Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Исбот

1397

(Танловга келган ҳикоя)

У туғилганда унинг қулоқларига қандайдир бир оҳангни солишди. Ўшанда гўдак кўзларини пирпиратиб, митти қўлчаларини ҳаракатлантириб –- типирчилаганча нимадир демоқчи бўлгандек эди. Кейинчалик у алладан кўра ана шу сирли товушни эшитишни ҳоҳлагандай йиғлар, онаси мунгли овозда ўша оҳангни такрорлаганида эса негадир жимиб қоларди. 

Эсини танигач азон айтишни ўрганиб олди. Сўнгра мактабга борар-бормас намоз ўқишга ҳам киришди. Дарслари ва уй юмушларидан бўшади дегунча кўча бошидаги масжид томон борар, бу муҳташам иморатнинг ҳар бир бурчидаги нақшинкор безаклар, хонақоҳ гумбазига осиғлиқ турган улкан биллур қандил уни ўзига маҳлиё этганди.

Ўспиринлигидаёқ намозларини канда қилмай ўқий бошлади. Кейинчалик ҳарбий хизмат, оила қуриш, бола-чақа – турмуш ташвишлари уни тирикчилик  ўзанига солиб, унинг Қуъронни тўлиқ ёд олишга бўлган иштиёқини ҳатто унуттириб юборган бўлса-да, барибир намозларини иложи борича тўлиқ адо этарди. 

Азон товушини эшитди дегунча ҳаммадан олдин масжидга бориб ўтириб, қалбидаги не-не саволларга жавоб топадиган маърузани тинглашга одатланганди. Китоб жавонини аввал бир қатор бадиий китоблар билан тўлдирган бўса, кейинчалик фиқҳ, ақида билан боғлиқ китоблар мутолаасига киришиб кетди. 

Фақат намозларида бу дунёда тенги йўқ, бошқа бирор роҳатга ўхшамайдиган – Аллоҳга яқинликни ҳис қилишдек лаззатни туйганди. Шунинг учунми нафл ибодатларига ҳам вақт ажратар, тунлари бедор бўлиб кетганида албатта, таҳажжуд ўқирди. 

Уни ёшлигида маҳлиё этган кошона – масжид кексайгач қалби шу ердагина ором топадиган хилватхонага айланди. Ташқаридан қараганда унинг бор-йўқ иши уйидан масжидга қатнаш бўлиб кўринарди...

...у айнан шу ерда энг сўнгги намозини ҳам адо этди. Бу сафар бир ўзи эмас, қариндош-уруғлари, ёр-биродарлари ҳамроҳлигида масжидга ташриф буюрди. Бу сафар жамоат тизилган қаторда турмади: рукуъ ҳам қилмади, саждага ҳам бош қўймади. Унинг қаторида бир ўзи бор эди, холос. Худди кузатиб тургандек, бошқаларнинг ҳаракатини томоша қилаётгандек эди шу паллада...    

Бу жаноза намози эди! Айнан унинг жанозаси эди! 

У бу оламга исбот учун келганини яхши биларди ва умри давомида амаллари – моҳияти билан ёшлигида қулоғига қуйилган  ўша сирли оҳангни сақлаб қолганлигини исботлашга саъй-ҳаракат қилди...

***

Бу қалбакилик дунёси доимо сендан исбот ҳужжати талаб қиладиган бир қоғозбозлик маконидир! Бутун умринг давомида сендан шуни сўрашади ва шунда қоғозни кўрсатасан, вассалом! Ва айнан шулар сени овунтиради!

У туғилганида ота-онаси бу ҳақда гувоҳнома олишга боришганда роса севинишган! Ҳақиқатан, ўта бахтиёрлик дамлар. Ахир, узоқ кутилган фарзанд дунёга келди. Гўдакни қўлларига олишганда қандай севинишган бўлишса, гувоҳномани олганда ҳам ана шундай хушчақчақлик уларни қуршаб олганди. 

Улғайиб, “бугун беш олиб кел”, дейилган “топшириқ”ларни ўқувчилик йилларининг ҳар бир кунида уддалади. Мактаб шаҳодатномасида ҳам бирорта тўрт баҳоси йўқ эди. Талабалик гувоҳномасини олганида, уни келтириб онасига кўрсатган кун уларнинг хонадонида чинакам байрам бўлди.      

Сиртгагина баҳо берувчи диплом – қандайлигингни, гувоҳномалар эса кимлигингни исботлаш учун керак, холос! Ўзгармас қоида бу! Мисол учун кимгадир турмуш ўртоқсиз. Исботи қани?

...никоҳ гувоҳномасини олишга борганида ҳужжатни қўлига олиб қаради-ю, оила аталмиш улуғ даргоҳга қадам қўйганини шунда дил-дилдан ҳис қилди. Елкасига бир юк – масъулият туцшганлигини ҳам сезди. 

Анча синовлардан ўтиб, ишга кирганида хизмат гувоҳномасини оиласига бориб кўрсатгачгина унинг давлат идорасига ишга қабул қилганига ишонишди. Ўша кун ҳам байрамона ўтди... 

Эҳ-ҳе... яна қанча гувоҳномалар олинмади дейсиз? 

Ва ниҳоят! Ўзига тегишли энг сўнгги гувоҳнома олиниши керак эди! Умрида ўзи талашиб-тортишиб, тиришиб эришган ҳар бир ютуқдан гувоҳлик берадиган неки нарса бўлмасин китоб жавонлари орасига йиғиб юрадиган кимсага бу сафар у кераги йўқдек эди гўё! 

Бир пайтлар у ота-онаси учун бориб олганидай, энди фарзанди шу гувоҳномани олиб келди. Лекин бу хурсандчилик келтирадиган эмас, қалбни титратадиган гувоҳнома – унинг ўлими ҳақидаги гувоҳнома эди!

Бу мудҳишлик қоғози бир кимсанинг умр саҳифаси бу сохтакорлик дунёсида абадий ёпилганлигини билдирувчи  мазлумий исбот эди...

Озод Мустафоев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

ИИВ огоҳликка чақирмоқда

794 18:03 02.06.2023

Замзам қудуғи тарихи

566 16:40 02.06.2023

Алоқа компанияларининг махсус ўйинлари ҳалолми?

576 11:15 02.06.2023

Путин ва Зеленский Туркияга боради

1389 10:01 02.06.2023

Ҳожар онамиз чўри бўлганми ёки малика?

2618 17:35 01.06.2023

Белгород ўққа тутилди: ўн киши яраланган

1536 15:50 01.06.2023
« Орқага