Интернетга тобеълик оилани паронкандаликка олиб келади

18:00 11.01.2019 446

“Интернетдан ҳаддан ортиқ фойдаланиш ва виртуал тобелик оилавий ҳаётга зарба бериши ҳатто ажримларга сабаб бўлиши мумкин”, – дейди руҳшунос олимлар. Саломатлик ва оилавий бахтни асраб қолиш учун интернетга ажратилган вақтни жиддий эътибор билан назорат остига олиш керак.

Айни пайтда бутун дунёда долзарб масала бўлиб келаётган интернет, виртуал дунёга қарамликнинг болалар, ўсмирлар ва ёшлар ҳаётига таҳдид қилаётганини айтиб огоҳлантираётган олимлар, бу хасталик домига тушмаслик учун вақт ҳамда диққатни бошқариш муҳим эканига ишора қилмоқдалар. Интернетга қарамлик аксарият ҳолларда ёлғиз инсонлар орасида учраётганини таъкидлаган профессор Н.Тархон, болалар ва ўсмирларга ижтимоий ҳаётда ўрнини топиш ҳамда қобилиятларидан унумли фойдаланишни ўргатиш кераклигини тавсия қилади. Шунингдек, олим интернетдан фойдаланишда меъёрга риоя қилмаслик АҚШда оилавий ажримларга сабаб бўлаётганини ҳам таъкидлайди.

Мақсадли фойдаланишни ўрганиш керак

Бугунги кунда деярли барча смартфонлардан фойдаланади ва хоҳлаган жойида интернет тизимига уланиш имконияти мавжуд. Машина ҳайдаётганда интернетга чалғиш ҳаёти учун хавфлилигини била туриб, ўзини тиёлмаслик – таҳликали тобелик.Дарс тайёрлашингиз, ишингизда муҳим топшириқни бажаришингиз, уй-рўзғор юмушларини қилишингиз кераклигини била туриб интернетда кераксиз нарсаларни, фойдасидан кўра зиёни кўп видео, суратларни томоша қилиб вақт ўтказасиз.Бу эса зарарли тобеълик ҳисобланади. Нима учун интернетга кираётганингизни тушунсангиз ва меъёрни унутмасангиз яхши ишларга вақт етишмаётганидан шикоят қилиб юрмайсиз.

Оилавий ажримларга сабаб бўляпти

АҚШлик мутахассислар олиб борган тадқиқотларга кўра,ҳар уч оилавий ажримнинг биттаси интернет ва виртуал қарамлик сабабли юз бераётган экан. “Ажрим сўраб мурожаат қилаётганларнинг аризасида эр ёки хотиннинг интернетга ҳаддан ортиқ боғланганлиги сабаб қилиб кўрсатиляпти”,- дейди олимлар.Демак, виртуал қарамлик ва интернетдан фойдаланишда меъёрга риоя қилмаслик муаммолари панжа орасидан қарайдиган ҳолатлар эмас.

Вақтдан фойдаланишга одатланиш

Бу хасталикдан инсонни фақат бир нарса – вақтдан фойдаланишни билиш ва диққатни бошқариш қутқаради. Ҳар бир инсон вақтини исроф қилмаса, диққатини бошқара олса, компьютер ёки телефонга қаттиқ боғланмаса,техника воситалари ва интернетни ҳаётдаги мақсади эмас, ижтимоий ривожланиши учун восита деб билса, бундай одам вақтнинг аҳамиятини ҳам билади, ундан фойдаланишни ҳам бошқара олади.

Интернет, компютер, смартфонларни ўзи учун улов сифатида билган инсон бу қарамликка бош эгмайди. Чунки, улов бизни кўзлаган манзилимизга олиб боради ва албатта унинг бошқаруви бизнинг қўлимизда бўлади.

Интернет – имконият

Интернетдан ўз ўрнида, меъёрга риоя қилиб фойдаланилганида таҳлика эмас, имкониятдир. Закий инсон имкониятдан манфаатли фойдаланишни билади. Виртуал қарамлик руҳий зиқлик,совуққонлик, бепарволикка сабаб бўлади. Ота-оналар болалар ва ўсмирларнинг интернетдан фойдаланиш вақтини назорат қилиши, боласининг қандай сайт ва ижтимоий тармоқларга кираётганини текшириб туриши керак.

Виртуал қарамлик ёлғиз кишиларда кўп учрайди

Ёшлар ўзаро хабарлашишда ижтимоий тармоқлардан фойдаланади. Бу ҳолатда уларга тақиқ қўйиш ёки исканжага олиш ўрнига ўсмирга кун тартиби тузиш ва унга риоя қилишни ўргатиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, тадқиқотлар интернетга муккасидан кетиш ва виртуал қарамлик ёлғиз инсонлар орасида кўп учраётганини тақозо қилмоқда. Руҳан ёлғиз инсон виртуал дунёда дўстлар орттириб, гўёки шу билан ўзини бахтиёр қилишга, тўғрироғи, бахтли кўрсатишга уринади. Шунинг учун жуфтимиз, фарзандимиз, умуман яқинларимиз билан кўпроқ вақт ўтказиш, дилдан суҳбатлашиш ва моддий – маънавий ёрдамга шай туришимиз виртуал қарамлик душмани бўлади.

Нима қилиш керак?

Оилавий юмушларни бирга бажариш, ўсмир билан бирга бобо-бувисидан хабар олишга, яқинлар билан дийдорлашувга бориш, биргаликда кино ёки театрга тушиш ва албатта оилавий китобхонлик кечалари уюштириш интернетга боғлиқлик, виртуал “жинни”ликка қарши даво ҳисобланади. Интернет тармоқлари орқали ёшларни ўз жонига қасд қилишга ундаётган ҳар турли ўйин кўринишидаги тузоқлар энди алоҳида масала. Агар сиз учун оилавий ҳаётда бахт-саодат, фарзандларингизнинг камоли ва умри муҳим бўлса, бунинг учун аввало ўзингиз ҳаракат қилишингиз керак. Виртуал дунёни қўйинг, бу дунёда ҳамма ўзини ҳам бошқаларни ҳам алдаб яшайди. Сиз ҳаётга, ўз дунёнгизга қайтинг. Бу дунёда бироз аччиқ бўлса-да, ҳақиқатлар билан яшаганга нима етсин?

Умида АДИЗОВА тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!