Соғлиқни сақлаш вазирлиги иш берувчилардан ходимларини 2022 йил 20 январга қадар коронавирусга қарши эмланишини таъминлашни сўради.
Вазирликнинг қайд этишича, пандемиянинг аҳоли турмуш даражаси ва мамлакат иқтисодига салбий таъсирини олдини олиш ҳамда ривожланган давлатлар тажрибасига таяниб, юртимизда оммавий эмлашга алоҳида эътибор берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг 2021 йил 17 июлдаги 11-сон қарорида 18 ёшдан катта аҳоли қатламини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 113-моддасига кўра, ходим эмланишни рад этса, иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли.
«Шуларга кўра, сиздан ходимларингизнинг 2022 йил 20 январга қадар коронавирусга қарши эмланишини таъминлашингизни ҳамда сабабсиз эмланмаганларни ишга қўймаслик чораларини кўришингизни сўраймиз», – дейилади вазирлик баёнотида.
Эмлашга қарши тиббий кўрсатмалари бор фуқаролар бундан мустасно. Тиббий чекловлар рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлигининг интернетдаги ресурсларида мавжуд.
Йигирма нафардан ортиқ эмланувчиси бор ташкилотларга эса сайёр эмлаш бригадасини жалб этиш имконияти яратилган. Эмлаш бепул амалга оширилади.