Янгиликлар

Ироқдаги АҚШ базаларига ҳужум ҳақида: “Иккинчи Пёрл-Харбор бўлмади...” 

1360

2019 йил 28 декабрда Ироқ шимолидаги АҚШ ҳарбий базасининг Эрон қўллаб-қувватловчи “Катоиб Ҳизбуллоҳ” шиа гуруҳининг ракета ҳужумига учраши ва америкалик инструкторнинг ўлиши ортидан Яқин Шарқдаги кескинлик янги босқичга кирди.

АҚШ 29 декабрь куни шиа жангариларининг базаларига ҳаво ҳужуми билан жавоб қайтаради ва 31 декабрь куни минглаб одамлар Бағдоддаги АҚШ элчихонасига бостириб борди. Улар элчихонага кириб, қўриқчилар биносини ёқиб юборди. Бунга жавобан Қўшма Штатлар 2020 йил 3 январь куни Ироққа маҳаллий шиа жангарилари билан учрашиш учун келган Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг “Ал-Қудс” махсус бўлинмаси бошлиғи, генерал-майор Қосим Сулаймонийга Бағдод аэропорти яқинида дронлар орқали ҳужум қилди. У билан бирга “Катоиб Ҳизбуллоҳ” бригадаси раҳбари, «Хашд аш-Шааби» қўмондонининг муовини Абу Маҳди ал-Муҳандис ва яна ўнта жангари ҳам ўлди.

Вашингтоннинг қайд этишича, Яқин Шарқда Эрон яратган шиа "беқарорлик камари"нинг асосий меъморларини йўқ қилиш бу ўзини ҳимоя қилишдир, чунки “Ал-Қудс” раҳбари Америка кучларига қилинган сўнгги ҳужумларнинг орқасида турибгина қолмай, балки бундай ҳужумларни янада кучайтиришни ҳам режалаштирган эди.

Халқаро таҳлилчилар Сулаймоний ва ал-Муҳандиснинг ўлимини Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги қарама-қаршиликнинг потенциал бурилиш нуқтаси деб баҳолади ва бир неча кун давомида Эроннинг жавоб тариқасида қандай зарба бериши борасида турли вариантларни кўриб чиқди. Шу билан бирга, Россиядаги хавотирли прогнозлардан фарқли ўлароқ, на Эрон, на Қўшма Штатлар кенг кўламли урушга киришни истамаслиги аниқ. Дастлаб Эроннинг имкониятлари технологик ва концептуал жиҳатдан чекланган бўлиб туюлди, чунки АҚШ ва унинг иттифоқчиларига зарарли таъсир кўрсатадиган деярли барча усуллар аллақачон синаб кўрилган эди: одам ўғирлаш, гаровга олиш, Форс кўрфазидаги кемаларга қароқчилик ҳужумлари, дрон ҳужумлари, ракета ҳужумлари, портлашлар ва ҳоказо.

Шу сабабли 8 январь куни Ироқдаги Америка базаларига ракета зарбаси АҚШ учун фақат сиёсий нуқтаи назардан кутилмаган ҳол бўлди: баъзилар Эрон АҚШ билан тўғридан-тўғри қуролли тўқнашувга киришга журъат этади деб ўйлаётганди. Бироқ бу ерда иккинчи Пёрл-Харбор бўлмади: Америка огоҳлантириш тизимлари Эроннинг ракета зарбаларини олдиндан аниқлади. Гарчи Эрон ва Россия оммавий ахборот воситаларида 80 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқалса-да, Америка базаларида зарар сезиларсиз бўлгани айтилмоқда. Айнан шу ҳолат, шунингдек Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зарифнинг баёнотида бу зарба халқаро ҳуқуқ принципларига мос келадиган "мутаносиб жавоб" сифатида тавсифланди, бу эса учинчи жаҳон уруши бошланишининг олдини олишга имкон беради.

Айни пайтда ушбу воқеага жаҳон ҳамжамиятининг босиқ муносабати ҳам қизиқ. 2019 йил 30 декабрда Россия Ташқи ишлар вазирлиги Эрон ташқи ишлар вазири Зариф билан учрашувда АҚШнинг ҳаракатларини кескин қоралаб чиққан бўлса, бу сафар Зариф билан телефон орқали суҳбатда "америкалик шериклар"ни танқид қилиш билан чекланди – аслида генерал Сулаймоний Россиянинг Суриядаги мавқеини мустаҳкамлаш учун кўп иш қилган иттифоқчи эди. Россия Эроннинг ракета ҳужумларига ҳам юқори даражадаги расмий муносабат билдирмади. Мўътадил сиёсатчилар икки тарафни музокаралар олиб боришга чақириш билан чекланди, муболағачи сиёсатчилар эса "катта уруш"нинг даҳшатли сценарийларини тузишда давом этди. Хитой томонларнинг “вазиятни кучайиштиришдан тийилишини” хоҳлади. Европада эса Америка президентининг ўйламай қилаётган ҳаракатлари ва Эроннинг очиқдан-очиқ провокацион ракета ҳужумларини қораловчи овозлар янгради.

Вазият жуда тез ўзгармоқда, доимо янги омилларни ҳисобга олиш қийин (масалан, 8 январь куни эрталаб Теҳронда Украина самолётининг ҳалокати каби). Шунинг учун ҳар қандай таҳлил жуда тез эскиради.

Америка самолётларининг Ироқ ва Эрон осмонидан ўтиши тақиқланди

Ҳозирги вақтда таҳдид бир томондан Дональд Трампнинг олдиндан айтиб бўлмайдиган қарори билан боғлиқ; унинг маъмуриятига вазиятга таъсир кўрсата оладиган ўнлаб юқори малакали маслаҳатчилар етишмаяпти. Айни пайтда орада ноаниқ стратегик танаффус мавжуд. АҚШ Эроннинг ракета ҳужумига зудлик билан жавоб қайтаришга шошилмади, бу эса вазиятнинг янада кескинлашмаслигига умид уйғотади.

Бошқа томондан, Эрон раҳбариятининг сайёрадаги энг кучли ва техник жиҳатдан мукаммал жиҳозланган АҚШ билан қуролли можарога кириш тўғрисидаги қарори Яқин Шарқ авторитар режимларининг сиёсати қанчалик қалтис ва хавфли эканлигини яққол кўрсатиб турибди.

Ҳарбий ҳолатлар фони кучайиб бораётган бир пайтда жойларда углеводородларнинг нархи янада кўтарилмоқда, бу эса нефть ва газ экспорт қилувчиларни, айниқса конлари зиддият авж олган зонадан узоқда жойлашганларни қувонтиради.

Алексей Улько
“Коммерсант.уз”дан таржима қилинди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

АҚШ Сурияга ҳарбий техника жўнатяпти

283 17:45 25.09.2020

Халқаро коалициянинг ҳужумлари оқибатида минглаб суриялик ҳалок бўлди

263 12:55 24.09.2020

Пентагон Исроилнинг хавфсизлигини мустаҳкамлашга ваъда берди

407 13:30 23.09.2020

Гутерриш яна совуқ урушни бошламасликни талаб қилди

295 10:20 23.09.2020

Эрон: “АҚШ бизга қарши қон тўкмасдан уруш олиб боряпти”

443 11:45 22.09.2020

“АҚШ Фаластинга босим ўтказяпти”

769 20:00 21.09.2020
« Орқага