиллардан бери давом этаётган қурғоқчиликдан жиддий зарар кўрган.

Дунёдаги тўртинчи йирик орол Мадагаскар ўзига хос экотизимга эга – унда сайёрамизнинг бошқа жойларида учрамайдиган ҳайвонот ва наботот олами мавжуд. Қуруқ мавсум одатда бу ерда майдан октябргача давом этади ва ёмғирли мавсум ноябрда бошланади, аммо глобал иқлим ўзгариши туфайли одатий иқлим цикли бутунлай бузилган.  Мҳаллий аҳоли бундан жиддий азият чекмоқда. 

"Ёғингарчилик сезиларли даражада камайган", дейди Жаҳон озиқ-овқат дастури вакили Элис Раҳмун. - Ёмғир бошланса, маҳаллий аҳолида умид уйғонади, аммо ёмғир қисқа муддатда тўхтайди ва яна қурғоқчилик ҳукмронлик қилади. Бу ҳолат йилдан-йилга давом этмоқда, шу сабаб одамлар ҳозирда озиқ-овқат захираларини тўлдириш учун ҳеч нарсага эга эмаслар.

Қурғоқчилик туфайли у ерда озиқ-овқат экинларини етиштиришнинг иложи йўқ. Шунинг учун одамлар чигирткалар, мевалар ва илгари фақат қорамоллар учун озуқа сифатида ишлатилган кактус барглари билан озиқланишга мажбур бўлмоқда. Ҳозирги об-ҳаво шароитида ҳатто кактуслар қурғоқчиликдан аста-секин нобуд бўлаётгани билан вазият янада оғирлашмоқда. 

Рақамлар ва  фактлар

БМТ статистикасига кўра, 2010 йилларнинг ўрталаридан буён дунёда оч одамлар сони аста-секин кўпая бошлади. 2020 йилга келиб дунё аҳолиси ўртасида очлик сезиларли даражада ошди: агар 2019 йилда дунё аҳолисининг 8,4 фоизи тўйиб овқатланмасликдан азият чеккан бўлса, 2020 йил охирига келиб тўйиб овқатланмайдиганлар улуши 9,9 фоизга ўсган.

Тўйиб овқатланмайдиганларнинг ярмидан кўпи (418 миллион) Осиёда, учдан бири (282 миллион) Африкада, камроқ фоизи (60 миллион) Лотин Америкаси ва Кариб оролларида яшайди. Бироқ, очликнинг энг кескин ўсиши Африкада бўлди, у ерда тўйиб овқатланмасликнинг тахминий тарқалиши 21 фоизга етган - бу бошқа минтақаларга қараганда икки баравар кўп дегани.

Тўйиб овқатланмасликдан болалар кўпроқ зарар кўради. 2020 йилда 5 ёшгача бўлган тахминан 149 миллион  боланинг 45 миллиондан зиёди тенгдошларига нисбатан кам вазнли эканлиги аниқланган. Дунё аҳолисининг уч миллиарди қимматлиги туфайли соғлом овқатланиш имкониятидан маҳрум бўлишган. 

Бу рақамлар бизга нимани англатади? Дунё аҳолиси орасида иқлим ўзгаришлари, пандемия ва бошқа хатарлар туфайли очарчилик ҳолатлари ортиб бораётган экан, бу  ҳолат  бизга қанчалик дахлдор? Барчамиз мана шу  курраи заминда нафас олаётган, яшаётган эканмиз, унинг ҳар бир муаммоси Сизу бизга бегона эмас. Бизга ризқ қилиб берилган неъматларни қадрлашимиз, исрофдан сақланишимиз ҳам маълум маънода бу глобал муаммо ечимига қўшган улушимиз бўлиши мумкинлигини унутмаслигимиз керак.

Ҳамрохон Мусурмонова тайёрлади

 

МАВЗУГА ОИД МАҚОЛА:

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Шарқий Туркистонда инсониятга қарши жиноятлар содир этиляпти»

1271 09:30 11.06.2021
« Орқага