Исботлаш йўллари ичида гувоҳлик (шаҳодат) масаласи

21:14 27.09.2017 1667

“Шаҳодат”нинг луғатда “ўзи билган нарсани баён қилиш”, “кўрсатиш” маънолари бор. Шунингдек, гувоҳлик – қатъий, шубҳасиз хабар ҳисобланади[1].

Шаръий истилоҳий маъноси – қазо мажлисида “бировнинг ҳаққини бировнинг зиммасига собит экани ҳақида хабар бериш”дир.

Гувоҳлик қабул қилиниши борасидаги шартларга кўра фақиҳлар унинг лафзлари борасида ихтилоф қилганлар. Бундай шартларга шаҳодатда ишлатиладиган лафз, қазо мажлиси ва бошқалар мисол бўлади[2].

Ҳукми:

Гувоҳликнинг иккита ҳолати бор: гувоҳликни зиммага олиш ва гувоҳликни адо қилиш (гувоҳлик бериш).

Гувоҳликни зиммага олиш – гувоҳ бўлиш ва гувоҳликни эслаб қолиш учун бир шахснинг чақирилишидир. Бу амал фарзи кифоя бўлиб, баъзилар бажариши билан қолганларидан соқит бўлади. Бир кишидан бошқа ҳеч ким бўлмаган ўринда эса ўша одамнинг ўзига фарзи айн бўлади. Гувоҳлик бериш эса зиммасидаги гувоҳликни адо қилиш учун бир кишининг чақирилиши. Бу ўша одам учун вожиб. Бунинг далили қуйидаги ояти каримадир: “Гувоҳлар чақирилганда, (келиб гувоҳлик беришдан) бош тортмасинлар”, “Гувоҳликни яширмангиз! Ким уни яширса, бас, унинг қалби осий (гуноҳкор)дир[3]”.

Машруълигининг далили:

Фақиҳларнинг иттифоқига кўра, гувоҳлик – ҳукм қилиш йўлларидан биридир. Бунинг далили Аллоҳ таолонинг: “Сизлар рози бўладиган (адолатли) гувоҳлардан икки эркак кишини гувоҳ қилинглар[4] ояти каримаси ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Даъвогарнинг зиммасига баййина-ҳужжат, гумондорнинг зиммасига қасам вожиб”, деган мазмундаги ҳадиси шарифидир.

Умматнинг ижмосига кўра, гувоҳлик ҳукмлар унинг устига бино қилинадиган ҳужжат ҳисобланади.

Ҳужжатлиги даражаси:

Гувоҳлик бошқаларга ҳам ўтувчи ҳужжатдир. Яъни, у барча инсонлар борасида собит ҳужжат, устидан ҳукм чиқарилаётгангагина тегишли эмас. Лекин ёлғиз ўзи ҳужжат бўлолмайди. Балки қазо билан бирга бўлганидагина мажбурий ҳужжат ҳисобланади. Гувоҳликнинг ҳукмлари борасидаги тафсилот “Гувоҳлик” истилоҳида баён қилинади.

Гувоҳ ва қасам билан ҳукм чиқариш:

  1. Бир гувоҳ ва қасам асосида ҳукм чиқариш борасида фақиҳлар ихтилоф қилганлар:

Имом Абу Ҳанифа, Саврий, Авзоий ва Ироқ уламоларининг жумҳури бирор нарса тўғрисида бир гувоҳ ва қасам асосида ҳукм чиқарилмайди, деганлар.

Улар ўзларининг сўзларига Китоб ва Суннатдан далил келтирганлар:

Китобдан далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти карималари: “Сизлар рози бўладиган (адолатли) гувоҳлардан икки эркак кишини гувоҳ қилинглар. Агар икки эркак топилмаса, бир эркак билан икки аёлдир[5]”. “Ва (ярашаётган ёки ажралишаётганда) ўзларингиздан (мусулмонлардан) икки адолатли гувоҳни ҳозир қилингиз[6]”. Қасам билан битта гувоҳликни қабул қилиш – нассга қўшимча қилиш бўлади. Нассга зиёда қилиш уни насх қилиш ҳукмида бўлади. Бу эса жоиз эмас. Фақат мутавотир ёки машҳур хабар билангина жоиз. Бу борада иккиси ҳам собит бўлмаган.

Суннатдан далил эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари саналади: “Инсонларга (қуруқ) даъволари билан сўраганлари берилаверганида одамлар бир-бирларининг қонлари ва молларини даъво қилишган бўларди. Бироқ даъвогарнинг зиммасида ҳужжат келтириш бор”, “Баййина-ҳужжат даъвогарнинг зиммасига, қасам ичиш эса инкор қилувчининг зиммасига вожиб”. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир даъвогарга қарата: “Икки гувоҳ ёки унинг қасами”,[7] деганлар.

Биринчи ҳадис қасамнинг барча турларини инкор қилувчига тайин қилди. Агар даъвогардан ҳам қасам қабул қилинадиган бўлса, ёки ундан қасам сўралса, қасамнинг барча турлари инкор қилувчиларнинг зиммасида бўлмай қолади.

Шунингдек, иккинчи ҳадис ҳам баййинанинг барча турларини даъвогарга, қасамнинг барча турларини инкор қилувчига тайин қилди. Шу билан бирга ушбу ҳадис тақсимот ва тарқатишни ўз ичига олган. Тақсимот эса икки хусуматчининг тақсимот воқеъ бўлган нарсалар борасида шерик бўлишини ман қилади.

Учинчи ҳадис даъвогарга фақат икки иш ўртасида ихтиёр беради. Уларнинг бири гувоҳлик, иккинчиси гумондорнинг қасами. Икки муайян иш ўртасида ихтиёр бериш ундан ташқарига чиқишни ҳам, иккисининг ўртасини жамлашни ҳам ман қилади[8].

 

 

[1] Мухторус сиҳоҳ. Лисонул араб. Мисбаҳул мунир фи ғариби шарҳил Кабир.

[2] Такмилату фатҳул қадир. 6-жилд. 280-бет. Баҳрур роиқ шарҳи канзид дақоиқ. 7-жилд. 61-бет. Ҳошиятуд Дусуқий алаш шарҳил кабир. Ийсо Ҳалабий нашри, 4-жилд. 146-бет. Ҳошияти Бужайримий алал Хатиб. 4-жилд. 359-бет. Ҳошияту Жумал ала шарҳил манҳаж. 5-жилд. 377-бет. Кашшофул қиноъ. 6-жилд. 328-бет.

[3] Бақара сураси, 282-283-оятлар. Ҳошияту фатҳил алиййил молик ала табсиратул ҳукком. Мустафо Ҳалабий нашри, 1-жилд. 205-206-бетлар.

[4] Бақара сураси, 282-оят.

[5] [5] Бақара сураси, 282-оят.

[6] Талоқ сураси, 2-бет.

[7] Икки шайх Ибн Масъуддан ривоят қилган. Файзул қадир. 4-жилд. 153-бет.

[8] Бадоиъус саноиъ. 8-жилд. 3925-бет.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!