Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Инсоннинг мартабаси ислом мутафаккирлари ва орифлари нигоҳида

1031

Жон ва ақлни яратгувчи зот номи билан бошлайман

Ўзбекистон Республикасининг муҳтарам Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари 2022 йилни Ўзбекистонда «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб эълон қилишни таклиф этди. Шу билан боғлиқ равишда кўпчиликда «Инсоннинг мақом-мартабаси ва улуғлиги нимадан иборат?», «Унинг миқёси қандай?», «Ислом мутафаккирлари ва орифлари инсоннинг ўрни, мартабаси ва улуғлиги тўғрисида қандай қарашларга эгалар?» деган саволлар туғилади.

Бундай саволларга жавоб бериш учун аввал бошлаб шуни эслатиб ўтиш жоизки, инсонни улуғлаш мавзуси қадим замонлардан инсоншунослик тадқиқотларида марказий ўринлардан бирини эгаллаб келган. Ушбу тушунчанинг ўзиёқ инсоннинг ўз моҳиятига кўра Меҳрибон Аллоҳнинг бошқа яратган мавжудотларидан устун ва қадрли эканлигини кўрсатади. Ҳофиз Шерозий бу тўғрида гўзал бир тарзда шундай деганди:

Дўш дидам, ки малойик дари майхона заданд,

Гили одам бисириштанду ба паймона заданд.

Мазмуни: Кечаси тушимда фаришталарнинг майхона (яъни, худони билиш саройи) эшигини тақиллатишганини, одамнинг тупроғини шароб (яъни, худога бўлган ишқ) билан аралаштириб, пиёлага (яъни, яратилиш қолипига) қуйишганини кўрдим.

Эронлик файласуф Аллома Таботабоийнинг (1903-1981) айтишича, Қуръони каримдаги кўплаб оятлар, масалан Исро сурасининг 70-ояти ёки Ҳужурот сурасининг 13-оятида инсоннинг улуғ ва мукаррам қилинганлигига тўхталиб ўтилади.

Мусулмон мутафаккирлари орасида инсоннинг улуғлиги борасида икки хил қараш мавжуд. Ушбу қарашлардан бирига кўра инсоннинг улуғлиги туғма характерга эга бўлса, бошқа бир гуруҳ мутафаккирлар инсондаги улуғликнинг тақводорлик, билим олишга интилиш, халққа хизмат ҳамда яхши ва муносиб ишларни амалга ошириш орқали қўлга киритилишига ишонадилар.

Аллома Таботабоий ва Ибн Ошур Тунисий (1879-1973) инсоннинг улуғлиги туғма характерга эга эканлигига ишониб, ушбу улуғлик Аллоҳ томонидан яратилган, деб биладилар. Ушбу мутафаккирларнинг қарашларига кўра, инсоннинг алоҳидалиги ва устунлиги ундаги ақл ва тафаккур, ирода ва ихтиёрда бўлиб, буларнинг ёрдамида яхши ва ёмонни бир-биридан ажрата олади ҳамда ушбу куч-қудрат унинг Аллоҳнинг бошқа махлуқларидан устунлигига далилдир.

Абу Жаъфар Муҳаммад Тусий (966-1067), Абулқосим Маҳмуд Замахшарий Хоразмий (1075-1144), Фаридуддин Муҳаммад Аттор Нишопурий (1145-1221), Муслиҳиддин Саъдий Шерозий (1203-1292), Паҳлавон Маҳмуд (1247-1326), Камолиддин Ҳусайн Хоразмий (1466-1551) ва шу каби бошқа кўплаб ислом мутафаккирлари ва орифлари эса инсондаги улуғликнинг муайян саъй-ҳаракатлар натижасида қўлга киритилишига ишонадилар. Уларнинг фикрларича инсонлар тақво ва имон, эзгу ва мақтовли амаллар, илм ўрганиш ва халққа хизмат қилиш орқали ўзларининг Аллоҳ томонидан яратилган бошқа жонзотлардан устунликларини исботлайдилар. Албатта, инсон номаъқул ишларни амалга ошириш орқали ўзининг Аллоҳ томонидан яратилган бошқа мавжудотлардан бўлган устунлигини қўлдан бериши ҳам мумкин. Саъдий Шерозий ўзининг гўзал бир шеърида бу тўғрида равон бир услубда шундай изоҳ берган:

Тани одамий шариф аст ба жони одамият,

На ҳамин либоси зебост, нишони одамият.

Мазмуни: Одамнинг танаси унда одамнинг жони бўлгани учунгина улуғдир. Одамийлик белгиси одамнинг устидаги чиройли кийимдан бошқа нарсадир.

Ислом орифлари инсонни Аллоҳнинг ердаги ўринбосари деб билиб, инсон ўзининг имкониятлари ва истеъдодини парваришлаш орқали оламни эзгулик ва гўзалликка тўлдира олади ҳамда тупроқдан иборат бўлган бу ер куррасида муносиб ўринбосар бўла олади.

Шоир ва ориф Аҳмад ибн Мусо Хаёлий Бухорий (ваф. 1446) бу тўғрида шундай ёзади:

Гар бишнавий, эй ёр, бигўям хабаре,

Олам ҳама одам аст, бигшо назаре.

Мазмуни: Эй ёр, тингласанг сенга бир хабар айтайин. Олам бошдан оёқ одамдан иборатдир, кўзингни очиб қарагин.

Ирфоний тафаккур инсон ва ҳаётга бўлган энг улуғловчи қарашлардан бири бўлиб, инсониятнинг муаммоларини ечиш йўлини ўзидан кечиш ва комил инсони тарбиялашда деб билади. Машҳур шоир ва ориф, буюк сўз устаси Саъдий Шерозий бу тўғрида гўзал бир тарзда шундай дейди:

Расад одамий ба жое, ки ба жуз худо набинад,

Бингар, ки то чи ҳад аст макони одамийат.

Мазмуни: Одам шундай бир даражага етадики, у ерда Аллоҳдан бошқасини кўрмайди. Қарагин, одамнинг турган жойи қанчалик юксакда экан.

Машҳур шоир ва ориф Камолиддин Ҳусайн Хоразмий сайру сулукка бағишланган бир таржеъбандида комил инсонни тарбиялаш учун одамлар ўзаро низолар ва манманликдан воз кечишлари кераклигини таъкидлайди:

Ки мабин ихтилофи ҳастиҳо,

Бигзар аз мо-ву манпарастиҳо.

Мазмуни: Инсонлар ўртасидаги тавофутлар ва хилма-хилликларга эътибор бермагин. Манманлик ва худбинликдан воз кечгин.

Саъдий Шерозий инсоннинг улуғлиги ва мақом-мартабаси тўғрисидаги ўзининг мукаммал даражасига етказиб айтади. У ўзининг «Гулистон» асарида бу тўғрида гўзал бир тарзда шундай куйлайди:

Баний Одам яъзойи як дигаранд,

Ки дар офариниш зи як гавҳаранд.

Чу узве ба дард оварад рўзгор,

Дигар узвҳоро намонад қарор.

Мазмуни: Барча инсонлар бир-бирларининг тана аъзолари каби бўлиб, буларнинг барчаси бир асосдан яратилгандирлар. Шунга кўра, ушбу тана аъзоларидан бири оғриса, қолганлари ҳам безовта бўлишади.

Ирфоний тафаккур инсонни улуғ ва мукаррам деб билади, ҳаёт ва оламни эса ишқ, муҳаббат ва дўстликка тўла деб тавсифлайди. Инсон ва оламга бўлган бундай донишмандларча ва ошиқларча қараш ислом мутафаккирлари, айниқса Эрон ва Ўзбекистон орифлари ўртасида муштарак бир ёндашув мавжудлигини кўрсатади.

 Шубҳасиз, одамларга нисбатан меҳр-муҳаббат ва Аллоҳнинг бандаларига хизмат қилишнинг ўзи инсоннинг улуғлиги тўғрисидаги ирфоний шоҳбайтдир. Пурёйи Валий номи билан машҳур бўлган Паҳлавон Маҳмуд ўзининг гўзал шеърларидан бирида шундай дейди:

То тавоний ба жаҳон хидмати муҳтожон кун

Ба даме бо дираме ё қадаме ё қаламе.

Мазмуни: Бу дунёда қўлингдан келгунича муҳтожларга хизмат қилгин, бир дамгина бўлса-да, пул билан ё қўл билан ё қалам билан.

Ҳамид Наййирободий,

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси

Ҳижрий-шамсий 1400 йилнинг дей / милодий 2022 йилнинг январь ойи

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: Ижтиҳодга лаёқат

169 21:50 22.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: Лазарь Моисеевичнинг тазарруси

418 21:10 22.05.2022

«Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сирлари соҳиби»: Мунофиқларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жонларига қасд қилиши

56 20:35 22.05.2022

Динимни ўрганаман: эркак киши тилла ёки кумуш тақинчоқлар тақиши ҳақида

382 20:05 22.05.2022

Ахлоқус солиҳийн: Хушхулқ пайдо бўлиши мисоллари

266 19:05 22.05.2022

Диний либос ҳали ҳам таъқиқдами?

991 18:48 22.05.2022
« Орқага