Инсонларнинг энг мудҳиш хатолари

15:05 21.11.2017 3150

Инсонларнинг энг мудҳиш хатолари уларнинг охиратга ишонмасликларидир. Улар охират дунёсига, ўлгандан кейин қайта тирилишга имон келтирмаганлари сабабли ўзларини куфр ва ширк чангалига отишади, гуноҳлар денгизига шўнғишади, ҳеч қандай ёвузлик ва бузуқликдан тап тортмайдиган ҳолга тушишади. 

Охиратга ишонмаслик золим Фиръавннинг Мусо алайҳиссалом қавмига қаттиқ зулм ўтказиб, болаларини ўлдиртиришга, аёлларини қул қилишга, золимликда ҳаддан ошиб, охири ўзини ҳамманинг устидан ҳукм юритувчи илоҳ деб эълон қилишга олиб борди.

Охиратга ишонмаслик Юсуф алайҳиссаломнинг акаларини чалғитиб, укаларига ҳасад қилишга, уни йўқ қилиш мақсадида қул сифатида сотиб юборишга, оталарига ёлғон гапиришга ва охири шармандаи шармисор бўлишига сабаб бўлди.

Охиратга ишонмаслик Қорун учун Аллоҳ берган мол-дунёга қутуриб, туғёнга кетиш, охири бутун бойлигига қўшиб ер ютиб юбориш билан якун топди.

Охиратга ишонмаслик Абу Жаҳлни ўзи Пайғамбар алайҳиссаломга қариндош бўлатуриб у зотга имон келтирмай қаттиқ душманлик қилиш ва оқибатда абадий дўзах азобига гирифтор бўлиш сари ундади.

Исломнинг буюк адолати шундаки, у бу дунё ортидан охират дунёси борлигини эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида инсон дунё ҳаётидаги олтмиш-етмиш йиллик қисқагина умрини меҳнат-машаққатлар, уруш-жанжаллар, турли касаллик ва фалокатлар, хўрлик ва изтироблар ичида совуриб, эвазига ҳеч қандай мукофот олмай ўтиб кетган бўлур эди. Дунёда ҳақсизлик, зулм, қийноқ, адолатсизликларга дуч келганида «Бунинг эвазига охиратда ажр бор-ку!» деган улуғ таскин-тасаллини топа олмаган бўлур эди.

Исломнинг буюк адолати шундаки, у ўлгандан кейин қайта тирилиш борлигини эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида, ўлим инсон учун энг катта фожиа, кулфат, адолатсизликка айланган, уни ўрганиб қолган ҳаётидан, яқинларидан, мол-мулкидан, мавқе-мартабасидан бир лаҳзада узиб қўядиган золимликка айланган бўлур эди. Инсон бир куни ўлимдан қўрқа-қўрқа жон берган ва ҳайвонлар каби ўлиб кетиб, тупроқда беному-нишон чириган бўлур эди.

Исломнинг буюк адолати шундаки, у охиратда ҳисоб-китоб борлигини эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида дунёни ҳақсизлик, фитна-фасод, зулм-истибдод, зўравонлик ва муттаҳамлик босиб кетган бўлур эди. Исломдан чекинган ёки узоқда бўлган жамиятларнинг ҳозир ҳам ана шу кулфатлар исканжасидан чиқа олмаётгани бунга ёрқин далилдир.

Инсонлар охират дунёси борлигига ишонмаганлари учун кўнгилларига келган ёвузликни ва гуноҳни бемалол қилишади. Диндошларига душманлик қилишади, софдил бир мусулмонга туҳмат ва бўҳтон ёғдиришади, золимларга зулм пичоғини қайраб беришади, Аллоҳнинг динидан, ибодатидан тўсишади, шариатини оёқ ости қилишади.

Эртага ҳисоб-китоб борлигини тан олмаганлари учун бошқаларнинг ҳақига тажовуз қилишади, қарз олиб, беришмайди, шерикларининг мулкини ўзлаштиришади, ўзгалар омонатига хиёнат қилишади, бузуқлик кўчаларида сарсон кезишади.

Ўлгандан кейин тирилишларига имонлари йўқлиги сабабли шу дунёнинг ўзида мазза қилиб яшаб қолиш пайида бўлишади, ҳар қандай разилликдан қайтишмайди, ҳаётнинг мазмунини фақат дунё лаззатларига ғарқ бўлиб кетишда деб тушунишади.

Дунёнинг ҳавойи нафсларига ғарқ бўлганмизу охиратдаги ҳисоб-китобни унутиб қўямиз.  Шайтон ва нафс кўйида елиб-югурамизу, Аллоҳнинг буйруқларини, Расулуллоҳ кўрсатмаларини эсдан чиқарамиз. Аллоҳ берган неъматларни истаганимизча тасарруф қиламизу аммо бундан миннатдор бўлмаймиз. Турфа хил таом ва шарбатларни истеъмол қиламиз, хилма-хил кийимларни киямиз, кўркам ва қулай уйларда яшаймиз, яхши уловларни минамиз, бола-чақа қиламизу аммо шукрини қилмаймиз. Бир донишманд айтганидек «бир-икки кунда ўтадиган, йигирма йилдан сўнг келадиган тўйингга йиллаб матоҳ, сеп йиғасан, сандиқ тўлдирасан. Аммо абадий яшайдиган охират дунёси учун сандиғингни бўш олиб борасан».

Улуғлар шундай дейишган: “Дунё учун ғам ема. Унинг боши йиғи, ўртаси машаққат, охири йўқликдир! Сен охиратинг учун амал қилиб қол! Унинг боши учрашув, ўртаси ҳадя, охири эса абадиятдир”. Аммо одамлар ғофилликлари сабабли охират учун эмас, кўпроқ дунё учун ғам чекадилар. Ҳолбуки, дунё ҳаётининг ғам-ташвишлари жуда кўп, уларни ҳал этиш, ечишга инсон бутун умрини сарф қилиб юборади. Агар у дунё ғамларини охират ғами устига юклаб қўйганида бугунги кундагидай муаммолар гирдобидан қолиб, дод-фарёд қилмасди.  Умар ибн Абдулазиз: «Охиратингизни ислоҳ қилинг, шунда дунёингиз ҳам ислоҳ бўлади», деганлар. Дунёдаги ҳовлимиз вақтинчаликдир, абадий яшайдиган ҳовлимиз ҳақида қайғуриш фойдалидир. Сўзимизни Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг ушбу сўзлари билан тугалласак: “Дунё ортини ўгириб кетмоқда. Охират бағрини очиб пешвоз чиқмоқда. Икковининг ҳам фарзандлари бор. Охират фарзандлари бўлинг, дунё фарзандлари эмас! Бугун амал бор, ҳисоб йўқ! Эртага амал йўқ, ҳисоб бордир!”

Аҳмад МУҲАММАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!