Инсоннинг динга бўлган эҳтиёжи (Исломни англаш остонаси)

00:14 04.07.2019 682

Инсоннинг динга, хусусан, Исломга бўлган эҳтиёжи эътиборсиз, иккинчи даражали нарса эмас. Балки у ҳаётнинг асосига, инсон қалбининг туб-тубига туташган бирламчи ҳожатдир.

Қуйида инсон ҳаётидаги диний эҳтиёж ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Ақлнинг борлиқдаги катта ҳақиқатларни билиш эҳтиёжи

Инсоннинг диний ақидага бўлган эҳтиёжи аввало ўз нафси ва атрофидаги катта оламни англаш ҳожатидан келиб чиқади. Яъни башарият фалсафаси, фикру ўйини ўраб олган, лекин саволларига жавоб топа олмаётган саволларга жавоб топиш эҳтиёжи. Инсон дунёга келибдики, қуйидаги саволларга жавоб топишга интилади: қаердан келди, қаерга кетяпти, нима учун? Кўпинча ҳаёт ташвишлари ушбу саволлардан инсонни чалғитиб қўяди. Лекин қачондир ушбу саволларни ўзига ўзи бериши тайин.

1. Инсон ўзига ўзи: Атрофимда ястанган олам қаердан келган? Ўз-ўзидан пайдо бўлганманми ёки мени кимдир пайдо қилганми? Ким у? Унга қандай боғланаман? Ушбу оламдаги еру осмон, ҳайвоноту наботот, жамодоту фалаклар ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлганми ёки уларнинг тадбирини қилувчиси борми?  

2. Ушбу ҳаётдан кейин нима бор?.. Ўлимдан кейин-чи? Ер юзидаги қисқа ҳаётдан кейин қаёққа кетилади? Ҳаёт фақатгина инсонлар келиб кетаверади, ҳаёт эса давом этаверади қабилидаги қиссами? Ундан кейин ҳеч нарса йўқми? Ҳақиқат ва яхшилик йўлида жонларини фидо қилган покдомон зотларнинг хотимаси билан нафсу ҳаво йўлида нафсларини кирлантирганларнинг хотимаси қандай қилиб тенг бўлиши мумкин? Ёки ўлимдан кейин ёмонлар қилмишига яраша жазоланадиган, солиҳлар эса яхшиликла мукофотланадиган ҳаёт ҳам борми?

3. Инсон нима учун яратилган? Ақл, ирода ва бошқа ҳайвонлардан ажратиб турувчи белгилар нима учун берилган? Нима учун осмонлару ердаги нарсалар унга бўйсундириб қўйилди? Яратилишидан бирор мақсад борми? Ҳаётдаги мақсад нима ўзи? Ёки худди ҳайвон каби фақат еб-ичиб яшаш учунгина яаратилганми? Агар мана шулар ҳаётдаги асосий ғоя бўлса, қандай ғоя бўлди? Инсон мана шу саволларга ҳар доим рўбарў келган.  Тушунмовчиликлар кетиши, қалб хотиржам бўлиши учун уларга жавоб излаган. Ушбу саволларга жавоб топиш фақатгина соф ақидага эга бўлган динга эътиқод қилиш билангина юзага келади. Дин энг аввало инсон йўқликдан борлиққа тасодифан чиқмаганини, дунёда якка ўзи яшамаётганини, у Олий Яратувчининг қули эканини, У инсонни яратган, тўла-тўкис ва мўътадил қилган, Ўз руҳидан пуфлаган, унга қулоқ, кўз ва қалб берган, онасининг қорнидалигиданоқ неъматларини ёғдирган Тарбиячиси эканини англатади.

Сизларни ҳақир сувдан яратмадикми? Бас, уни  мустаҳкам қароргоҳга жойламадикми? Маълум вақтга қадар. Бас, Биз Қодир бўлдик ва қандоқ ҳам яхши қодир бўлувчимиз” (Мурсалат сураси, 20-23 оятлар).

Мана, инсонга кўз ўнгидаги катта олам ҳам бегона эмас. У ҳам инсоният каби махлуқот бўлиб, ҳеч қандай сабаб ва асоссиз ўз ўқи атрофида айланмайди. Оламдаги ҳамма нарса ўлчов биландир. Ҳар ишнинг ҳисоб-китоби бор. Олам инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк неъмат ва раҳмат бўлиб, инсон ундан неъматланади, фойда топади, оят-белгилари ҳақида тааммул қилиб, Раббини танийди.

У яратган ва мутаносиб Қилган зотдир.  У ўлчовли  Қилган ва ҳидоятга бошлаган зотдир” (Аъло сураси, 2-3 оятлар).

Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор” (Оли Имрон сураси, 190 оят).

Инсон мана шу ақида ила барча оламнинг Раббига боғланади. Нафсига қул бўлиб, атрофидаги нарсалардан яккаланиб ёки қўрқиб яшамайди.

Дин инсонга ҳаёт ва ўлимдан кейин қаерга кетишни англатади. У ўлим фақатгина йўқлик эмас, балки бир оламдан иккинчи бир оламга –  барзах оламига ўтиш эканини, ундан кейин қайта тирилиб, ҳар бир нафс қилган амалига жазо ёки мукофот олиб, у ерда боқий қолишини, у ерда эркак бўлсин ёки аёл бирор кимсанинг қилган амали зое кетмаслигини, илоҳий адолатдан бирорта золиму мутакаббир қочиб қутила олмаслигини билдиради: “Ўша кунда одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, амалларини кўриш учун жойларидан қўзғаладир. Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўрадир. Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўрадир”, (Залзала сураси, 6-8 оятлар).

Шундай қилиб, инсон абадий ҳаётда яшайди. У абадий ҳаёт учун яратилганини, фақат бир оламдан бошқа оламга ўтганини англаб етади.

Дин инсонга нима учун яратилганини, бошқа махлуқотлардан мукаррам ва афзал қилинганини англатади. Унга яратилишидаги асосий мақсад нима эканини билдиради. Инсон шунчаки яратилмаган, ташлаб ҳам қўйилмаган. У ер юзида Аллоҳ таолонинг ўринбосари бўлиш, уни У Зот буюрганидек обод қилиши, идора қилиши учун яратилган. Унинг хазиналарини чиқаради, бировнинг ҳақига тажовуз қилмай, Раббиинг ҳақларини ҳам унутмай, покиза ноз-неъматларидан тановул қилади. Раббининг энг биринчи ҳақи Унгагина ибодат қилиш, Унга шерик келтирмаслик, башариятга ҳидоятчи муалллим, башорат берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборилган расулларнинг тилларидан собит бўлган шариат асосида Аллоҳ таоло буюрган амалларни қилишдир. Шаръий таклифлар ва синовлар ила ўралган ушбу дунёдаги вазифаларини адо қилса, охират диёрида мукофотга эришади. “Ҳар бир жон қилган яхши амалини ҳозир топадиган ва ёмон амалини эса у билан ўзи орасида узоқ масофа бўлишини истайдиган кунда”, (Оли Имрон сураси, 30-оят).

Мана шу ила инсон яратилишидаги сирни англаб етади. Ҳаётдаги асосий вазифаси ва унинг ўртасида борлиқнинг Яратувчиси, ҳаёт берувчи, уни йўқдан бор қилувчи Зот борлиги равшан бўлади.

Шайх Юсуф Қарзовийнинг "Исломни англаш остонаси" китобидан
Абдуллоҳ Ғофуров таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!