Ислом

Инсонларнинг камбағаллик ҳақидаги қарашлари (биринчи қисм)

744

Одамлар камбағалликка нисбатан қадимдан турли қарашда бўлишган. Қуйида ана шу қарашларни келтириб, бунга ўз муносабатимизни билдириб ўтамиз:

1.  Камбағалликни муқаддас деб билувчилар тоифа

Дунёдан парҳез қилувчи қаландар, сўфий ва зоҳидлар камбағалликни Аллоҳнинг буюк неъмати деб билади. Уларнинг фикрларига кўра, айнан фақирлик кишини охиратга боғлайди ва дунёга муҳаббат қўйишдан қайтаради. Бинобарин, бойликни саркашликка ундовчи, одамни чалғитувчи беҳуда иллат, деб ҳисоблайдилар.

Ушбу тоифадагилар: “Бу оламнинг барчаси сохталикдан иборат бўлиб, дунё ёмонлик ва офатлардангина ташкил топган. Том маънодаги яхшилик эса, бу оламнинг фонийлигини ҳисобга олиб ҳаракат қилмоқлик ва иложи борича камроқ яшашга интилишликдир. Шундай экан, ақли бор инсон умрни узайтирувчи ва турмушни енгиллаштирувчи воситаларга рағбат қилмаслиги, ўлмай қолгудек даражадагина яшаш учун ҳаракат қилиши зарур” деб ҳисоблайдилар.

Будпарастлик, шунингдек, самовий динга мансуб кишилар орасида ҳам камбағалликни ёқлайдиган ва уни илоҳий неъмат деб биладиган кишилар учрайди. Улар камбағалликни риёзат чекиш учун энг яхши восита, деб биладилар. Танани қийнаш эса руҳни поклайди, деган қарашни илгари сурадилар. Бундай қарашлар ҳиндуизм, монехеизм ва насронийликдаги монахлик каби баъзи ажнабий маданиятлар таъсирида айрим мусулмон тариқатчиларининг ҳам орасида тарқалган.

Юқорида санаб ўтилган динлардаги муқаддас китобларнинг бирида: “Агар камбағаллик ташриф буюрса, сен “марҳабо, эй солиҳлар шиори” дегин. Агар молу дунё сен томон келса “қайсидир гуноҳимга жазодир бу” деб айтгин”, деган жумлалар келади.

Камбағалликкка нисбатан бундай қарашда бўлган кимсалардан йўқсиллик муаммосига чора кўрсатишларини сўраш энг катта хатодир. Чунки улар камбағалликни муаммо деб ҳисобламайдилар.

2.  Жабарийларнинг қарашлари

Яна бир тоифа жабарийлар бўлиб, камбағалликка нисбатан юқоридагиларнинг фикрига қўшилмайдилар. Улар камбағалликни ёмон иллат ва офат, деб ҳисоблайдилар ва бу нарса тақдирнинг тақозоси бўлиб, муаммони ҳеч қандай чора даф қила олмайди дейдилар. Шунингдек, камбағаллик ҳам, бойлик ҳам Аллоҳ таолонинг хоҳиши ва қадарига боғлиқ бўлиб, агар Аллоҳ хоҳласа ҳаммани бирдек бадавлат қилиб қўяр эди. Лекин Ҳақ субҳанаҳу таоло имтиҳон қилиш мақсадида айримларни камбағал қилди, бошқаларни бой. Аллоҳнинг хоҳишига ҳеч ким ва ҳеч нарса қарши чиқа олмайди ҳам, ўзгартира олмайди ҳам… ва ҳаказо мана шундай ҳақ гаплар билан ноҳақ қарашларни ифода этадилар.

Жабарийларнинг камбағаллик муаммосига нисбатан чораси қуйидагилардан иборат: ҳар бир камбағал киши қисматига рози бўлиши, бало, офатларга сабр қилиши, борига қаноат қилиши лозим. Чунки асл ва туганмас бойлик қаноатдир. Жабарийлар ҳар қандай ҳолатга рози бўлишни қаноат деб тушунадилар.

Улар бойларнинг исрофгарчилигига ҳам, айшу ишратларига ҳам эътибор қаратмайдилар, уларга насиҳат қилмайдилар. Фақат камбағалларга нисбатан амалий чора учун йўналиш беришга ҳаракат қиладилар ва уларга: “Бу Аллоҳнинг тақсимотидир. Шунга рози бўлинглар ва бундан ортиғига интилманглар. Аллоҳ ато қилган ҳолатни ўзгартиришга уринманглар” дея насиҳат қиладилар.

3.  Молиявий кўмакни шахсий фазилат деб ҳисоблайдиганлар

Камбағалликка нисбатан қарашларда учинчи тоифа ҳам борки, улар йўқсилликни қоралайдилар ва муаммо деб биладилар ҳамда уни ҳал қилиш керак, деб биладилар.

Бироқ муаммони ҳал қилишдаги муолажалари камбағалларга сабрли бўлишни тавсия қилиш ва бойларни молиявий кўмак беришга ундаш билан чекланади. Бундай тоифадагилар бойларга “агар хайру саховат қилсангиз, катта савобга қоласиз. Аксинча, зиқналик қиладиган бўлсангиз, абадий азобга дучор бўласиз ва ҳасратда қоласиз” дея насиҳат қиладилар.

Бироқ масалага фақат шундай ёндашиш бойларнинг камбағалларга хайру саховат қилишларини кафолатламайди. Шунингдек, ушбу яхшиликни бажармаганларга нисбатан амалий чоралар кўрмайди, бундай тарғиботларни қонунийлаштириб, йўқсиллик муаммосининг ҳал бўлишини ҳеч кимга юклаб қўймайди. Буларнинг барча қарашлари тарғибот ва ташвиқот ишлари негизидагина гавдаланади.

Мана шандай қарашлар, асосан, Исломдан олдинги динларда кучли бўлган. Яъни юқорида санаб ўтилган тоифалардан фарқли равишда камбағаллик муаммосини ҳал қилишда шахсий ва ихтиёрий садақаларга таяниш лозимлигига асосланган. Ушбу қараш ўрта асрларда Европанинг асосий йўналишларидан бири бўлган. Бироқ бундай йўналиш ҳеч бир камбағалга муайян миқдордаги маблағни кафолатламаган ва бунинг мажбурияти ҳеч кимга қонун асосида юкланмаган. Бир сўз билан айтганда, камбағалларнинг бахти солиҳ бандаларнинг ихтиёрий садақаларига боғлиқ бўлган.

4.  Капиталистик қарашни ёқловчилар

Бундай қарашга эга бўлганларга кўра, камбағаллик ҳаётдаги энг ёмон ва энг катта муаммолардан биридир Бироқ бунга ягона жавобгар камбағалнинг ўзидир. Унинг молиявий аҳволига жамият ҳам, бойлар ҳам жавобгар ёки айбдор эмас. Ҳар ким ўзи учун жавоб беради ва ҳар бир шахс ўз мулкини хоҳлаганича тасарруф қилиш ҳуқуқига эга.

Бундай тушунчадаги кимсалар Мусо алайҳиссалом давридаги Қорунни эслатади. Аллоҳ таоло унга жуда кўп мол-давлат ато қилган эдики, хазиналарининг калитини кўтаришга бир қанча полвонларнинг ҳам кучи етмасди. Ўз қавмдошлари унга қуйидагича насиҳат қиладилар: “Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин. Бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас, дедилар” .

Қоруннинг бу насиҳатга жавоби эса, Қуръон таъбири билан айтганда, қуйидагича бўлди: “У (Қорун): “Менга у фақат ўзимдаги илм туфайлигина берилгандир”, деди” .

Қорунга ўхшаб фикр юритадиганлар ўзларидаги бойликни заковатлари орқали қўлга киритилган, деб билади. Молу дунёнинг хўжайини фақат унинг эгаси бўлади. Хоҳлаганича тасарруф этади, деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича, бой кимса бирор камбағалга эҳсон қилса бу ўзининг иши. Жамиятда ҳар ким ишлаш ва бойлик тўплаш ҳуқуқига эга. Бироқ жамиятда бирор кимса бунга жавобгар бўлмайди. Шунингдек, бойлар ҳам бечораларга садақа қилишга мажбур эмас. Фақатгина ўз ихтиёри билан камбағалга ёрдам қўлини чўзса, бу ўзининг иши. Хоҳласа, шунчаки меҳрибончилик юзасидан, хоҳласа, мақтовни қўлга киритиш учун, агар диндор бўлса охиратда савобга эга бўлиши учун. Нима бўлганда ҳам бундай нарсалар ҳар кимнинг хоҳишига боғлиқ.

Бу қараш капиталистик назария бўлиб, замонавий Европанинг асосий тамойилларидан биридир. Шубҳа йўқки, бундай фалсафа ҳукмрон жамиятда камбағаллар етимлардан ҳам хорроқ ҳисобланади. Чунки бундай тартиб устун бўлган жамиятда уларнинг на бир ҳақҳуқуқлари ва на бир суянчиқлари бўлади.

Шундай бўлса-да, бешафқат капиталистик қарашлар – замон тақозоси, урушлар, интеллектуал ўсиш ва социалистик қарашлар таъсирида ўз йўналишида бироз адолат қилишга мажбур бўлди.

Яъни ночорларга ҳам маълум бир миқдорда жамғармалар ташкил этилди. Кейинчалик бундай масалаларга давлат ва қабул қилинган қонунлар аралашуви натижасида жамиятда янги “ижтимоий суғурта”, “ижтимоий таъминот” каби иборалар пайдо бўла бошлади. Суғурта компаниялари маблағ эвазига рўйхатдан ўтганларга доимий ёки вақтинчалик зарарни қоплаш учун пул ажратди. Суғурта қилинган (жисмоний ёки юридик) шахсга тўланадиган пулнинг миқдори ўзи берган маблағ миқдорига қараб белгиланди. Натижада эса йиғилган бадаллар (мукофотлар) тушумлари миқдори суғурта компаниялари суғурта тўловларининг миқдоридан ошиб кетди. Ҳолбуки, бундай кўмакка аслида суғурта компаниялари эмас, суғурталанган жамият аъзолари кўпроқ муҳтож эди.

Ижтимоий таъминотларни эса, давлат амалдаги қонун-қоидалари асосида муҳтожларга кўмак беришни амалга оширади. Бунда ёрдам олаётганлар ўз маблағларидан сарфлаши шарт қилинмайди.

5.  Марксча социалистик қараш тарафдорлари

Яна бир тоифанинг қарашларига кўра, фақирликни йўқ қилиш, ночорларга нисбатан адолат қилиш фақатгина бой табақани йўқотиш, мол-мулкини мусодара қилиш, улардаги хусусий мулкчиликнинг ҳар қандай турини инкор этиш билангина амалга ошади. Бунинг учун эса қолган табақа вакилларини уларга қарши бирлаштириш лозим. Қалбларида бир-бирига нисбатан нафрат ва адоват уруғини сочиш керак. Бу синфий кураш эса пролетариат деб аталмиш қатлам диктатурасига олиб келади. (Пролетариат диктатурасининг мақсади эса синфсиз жамият қуришдан иборат, деган пуч ғояга асосланади).

Мазкур йўналиш тарафдорлари бу билан ҳам кифояланмай, кейинчалик шахсий мулк дахлсизлигига ҳам қарши уруш эълон қилдилар. Инсонлардаги ҳар қандай мулкдорлик ҳуқуқини бекор қилишга киришдилар. Хусусан, ишлаб чиқариш ресурслари ҳисобланган ер, завод ва фабрикалар, асбоб ускуналарга тегишли мулкдорликни ҳам инкор этишни бошлади.

Булар коммунизм ва револуцион социализм даъватчилари ҳисобланади. Барча социалистик йўналишларнинг – кескини ҳам, мўътадили ҳам – курашиш услублари ҳар хил бўлса-да, уларни бирлаштириб турадиган бир жиҳат бор. У ҳам бўлса, хусусий мулкни инкор этииб, унга қарши курашиш, уни барча ижтимоий иллатларнинг асосий сабаби деб билишдан иборат.

Жорж Бурган ҳамда Пиерре Рамберт “Бу социализмдир” номли китобида бундай ёзади: “Баъзилар “Социализмнинг мақсади шахс эркинлиги ва дахлсизлигидир” деган бўлса, бошқалар “Унинг мақсади ишлаб чиқариш воситаларини халққа мулк қилиб бериш ва пролетариат диктатурасининг шаклланишига ҳаракат қилишдир” деб биладилар”.

Максим Леруа “Французча социализм асосчилари” китобида: “Биламизки, социализмнинг турлари жуда кўп. Папонинг сотиализми Прудоннинг социализмидан буткул фарқ қилади. Сен Симон ва Прудонларнинг социализми эса Бланкнинг социализмига ўхшамайди. Луи Блан, Кей, Фуре ҳамда Бофорларнинг қарашлари эса юқоридагилар билан келишмайди. Лекин умумий жиҳат уларни бир мақсад йўлида бирлаштиради ва бир-бирига боғлайди. У ҳам бўлса, хусусий мулкни ижтимоий иллатларнинг бош сабаби сифатида кўрсатиб, унга барҳам беришдир” деган.

Энди революцион социализм ёки ижтимоий социализм ёхуд Марксча социализмга келсак, у билан коммунизм ўртасида арзимас фарқлар бор, холос. Ҳар иккиси ҳам ҳаёт ва шахсга нисбатан ўз назарияларини моддий жиҳатдан асослайди.

Устоз Муҳаммад Абдуллоҳ Инон айтади: “Коммунизмнинг мақсади социализм мақсадининг айни ўзгинасидир. Социализмнинг хусусияти шундан иборатки, охир оқибат у коммунизмга етаклайди. Революцион социализм эса коммунизмнинг айни ўзидир. Иккови бир-биридан баъзи ижро ўринларидагина фарқланиши мумкин. Аммо коммунизмнинг моҳияти ва принципларига қарайдиган бўлсак, у революцион йўналиш ҳисобланади ва унда мўътадил социализмдаги каби тинч йўл билан ҳал қилиш ва эволюцион (босқичма-босқич) услублар деган нарсалар бўлмайди. Демак, яхшилаб тадқиқ қилиб чиқсак хулоса шу бўладики, коммунизмнинг бошқа қарашлардан фарқли жиҳати унинг револуцияга (инқилобий ҳаракат) асосланганлигидир”.

(давоми бор)

Ёрбек Исломнинг «Исломда бойлик ва камбағалликка муносабат» китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ислом умматининг 100 буюк шахси: "Ироқ шeри" – Ал-Мусанна ибн Ҳориса аш-Шайбоний 

220 20:30 07.04.2020

Қўшничилик ҳақлари

266 12:30 07.04.2020

Раҳмат сенга коронавирус

1546 22:58 06.04.2020

Ислом умматининг 100 буюк шахси: "Суворий-шоир" - Ал-Каака ибн Амр ат-Тамимий

418 20:00 06.04.2020

Исломда шифохоналарнинг ташкил этилиши

336 19:00 06.04.2020

Қуръон курсида фаррош йигит қори бўлди

1319 17:00 06.04.2020
« Орқага