Исботлаш йўллари ичида қасам (ямин) масаласи

08:00 05.10.2017 1787

“Ямин”нинг луғавий маъноларидан бири – “қувват ва қудрат”дир. Кейин эса бу сўз тана аъзоси, яъни ўнг қўл ва қасамга нисбатан ишлатилган.

Аллоҳ номи билан қасам ичиш “ямин” деб аталишининг сабаби шундаки, хусуматчилардан бирор тараф қасам ичиш билан қувватланади[1].

Фақиҳларнинг иттифоқига кўра, қасам ҳукм чиқариш йўлларидан бири саналади. У саҳиҳ даъводан сўнггина сўралади ва Аллоҳ номи билангина ичилади. Баъзи истиснолардан ташқари, хусуматчининг талаби билангина вужудга келади ва аниқ илм ва қатъийлик асосида бўлади. Баъзи масалалардан ташқари унда ўринбосар тайинланмайди. Одатда у хусуматни кесади, мусулмон учун ҳам, ғайри дин учун ҳам умуман унинг сийғаси бир хил бўлади. У қазо мажлисида қози ёки ҳакам қилинган киши томонидан сўралади[2].

Гумондор даъво қилувчининг ҳаққини инкор қилиб, даъвогар гувоҳ келтиролмаган пайт қасам сўралиши ўринлидир. Бу борада қуйидагича тафсилот бор: “Мажлисда даъвогарга маълум, аммо мажлисда ҳозир бўлмаган баййина ҳолатида қасамни талаб қилинади. Агар баййина узоқда бўлса ҳам қасам талаб қилинаверади”, дейдилар. Бироқ даъвогар: “Шаҳарда мавжуд гувоҳларим бор. Лекин гумондордан қасам талаб қиламан” деса, бу борада Абу Ҳанифа ва Таҳовийдан ривоят қилинган қавлга кўра Имом Муҳаммаднинг наздида қасам талаб қилишга унинг ҳаққи йўқ. Чунки қасам гувоҳнинг ўрнига бадалдир. Абу Юсуф ва Хассофдан ривоят қилинган қавлга кўра, Имом Муҳаммаднинг наздида, даъвогар қасам талаб қилишга ҳақли. Чунки бу унинг ҳуқуқи. Талаб қилса, талаби қондирилади.

Шунингдек, ҳанафийлар: “Иқрор ҳам бўлмайман, инкор ҳам қилмайман”, деган гумондорга қасам ичирилмайди, балки иқрор бўлгунича ёки инкор қилгунича ҳибс этилади, деганлар. Абу Юсуфнинг сўзларига кўра, ҳеч қандай узрсиз индамай туриб олса ҳам худди шундай қилинади. “Бадоиус саноиъ”дан нақл қилинишича, бу борадаги тўғрироқ гап – унинг бу иши инкор ҳисобланади ва у қасам ичирилади[3].

Қасам сўраш даъвогарнинг талаби билан қози томонидан амалга оширилади. Абу Юсуф тўрт масалани бундан истисно қилган. Уларда даъвогарнинг талабисиз ҳам қози қасам сўрайди.

Биринчиси, молни айби туфайли қайтариб берганда. Бунда сотиб олувчи “Молни айби билан сотиб олишга рози бўлмаганман” деб, Аллоҳ номи билан қасам ичади.

Иккинчиси, шафеъ (шуфъа талаб қилувчи): “Шуфъамни ботил қилмаганман”, деб, Аллоҳ номи билан қасам ичади.

Учинчиси, аёл киши ғойиб бўлган эридан белгиланган нафақани талаб қилса, “Эринг сенга ҳеч нарса қолдирмаган, нафақа ҳам бермаган”, деб, Аллоҳ номи билан қасам ичтиради.

Тўртинчиси, (бировнинг қўлидаги мулкни меники, деб бирор одам даъво қилганда) ҳақдор уни “сотмаганман” деб, Аллоҳ номи билан қасам ичади.

Ўликнинг зиммасидаги дайн борасидаги даъво: Барча мазҳаб имомларининг ижмоъсига кўра, даъвогар гувоҳлик билан бирга қасам ҳам ичади. Бу гумондорнинг талабисиз бўлади. Қози унга қуйидагича қасам ичиради: “Аллоҳга қасамки, қарздордан ҳақингни олмагансан, унинг номидан биров ҳам сенга қарзни тўламаган, қарзни сенинг номингдан (буйруғинг билан) биров ҳам олмаган, иш ҳақингни батамом ёки қисман кечиб ҳам юбормагансан, бировга иҳола (ўтказиб юбориш) ҳам қилмагансан, ҳузурингда ундан тўлиқ ёки бир қисм гаров ҳам йўқ”.

Бу “изтизҳор қасами”, яъни “ойдинлик қасами”, “қазо қасами”, “истибро (ўзини оқлаш, зиммасидан соқит қилиш) қасами” деб ҳам номланади.

Барча мазҳаб фақиҳлари қасам моллар ва молга алоқадор нарсаларда талаб этилишига иттифоқ этганлар[4].

Никоҳ, ражъат, ийло, истилод (чўридан фарзанд кўриш), қуллик, валийлик ва насабга оид ишларда қасам ичиришда ҳанафийлар ихтилоф қилганлар. Зикр қилинган масалаларда имом Абу Ҳанифа қасам ичириш йўқ, деган. Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад қасам ичирилади, деганлар. Фатво иккисининг сўзларига берилган. Мол туфайли ўғрига қасам ичирилади. Қасамдан бош тортса, молга зомин бўлади. Бироқ қўли кесилмайди. Имом билан соҳибайн ўртасидаги юқорида зикр қилинган ихтилоф даъво қилинаётган ҳақ мол бўлмаган ўринда. Агар даъво молни ҳам ўз ичига олса, барчанинг наздида, қасам ичирилади.

Имом ва соҳибайн ўртасидаги никоҳ ва ундан кейинги масалалардаги қасам борасида мавжуд бўлган ихтилофга сабаб шуки, кишидан қасам ичиш талаб қилинса-ю, у бош тортса, даъвогарнинг фойдасига ҳукм чиқарилади. Қасамдан бош тортиш эса имомнинг наздида, иқрор бўлиш ва тўлашни эҳтимол қилади. Ушбу ишларда эса тўлаш амалга ошмайди. Соҳибайннинг наздида эса қасамдан бош тортиш – фақат иқрор ҳисобланади[5].

Ҳанафийлар наздидаги саҳиҳ қавлга кўра, (шунингдек бу шофеъий ва ҳанбалийлар қавли ҳам ҳисобланади) гумондорнинг қасами – қасам пайтидагина хусуматни кесади. Даъвогар баййина топса, қайта хусумат қилиши мумкин. Чунки қасам гувоҳ бўлмаганда қўлланиладиган чора. Гувоҳ топилганида қасам асосида чиқарилган ҳукм бекор бўлади. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қасам ичган одамни шеригининг ҳаққидан воз кечишга буюрганлар[6]. Шунга кўра, даъвогар гумондорни қасам ичирса-ю, сўнг қилган даъвосига икки гувоҳ келтирса ёки ўзи у билан бирга қасам ичиши учун битта гувоҳ топса, шунга ҳукм қилинади[7].

Қасам талаб қилиш ҳуқуқи

Қасам талаб қилиш аслида даъвогарнинг ҳақи ҳисобланади. Даъвогарнинг ўрнига унинг вакили, васийси, валийси ёки вақф нозири ҳам айни ҳуқуқдан фойдаланиши мумкин. Гумондор ўрнига ҳеч ким қасам ичиши жоиз эмас. Фақат гумондор кўзи ожиз, соқов ёки кар бўлса, унинг ўрнига валийси ёки васийси қасам ичиши мумкин бўлади[8]. Агар гумондор кар бўлса-ю, аммо ёзишни билса, қози ундан ёзув орқали жавоб сўрайди. Ёзишни билмаса, ишора билан жавоб беради (қасам ичади).

Қасам ичиладиган нарсалар

Аллоҳ таоло ёки Унинг сифатларидан бири билан қасам ичилади. Бунинг далили: “Ким қасам ичмоқчи бўлса бас, Аллоҳ таоло номи билан қасам ичсин. Бўлмаса қасамни тарк қилсин[9]” ҳадисидир. Талоқ ва шунга ўхшаш нарсалар каби Аллоҳдан бошқа билан қасам ичса, гарчи хусуматчи туриб олса ҳам қасам ҳисобланмайди.

Яҳудийга “Мусога Тавротни нозил қилган Аллоҳга”, деб қасам ичирилади. Насронийга эса “Исога Инжилни нозил қилган Аллоҳга” деб қасам ичирилади. Мажусийга “Оловни яратган Аллоҳга” деб қасам ичирилади. Бутпарастга “Аллоҳ Таоло билан” деб қасам ичирилади. Чунки у Аллоҳ таолони тан олади. Соқовга қасам ичиришда қози унга: “Агар фалон-фалон нарса бўлса, сенинг зиммангда Аллоҳнинг аҳди ва мисоқи бор”, деб айтади. Шунда агар у боши билан “ҳа” ишорасини қилса – қасам ичган бўлади. Қози унга “Аллоҳга қасамки...” демайди. Агар шундай деса, қозининг ўзи қасам ичган бўлиб қолади.

Қасам нимага нисбатан ичилади

Агар даъво мутлақ мулк ёки ҳақ борасида бўлса, қози хулосага қасам ичиради. Яъни, Аллоҳга қасамки, мен томонимдан унга бериладиган фалон нарса ҳам, унинг бир бўлаги ҳам йўқ”, деб қасам ичади.

Қасамнинг бадалини бериш ва қасам борасида сулҳ қилиш

Гумондор ўз қасамининг бадалини бериши вау тўғрида сулҳ қилиши мумкин. Бунга “Обрўларингизни молларингиз билан ҳимоя қилинг[10]” ҳадиси далил бўлади. Яна Усмон розияллоҳу анҳунинг ўз қасамларининг бадалини берганлари ва: “(Қасамим) бир тақдирга (тақдирнинг аччиғига) тўғри келиб қолиб, одамларнинг “қасам ичганди, уқубатга дучор бўлди” ёки “бу қасамининг ёмонлиги”, дейишларидан қўрқдим”, деганлари ривоят қилинган. Ундан сўнг инкор қилувчи асло қасам ичмайди. Чунки у даъво борасидаги ҳаққини соқит қилди. Шунингдек, соҳиби карам инсонлар ҳам тақво юзасидан қасамдан тийиладилар.

Аммо даъвогар аввал талаб қилиб, сўнг қасддан сулҳ ва тўловсиз қасамни соқит қилган бўлса, бу билан қасам соқит бўлмайди ва қасам ичира олади. Чунки қасам ичириш – қозининг ҳуқуқидир[11].

Қасамни оғирлаштириш

Фақиҳларнинг иттифоқига кўра, қасамни оғирлаштириш жоиз. Бироқ фақиҳлар қасам нима билан оғирлаштирилиши борасида ихтилоф қилганлар.

Жумҳур фақиҳларнинг наздида ва ҳанафийларнинг бир қавлига кўра, замон, макон ва ҳолат билан қасам оғирлаштирилади. Бу хатарли нарсаларда амалга оширилади. Бунга никоҳ, талоқ, лион, валоят, ваколат ва нисобга етган мол мисол бўлади. Замон билан оғирлаштиришга асрдан кейин ҳамда иқомат ва азоннинг орасидаги вақт мисол бўлади. Макон билан бўлганига Макка аҳли учун рукн билан мақом ораси, Мадина аҳли учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбари олди, Макка ва Мадина аҳлидан бошқалар учун энг катта масжид бунинг мисоли бўлади. Ҳолат билан оғирлаштиришга мисол: баъзи уламоларнинг сўзларига кўра қиблага юзланган ҳолда, тик туриб қасам ичишдир.

Ҳанафий машойихларининг аксари қасам оғирлаштирилмайди, деганлар. Бир қавлда эса солиҳликда танилган инсонга қасам оғирлаштирилмайди, дейилган.

Ҳанафийлардан қасамни оғирлаштириш жоиз, деганларнинг баъзилари (оғирлаштириш) Аллоҳнинг сифатларидан бир сифатни зикр қилиш билан амалга оширилади, деганлар. Масалан, қози: “Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган, ғайбни ҳам, маълумликни ҳам билувчи, Раҳмон ва Раҳим бўлган, пинҳон билан ошкорадан бирдек огоҳ Аллоҳга қасамки, мана бу фалончининг фалон-фалон даъво қилаётган нарсаси ҳам, ундан бир бўлаги ҳам меннинг зиммамдаги нарса эмас”, деб қасам ичиради. Қози қасамни оғирлаштиришда бунга қўшимча қилиши ёки камайтириши мумкин. Ҳанафийларнинг наздида замон ва макон билан оғирлаштириш йўқ. Чунки мақсад кимнинг номи билан қасам ичилаётган бўлса, ўшани улуғлаш. Бу эса замон ва маконсиз ҳам ҳосил бўлади. Оғирлаштиришни вожиб қилиш қозига машаққат туғдиради. Зеро, барчанинг иттифоқига кўра, қасам ичирилаётган кимса (қасамнинг) оғирлаштирилган қисмидан бош тортса, қасамдан бош тортган ҳисобланмайди[12].

Ўзаро қасам ичиш

Бу ерда мурод – икки хусуматчининг қазо мажлисида қасам ичишларидир. Агар сотувчи билан харидор келишилган нархнинг, маҳсулотнинг миқдорида ёки иккисида ҳам, ёки иккисининг сифати ёхуд жинси борасида ихтилоф қилиб қолишса ва иккисида ҳам гувоҳ бўлмаса, ўзаро қасам ичишади ва барча фақиҳларнинг наздида савдони бекор қилишади. “Агар икки савдолашувчи ихтилоф қилиб қолишса, ўзаро қасам ичишади ва савдони бекор қилишади”, деган ҳадиси шариф бунга далил бўлади[13].

Икки хусуматчининг ўртасидаги шу кўринишдаги барча ихтилофлар худди шундай бўлади. Яъни ўзаро қасам ичиш билан хусумат тугайди.

Бу борада мазҳабларда тафсилотлар мавжуд бўлиб, у учун “Таҳолуф, яъни ўзаро қасам ичиш” истилоҳига мурожаат қилинади.

Қасамни бошқага буриш

Агар даъвогарнинг яроқли баййинаси бўлса, унинг фойдасига ҳукм чиқарилади. Даъвогарнинг баййинаси (далил-ҳужжати) умуман бўлмаса ёки бўлса-ю, мажлисда ҳозир бўлмаса – қози гумондордан қасам талаб қилади. Агар у қасам ичса, даъвогарнинг талаби бекор қилинади. Сабабсиз қасамдан бош тортса, даъво қилинаётган нарса мол ёки охир-оқибат молга эришишга олиб борадиган нарса бўлса, қасамдан бош тортгани учун унинг зарарига ҳукм қилинади. Қасам даъвогарга бурилмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “...Балки қасам гумондор томонидадир[14]”, “Баййина даъвогарга, қасам эса гумондорга вожиб[15]” деган сўзлари бунга далил. Бу ҳадислар қасамни гумондорга чекламоқда.

(Нукул) – қасамдан бош тортиш

Нукул (қасамдан бош тортиш) луғатда “тийилиш” маъносида келади. Қасамдан бош тортди – қасамдан тийилди, маъносида бўлади.

Истилоҳда қазо мажлисида бўлганида шу маънода келади.

Гумондор сўралган қасамдан бош тортса, бош тортганлиги асосида унинг зарарига ҳукм қилинади. Чунки у бу ҳолда ёки берган, ёки тан олган бўлади. Агар бундай бўлмаганида ўзидан зарарни даф қилиш учун қасам ичган бўларди. Юқорида зикр қилиб ўтилган ҳадисга кўра қасамни (даъвогарга) буришга йўл йўқ.

 


[1] Мухторус сиҳоҳ.

[2] Ҳошияту ибн Обидин. 4-бет. 423-бет. Бадоиъус саноиъ. 8-жилд. 3925-бет. Аш-Шарҳус сағир. 4-жилд. 210-211-бетлар. Ҳошияти Бужайримий алал Хатиб. 4-жилд. 333-бет. Кофий фи фиқҳил ҳанбалий. 3-жилд. 484-бет.

[3] Шарҳуд дурр. 4-жилд. 423-бет. Ҳошиятуд Дусуқий алаш шарҳил кабир. Ийсо Ҳалабий нашри, 4-жилд. 130-бет. Табсиратул ҳукком. 1-жилд. 171-бет. Одобул қози. 182-бет. Ал-Муғний. 10-жилд. 201-бет.

[4] Ҳошияту ибн Обидин. 4-жилд. 423-бет. Ал-Фуруқ. 4-жилд. 143-бет. Табсиратул ҳукком. 1-жилд. 196-бет. Мунтаҳал иродот. 2-жилд. 680-бет. Ниҳоятул муҳтож ила шарҳил Минҳож. 8-жилд. 330-бет.

[5] Ҳошияту ибн Обидин. 4-жилд. 423-бет.

[6] Аҳмад, Насоий, Ҳоким Ибн Аббосдан ривоят қилганлар. Ибн Ҳазм ровийларидан бири туфайли ҳадисни иллатли, деган. Аҳмад Муҳаммад Шокир санади саҳиҳ, деган. Талхисул ҳабир. 4-жилд. 209-бет. Муснади Аҳмад. 4-жилд. 244-бет.

[7] Ниҳоятул муҳтож ила шарҳил Минҳож. 8-жилд. 335-бет.

[8] Ҳошияту ибн Обидин. 4-жилд. 425-бет.

[9] Бу ҳадисни икки шайх, сунан соҳиблари ривоят қилишган. Бир ривоятда “қасамни тарк қилсин” ўрнига “жим бўлсин” келган. Насбур роя ли аҳодисил Ҳидоя. 3-жилд. 295-бет.

[10] Бу ҳадисни Хатиб ўзининг Тарихида Абу Ҳурайрадан, у Оишадан ривоят қилган. Бу заифдир. Унинг тўлиғи қуйидагича: “Сўрадилар: Эй Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, қандай қилиб молларимиз билан обрўларимизни ҳимоя қиламиз? У зот: “Шоирга, тилидан қўрқадиганларингизга берасизлар”, дедилар”. Оиша розияллоҳу анҳодан Дайламий ҳам ривоят қилган. Файзул қадир.  3-жилд. 560-бет.

[11] Ҳошиятуд Дусуқий алаш шарҳил кабир. Ийсо Ҳалабий нашри, 3-жилд. 311-бет. Ниҳоятул муҳтож ила шарҳил Минҳож. 8-жилд. 324-бет. Ҳошияти Бужайримий алал Хатиб. 4-жилд. 350-351-бетлар. Ал-Муғний. 4-жилд. 528-529-бет. Ҳошияту ибн Обидин. 4-жилд. 446-бет.

[12] Баҳрур роиқ шарҳи канзид дақоиқ. 7-жилд. 233-бет. Табсиратул ҳукком. 1-жилд. 184-бет. Ниҳоятул муҳтож ила шарҳил Минҳож. 8-жилд. 330-бет. Мунтаҳал иродот. 2-жилд. 682-бет.

[13] “Агар икки савдолашувчи ихтилоф қилиб қолишса, ўзаро қасам ичишади ва савдони бекор қилишади” ҳадиси. Уни сунан соҳиблари, Ҳоким ва бошқалар Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан турлича ривоят қилишган. Санади заиф. Танқиҳнинг соҳиби айтади: зоҳир бўлишича Ибн Масъуднинг ҳадиси барча йўлларига кўра асли бор ҳадис. Ҳатто далил қилса бўладиган саҳиҳ ҳасандир. Бироқ лафзида ихтилоф бор. Валлоҳу аълам. Насбур роя ли аҳодисил Ҳидоя. 107-205-бетлар. Талхисул ҳабир. 3-жилд. 30-32-бетлар.

[14] “Балки қасам гумондор томонидадир” ҳадисининг тахрижи юқорида келтирилди.

[15] “Баййина даъвогарга...” ҳадисининг тахрижи юқорида келтирилди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!